Сурхондарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашининг 2015-2020 йиллардаги фаолияти якунларига бағишланган ҳисобот-сайлов конференцияси МАТБУОТ ХАБАРНОМАСИ

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Устави, Сурхондарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Низоми ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги касаба уюшмалари ташкилотларида ҳисобот-сайловларни ўтказиш тўғрисидаги Низомга мувофиқ ҳар беш йилда касаба уюшма ташкилотларида амалга оширилган ишлар сарҳисоби билан меҳнат жамоаси ҳамда кенг жамоатчиликни таништириш мақсадида ҳисобот сайлов конференциялари бўлиб ўтади.

Шунга мувофиқ жорий йилнинг 17 август куни Термиз шаҳрида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг навбатдаги VIII-ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.

Конференцияда бошланғич ташкилотлардан сайланган делегатлар, таклиф этилган ҳамкор ташкилотлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Ҳисобот-сайлов конференциясида бирлашма раиси А.Ахмедов томонидан касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг 2015 йил июль ойидан
2020 йил июл ойига қадар бўлган даврдаги фаолияти юзасидан воҳада меҳнаткашлар, уюшмага аъзо корхона, ташкилот ва муассасалар ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, уларни моддий- маънавий, ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, саломатлигини тиклаш, ёшлар айниқса, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш орқали уларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишларини эришиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан батафсил маълумот бериб ўтилди.

Ҳисобот даврида бирлашма тизимида янги иншоатлар қуриш, капитал таъмирлаш ҳамда реконструкция қилиш соҳасида салмоқли ишлар амалга оширилганлиги таъкидланди. Жумладан, 2016 йилда Сариосиё туманидаги 250 ўринли «Хонжиза» болалар оромгоҳи тўлиқ капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиниб, бутунлай янги қиёфа касб этди. 2017 йилда Шеробод туманидаги 250 ўринли «Бешбулоқ-Сурхон-Шеробод» болалар оромгоҳи қайтадан қурилиб, Республикадаги энг чиройли оромгоҳларидан бирига айланди. Шу йили Термиз шаҳрида Амударё соҳилида барча шароитларга эга бўлган, замонавий технология ютуқлари асосида жиҳозланган 200 ўринли «Амударё» болалар оромгоҳи фойдаланишга топширилди. Қайд этиш керакки, мазкур касаба уюшмалари тасарруфида оромгоҳларнинг ҳар бирида ёзги мавсумда 1000 нафардан зиёд, умумий ҳисобда 3000 нафардан ортиқ болалар мароқли дам олиб хордиқ чиқариб келмоқдалар.

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг малакали тиббий хизматдан ва дам олиш ҳуқуқидан фойдаланиш каби конституцион ҳақ-ҳуқуқларини амалга ошириш бугунги куннинг устувор масасаларидан бири бўлиб ҳисобланади. ҳисобот даврида касаба уюшмалари бу борада ҳам фаолиятни янги босқичга кўтарди. Таъкидлаш керакки, ҳисобот даври бошида, яъни 2016 йилга қадар вилоятимизда касаба уюшмаларига қарашли бирорта санаторий йўқ эди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан
2017 йилда 160 ўринли «Термиз марвариди» санаторийси ишга туширилди. Бугунги кунда бу ерда йилига 5000 нафарга яқин меҳнат ходимлари ва уларнинг ота-оналари, оила аъзолари ўз соғлиқларини тикламоқда. Мазкур санаторияга нафақат маҳаллий аҳоли балки чет эл фуқароларига ҳам сифатли тиббий ҳизмат кўрсатаётганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Ўтган давр мобайнида ўз соғликларини тиклаш мақсадида Россия, Қозоғистон, Афғонистон, Тожикистон каби мамлакатлардан 100 нафардан ортиқ чет элликларнинг ташриф буюрганликлари бунинг яққол далилидир.

