Қумқўрғон тумани ҳокими Р. Гаппаровнинг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан аҳлига байрам табриги

Ассалому алайкум, ҳурматли тумандошлар, жондек азиз қадрдонлар.
Жонажон Ўзбекистонимизнинг давлат мустақиллиги эълон қилинганига 29 йил тўлди. Тарих зарварақларига 1991 йилда 1 сентябрь – Мустақиллик куни деб зарҳал ҳарфлар билан ёзилди. Бу қутлуғ сана ҳар йили халқимизнинг азалий орзулари ушалган кун, миллий байрам сифатида нишонланмоқда. Қалбимизни фахр-ифтихорга тўлдирган Мустақиллик байрамини ҳар доим хурсандчилик, меҳнат ютуқлари билан кутиб олиш анъанага айланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев халқимизнинг соғлиги ҳамма нарсадан улуғлигини инобатга олиб пандемия шароитида Мустақиллик байрамини ўтказиш тартиби  ҳақида кўрсатмалар берди. Жойларда катта йиғин ва сайилларни ўтказишни чеклаш, улуғ санани оила даврасида нишонлаш зарурлигини таъкидлади. Шунга асосан бу йилги энг улуғ, энг азиз байрамимизни “Сен-қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида шод-у хуррамлик билан кутиб олаяпмиз.
Шу ўринда 2020 йилда туманимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот беришни жоиз деб ўйлайман. Бир қатор соҳаларда ўсиш суръати юқори бўлиб, қувонарли натижаларга эришдик. Бу қуйидаги кўрсатгичларда ўз ифодасини топди. 2020 йилнинг 1 август ҳолатига жами 1878 та корхона ва ташкилотлар фаолияти рўйхатга олинди. Туман бўйича бу йил январь-июль ойлари мабойнида 6720,2 минг АҚШ доллари қийматидаги ташқи савдо айланмаси қайд қилинди. МДҲ давлатларига 1414,6 минг АҚШ доллари қийматидаги ташқи савдо айланмаси амалга оширилди. Бошқа давлатларга ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 131,4 фоиз кўрсатгичга эришилиб, жами 5305,6 минг АҚШ доллари миқдоридаги ташқи савдо айланмаси бажарилди. Экспорт бўйича ўтган йилгига нисбатан ўсишга эришилди. Бунда МДҲ давлатларига 1073,9 минг АҚШ доллари қийматида, яъни ўтган йилдагига қараганда 133,2 фоиз, бошқа давлатларга 4728,3 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотлар экспорт қилиб, ўтган йилга нисбатан 167,5 фоизга ўсишга эришилди. Шу вақт давомида чакана товар айланмаси 289,2 миллиард сўмни ташкил этди.
Туманимизда бунёдкорлик ишларига ҳам эътибор қаратилмоқда. Йилдан йилга янги қурилган биноларнинг сони ошаяпти. Қумқўрғон шаҳри янгича гўзаллик ва кўринишга эга бўлмоқда. Замонавий қулайликлар бунёд этилаётганлиги натижасида аҳолининг турмуш даражаси ривожланмоқда. Бу йилнинг 7 ойи мобайнида қарийб 97 миллиард сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш суръати ўсди. Жами 237 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, 184 фоиз ўсиш суръатига эришилди. Истеъмол товарлари ишлаб чиқаришда ҳам қувонарли ишлар амалга оширилди. Жумладан, 52 миллиард сўмлик истеъмол товарлари ишлаб чиқарилиб, ўсиш суръати 159 фоизга тенг бўлди.
Иқтисодий фаолият турлари бўйича бозор хизматлари ишлаб чиқариш кўрсатгичлари самарали бўлганлигини айтиш зарур. Бу йил январь-июль ойларида 118 миллиард сўмлик хизматлар кўрсатилди. Шу жумладан, асосий турлар бўйича алоқа ва ахборотлаштириш, молиявий, транспорт, автотранспорт, яшаш, овқатланиш, савдо, кўчмас мулк билан боғлиқ, таълим, соғлиқни сақлаш, ижара, компьютерлар, маиший товарларни таъмирлаш, меъморчилик, муҳандислик изланишлари, техник синовлар ва таҳлил соҳасидаги, шахсий, бошқа хизматлар бўйича юқори кўрсатгичлар қайд этилди.
Янги кичик бизнес субъектларини ташкил этиш прогноз кўрсатгичлари бўйича бу йил 676 та субъект очиш режалаштирилган эди. 7 ой давомида шундан 639 та ташкил этилди. Тумандаги тижорат банклари томонидан аҳоли бандлиги, истеъмолини таъминлаш, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ишларини ривожлантириш, қурилиш учун, таълим олиш, корхоналарга куз ва баҳор мавсуми учун захира жамғармасига ва бошқа мақсадларда кредитлар ажратилди. Туман бўйича Агро банк, Халқ банки, Микрокредит банк, Миллий банк, Қишлоқ қурилиш банк томонидан жами 1920 та ҳолатда 114 миллиард сўм миқдорида кредит берилди. Жумладан, “Ҳар бир оила тадбиркор”дастури асосида 574 та лойиҳага қарийб 14 миллиард сўм, “Ёшлар-келажагимиз” дастури бўйича 6 нафар ёш тадбиркорга 530 миллион сўм, савдо ва тижорат корхонларига 147 та ҳолатда 17 миллиард сўм савдо кредити, 1075 нафар аҳолига 14 миллиард сўм, 16 нафар фуқароларга 71 миллион сўм таълим кредити берилди.  Шунингдек, Фермерлар кенгаши томонидан 2 ҳолатда 2 миллиард сўм, 1 нафар аҳоли бандлигини таъминлаш учун 30 миллион сўм, 2 ҳолатда корхоналарга қиш ва баҳор мавсуми учун захира жамғармаси учун 586 миллион сўм, қурилиш учун 1 миллиард 95 миллион сўм ва яна бошқа соҳалар учун жами 65 миллиард сўмга яқин бошқа кредитлар ажратилди.
