Иш қизғин олиб борилмоқда

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан республикамизнинг барча ҳудудларида “ақлли” ҳисоблагичларни босқичма-босқич ўрнатиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Бу каби ишларнинг олиб борилиши Сурхондарё вилоятида ҳам самарали йўлга қўйилган. “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали томонидан аҳоли хонадонларига мазкур ҳисоблагичларнинг ўрнатилишида барча куч ва воситалар жалб қилинган. “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали тасарруфидаги 16 та туман ва шаҳаргаз бўлимлари томонидан ҳозирги кунга қадар жами 11870 дона автоматлаштирилган ҳисоблагичлар ўрнатилди. Берилган топшириқлар ижросини тезкорлик билан амалга ошириш ва истеьмолчиларни замонавий электрон газ ҳисоблагичлари билан кенг қамровли таъминлаш мақсадида “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиалига 120 нафар малакали пайвандчи ва чилангарлар шартнома асосида ишга қабул қилинди. Бу эса ўз навбатида 120 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаш билан бир қаторда, ишлар самарадорлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Табиий газни ҳисобга олишни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини соҳага тадбиқ этиш орқали, тизимда қарздорлик билан боғлиқ муаммо ва узилишларни вужудга келишини олди олинмоқда. Шу билан бир қаторда йўқотишларни камайтириш ҳамда табиий газдандан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари тўғрисида таъминотчини вақтида огоҳлантирилишига эришилади. Шу ўринда яна бир нарсани қайта такидлаш жоизки, ушбу ўрнатилаётган замонавий электрон газ ҳисоблагичлар “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали томонидан 100 % тўлиқ бепул ўрнатилмоқда. Айни вақтда замонавий “ақлли” газ ҳисоблагичларни аҳоли хонадонларига сифатли ўрнатиб берилиши борасидаги ишлар изчиллик билан давом эттирилмоқда.

«Ҳудудгаз Сурхондарё» газ таъминоти филиали матбуот хизмати