Охирги уч-тўрт йилда «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» деган тамойил асосида, халқимиз ҳаётини тубдан яхшилаш бўйича кенг кўламли ижтимоий ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Республика Президентининг Парламентга Мурожаатномасида аҳоли саломатлиги профилактикаси аввало олис қишлоқлардан бошланиши ва бунга жавоб берадиган яхлит тизим бўлиши кераклиги қайд этилди.

Юртбошимиз 2018 йил 19-20 январь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида воҳа аҳолисининг истакларини ҳисобга олиб, Олтинсой туманида аҳолига қулай шарт-шароит яратиш, уларнинг мароқли ҳордиқ чиқариб, соғликларини тиклаши учун барча шароитларга эга соғломлаштириш масканини барпо этиш ҳақида мутасаддиларга топшириқлар берган эди. Шундан сўнг, туман марказига «Хўжаипок» зиёратгоҳининг шифобахш суви 26 км масофага қувурлар орқали олиб келтирилди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ажратилган 85,0 млрд. сўм маблағ ҳисобидан 200 ўринли замонавий «Хўжаипок» соғломлаштириш маскани қурилиб, жорий йилнинг 30 май куни фойдаланишга топширилди. Бу воқеа Сурхон аҳлига олам олам қувонч бахш этди.

Мазкур санаторийнинг бошқаларидан фарқли жихати шундаки, бу ерда даволаниб, соғлигини тиклаётганлар ҳамда аҳоли вакиллари айниқса, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишларини таъминлаш учун 10 минг дона китоб фондига эга бўлган кутубхона, 200 ўринли маданият саройи, сузиш ҳавзаси ҳам барпо этилиб ишга туширилди. Санаториянинг ишга туширилиши натижасида
150 та иш жойи яратилди. Иш жойларининг 120 таси хотин-қизлар ва ёшлар учундир.

Бу каби бунёдкорлик ишларини давом эттирган ҳолда касаба уюшмалари томонидан 2021 йил якунига қадар «Хўжаипок» зиёратгоҳининг ўзида
200 ўринга мўлжалланган “Хўжаипок ота” дам олиш маскани МЧЖ ҳамда Денов ва Сариосиё туманлари чегарасида «Наврўздара» ҳудудида 7 қаватли 250 ўринли санаторийни қуриб фойдаланишга топширилиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда мазкур ҳудудларда ишлар бошлаб юборилган.

ҳисобот конференциясида аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш мақсадида мамлакатимиз Президенти томонидан олиб борилаётган кучли ижтимоий сиёсатини қўллаб-қувватлаб, бу борадаги амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлашда касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этиб келаётганлиги қайд этилди. Хусусан, ҳисобот даврида бирлашма томонидан кам таъминланган, ногирони бор, боқувчисини йўқотган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 46 жуфт келин-куёв ҳамда 355 нафар кам таъминланган оилалар фарзандларининг суннат тўйлари ўтказиб берилиб, ушбу мақсадга 1,1 млрд. сўм, 20 нафар ногиронларга тикув машиналари олиб бериш учун 31,5 млн. сўм маблаҚ сарфланди ва 20 та янги иш ўринлари яратилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил
12 сентябрдаги «Аҳолини кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўҚрисидаги» 3268-сонли қарорига мувофиқ,
2017-2018 йилларда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, маҳалла фуқаролар йиғинлари, вилоят Хотин-қизлар қўмиталари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, «Нуроний» жамғармаси ҳамда бошқа қатор жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ҳудудларда уйма-уй юриб, аҳолининг ижтимоий ҳимояга мухтож, кам таъминланган қатламлари муаммолари ўрганилди. Ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар рўйхатлари шакллантирилиб, мазкур рўйҳат асосида ўтган давр мобайнида касаба уюшмалари томонидан вилоятдаги 65 та кам таъминланган оилага янги уй-жой қуриб берилди, 490 та оилаларнинг уй-жойлари таъмирлаб берилди, 3010 та оилага маиший техника воситалари ҳамда 168 та оилаларнинг касал бўлган аъзолари даволаниб соҚликларини тиклашлари учун моддий ёрдамлар кўрсатилди. Ушбу мақсадларга жами 16,1 млрд. сўм маблағ сарфланди.