Қишлоқ хўжалиги соҳаларида эришаётган ютуқларимиз салмоқли бўлаяпти. Бу йил пиллакорларимиз учун янги пиллахона қуриб, етиштирилган “кумуш тола”ларни қабул қилиш сифати ва маданиятини оширдик. Бундан руҳланган пиллакорларимиз 200 тонна 361 килограмм пилла топшириб, туманимизнинг шартнома режасини ошириб бажарди. Ғаллакорларимизнинг меҳнати ҳам мақтовга лойиқ. Улар 8183,8 гектар майдондан режадагидан анча кўп 26180 тоннадан зиёд ғалла топширишга эришди. Халқимизнинг нон ва нон маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондиришга улкан хирмон тўплади.
Пахтакорларимиз жорий қишлоқ хўжалиги йилини муваффақиятли якунлаш учун азм-у қарор қилишган. 190 та фермер хўжалиги ва “Термиз Жайхун” кластери далаларида пахта етиштириш ишлари қизғин амалга оширилди. Жами 7952 гектардаги ғўза навлари агротехника талаблари асосида парваришланди. Туман бўйиича 25371 тонна пахтани йиғиб-териб, қабул пунктларига топшириш режалаштирилган. Ҳозир терим мавсумига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Бунинг учун 6 та пахта қабул қилиш маскани тайёрланди. Далаларда терилган пахталарни ташиш учун 82 та транспорт тракторларни, 164 та тиркамаларни ишлатиш назарда тутилаяпти. Пахта йиғим-терими ишларини уюшқоқлик билан бажариш мақсадида 169 та терим отряди тузилди. 17500 нафар теримчи пахта ҳосилини нес-нобуд қилмай, ўз вақтида териб олишга жалб этилади. Уларга етарлича шароитлар яратиш мақсадида этаклар, торозилар, қозон-ўчоқлар, самоварлар, сув идишлари тайёрланмоқда. Шунингдек, ғўза баргларини тўкиш учун ОВХ техникалари ва дефолиантлардан фойдаланилади. Йил давомида омилкорлик билан қилган меҳнатнинг ижобий натижаси кузда маълум бўлади. Қишлоқ хўжалиги ходимлари, пахтакорлар, механизаторлар пахта топшириш шартнома режасини шараф билан бажаради деб ўйлайман.
Туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бу йил ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла, оила ва хотин-қизлар билан ишлашда муайян натижаларга эришаяпти. Бу янги ташкилот қошида “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази” ташкил этилди. Тумандаги 61 та маҳалла фуқаролар йиғинида яшаётган аҳолидан жами 707 та мурожаат қайд қилинди. Уларнинг хоҳиш-истаклари инобатга олиниб, кўнгилли волонтёрлар ёрдамида автомашиналарда озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Муҳтарам Президентимиз томонидан пандемия шароитида аҳоли орасидаги ижтимоий ҳимояга муҳтожларга бир марталик моддий ёрдам пули берилганидан барча хурсанд бўлди. Туманимизда жами 776 та ижтимоий ҳимояга муҳтож ва “Темир дафтар” га киритилган оилага 737 миллион сўм бир марталик пул маблағлари етказиб берилди. Бундан ташқари, “Темир дафтар”га ёзилган оилалар ва уларнинг оила аъзолари ҳам мавжуд 4 та сектор кесимида Республика бюджети ҳисобидан қўллаб-қувватланди. 1096 та оилага 1 миллиард 91 миллион сўм пул маблағи берилди. “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳам саховатпешалигини кўрсатди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган 39 та оилаларга “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан жами 103 миллион сўм моддий ёрдам кўрсатилди. 2020 йил июнь-август ойларида “Жонажон юртим ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман” шиори остида хонадонлар ва кўчаларда ҳаракатлар режаси амалга оширилди. Маҳаллалар ҳудуди, кўчалар, хонадонлар янада обод ва кўркам бўлиши, аҳолининг осойишталигини сақлаш тадбирлари намунали ташкил этилди. “Обод хонадон”, “Обод кўча”, “Обод маҳалла” тадбирларида назарда тутилган вазифалар изчил амалга оширилмоқда. Бу тадбирларда тумандаги барча маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳли фаол қатнашиб ўз ҳудудларидаги кўчалар, хонадонлар, маҳалланинг тоза-озода, саранжом-саришта бўлиши учун меҳнат қилди. Умуман қўлга киритилаётган натижаларга ҳамжиҳатликда эришмоқдамиз. Истиқлол байрамини барчамиз биргаликда улкан ютуқлар билан кутиб олаётганимиздан бахтиёрмиз. Осмонимиз ҳамиша мусаффо, юртимиз тинч бўлишини, халқимиз фаровон яшашини тилайман.
Бетакрор Ватанимиз равнақи йўлида садоқат билан хизмат қилишдан ҳеч қачон толмайлик, чарчамайлик! Барчамизга, жонажон юртимизнинг камолини, фарзандларимиз ва набираларимизнинг бахт-у иқболини кўриш насиб этсин! Ўзбекистонимиз доимо гуллаб яшнасин!