Шунингдек, касаба уюшмалари томонидан уйма-уй юриб шакллантирилган рўйхатлар асосида вилоят марказий ва тижорат банклари томонидан 971 та кам таъминланган оилаларга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун зарур бўлган 9,1 млрд. сўмлик 4 фоизли имтиёзли кредит маблағларини ажратиб берилишига кўмаклашилди.

Жорий йилнинг 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида «Қандай қийин бўлмасин, ёшлар, хотин-қизлар, кам таъминланган, қийин шароитларда яшаётган аёлларга манзилли ёрдам берамиз, уйма-уй юриб аҳволини ўрганамиз. Битта аёлнинг аҳволини яхшилай олсак, одамларнинг кайфияти, оилаларда вазият ўзгаради» деб таъкидлаган эдилар. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ишчи гуруҳи жорий йилнинг май ойида вилоятимиз шаҳар, туманларида бўлиб, жами оғир шароитда яшаётган 1708 та оиланинг яшаш шароитларини ўрганди. Оилалардаги ҳал этилиши лозим бўлган 2146 та муаммолар рўйхатга олинди. Мазкур муаммоларни ҳал этиш мақсадида ҳар бир ҳудуд учун Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Сенати, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда вилоят ҳокими томонидан тасдиқлаган алоҳида манзилли дастурлар ишлаб чиқилди.

Ушбу тасдиқлаган дастурлар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йил сентябр-октябр ойларида Олтинсой ва Сариосиё туманларида 3 та йирик лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган.

Қайд этиш керакки, шаҳар, туманлар бўйича тасдиқланган манзилли дастурлар асосида оғир шароитда яшаб келаётган хотин-қизларларга, уларнинг ҳоҳиш-истакларини инобатга олган ҳолда уйма-уй юриш орқали шакллантирилган рўйҳатга асосан жорий йилнинг 1-ярмида Президентимиз топшириғи билан ажратилган 4,0 млрд. сўм маблағлар ҳисобидан ишсиз хотин-қизларга 580 та янги иш ўринлари яратилди. Бундан ташқари, сотиб олиб берилган гилам тўқиш дастгоҳлари ҳамда маиший техника воситалари туфайли 1247 нафар аёлларнинг уй шароитида бандлиги таъминланди. Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш эса оилаларга барқарор даромад манбаи яратиш демакдир. Зеро, энг катта ислоҳат – ҳар бир оиланинг нури бўлган оналарни, хотин-қизларни рози қилишдир.

Конунчиликда касаба уюшмаларининг меҳнатга ва ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид қонун ҳужжатлари ишлаб чиқишда қатнашиш соҳасидаги ҳуқуқидан самарали фойдаланиш чоралари кўрилди. ҳодимларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ташкилот раҳбари ҳамда касаба уюшмалари ўртасида имзоланган жамоа шартномалари бажарилишини таҳлил этиш жараёнида меҳнаткашлар томонидан кўтарилган муаммолар хусусида бевосита фикр алмашиш мақсадида ҳар йили ҳокимлик, бошқарма, идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари иштирокида «Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар» мавзусида Давра суҳбатлари ўтказиб келинмоқда.

Бугунги кунда юқори технологиялар ҳаётга кенг кириб келаётган бир даврда ходимларнинг иш жойлари хавфсизлигига бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда. Шуни инобатга олган ҳолда, ўтган давр мобайнида жамоа шартномаларига меҳнат муҳофазаси бўйича 375 мингдан ортиқ тадбирлар киритилиб, уларнинг 371 мингдан ортиғи ёки 98,9 фоизининг ижроси таъминланган. Жамоа шартномаларининг ижтимоий йўналтирилган таркибий қисми кучайтирилиши натижасида, уларда кўзда тутилган тадбирларни бажариш учун ўрта ҳисобда бир ходимга сарфланган маблағ миқдори ўтган беш йил давомида 4 бараварга ошиб, ҳар бир ходимга 2 миллион 468 минг 700 сўмга етди.

Ўтган давр мобайнида 768 тадан ортиқ корхона, ташкилотларда меҳнат муҳофазаси қоида ва меъёрларига риоя этилиши ҳолати ўрганилиб, 4542 та қоидабузарликлар аниқланди, касаба уюшмаларининг талаби билан уларнинг 4520 таси бартараф этилди.

Ҳисобот даврида ишлаб чиқаришда 78 та бахтсиз ҳодиса юз бериб, уларда 36 нафар ходим ҳалок бўлган, 42 тасининг оқибати эса ходимларнинг оғир жароҳат олиш билан тугаган. Касаба уюшмалари ана шу оилаларга ёрдамга келиб, 72 та оилага жами бўлиб 786 млн. сўм тавон пули ундириб берди.

Ҳисобот даврида ижтимоий йўналтирилган йил дастурлари доирасида жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 100 минг 679 нафар ходимлар ва оилаларга 5 млрд. 352 млн. 800 минг сўмлик ижтимоий кўмак чоралари қўлланилди.

Энг асосийси, жамоа келишувлари ва шартномаларини тузиш бўйича музокараларни олиб бориш, уларнинг бажарилиши бўйича муҳокамаларни ўтказиш тартибга солиниб, унга қатъий амал қилиниши йўлга қўйилди.

ҳисобот даврида нодавлат сектори корхоналарини касаба уюшмаларига жалб этишда ўсиш тенденцияси кузатилиб, янги касаба уюшмаси ташкилотлари тузилган нодавлат сектори корхоналари сони аввалги 5 йилга нисбатан
4,5 баробарга ошиб, 8589 тани ташкил этган ва уларда меҳнат қилаётган қарийб 61050 нафар ходимларнинг жамоа шартномалари орқали ижтимоий ҳимояси таъминланган.

2015-2020 йилларда 44148 нафар касаба уюшма аъзоларининг республика ва вилоятнинг тарихий жойларига саёҳатлари уюштирилган бўлса, 12605 нафардан ортиқ меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларига касаба уюшма бюжети ҳисобидан санаторий, дам олиш уйларга имтиёзли йўлланмалар берилди.

Ходимларнинг санаторийларда дам олиш ва даволаниш учун замон талабига жавоб берадиган шароитларнинг яратилиши натижасида, талаб йилдан-йилга ошиб бормоқда. ҳисобот даврида санаторийларда ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан 4973 нафардан зиёд меҳнаткашлар дам олдилар ва ўз саломатликларини тикладилар. Шундан, 496 нафари бепул соғломлаштирилган.

Ҳисобот йилларида аҳолининг фарзандларини ҳам дам олдириш ва соҚломлаштиришга эътибо қаратилиб, ёзги мавсумларда жами 100457 нафар болалар  ёзги дам олиш оромгоҳларида соғломлаштирилди, касаба уюшмалари маблаҚлари ҳисобига 26337 нафар кўп болали ва кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари бепул ва имтиёзли йўлланмалар билан таъминланди.

Ташкилот фаолияти самарадорлигини оширишда бошланғич ташкилотларнинг роли ва аҳамияти катта. Шу нуқтаи назардан   бошланғич ташкилотларга амалий ёрдам кўрсатишнинг аниқ тизими жорий этилиши, ўтган беш йил давомида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан 2000 дан ортиқ бошланғич ташкилотлар фаолияти билан танишиш, муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш имкониятини яратди.

Ҳисобот даврида фуқаролардан турли тармоқлар ва ҳудудлардан вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасига тушган 5054 та мурожаатлар белгиланган тартибда кўриб чиқилди. 2356 таси ижобий ҳал этилган бўлса, 2698 тасига ҳуқуқий маслаҳат ва йўналишлар берилди.

ҳисобот даврида касаба уюшмалари томонидан 30 га яқин давлат ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Муҳими, бу ҳамкорлик вилоят, шаҳар ва туманлар, айрим ташкилотлар билан эса бошланғич ташкилотлар даражасида ҳам олиб борилди.

Ҳисобот сайлов конференцияда фаолиятга алоқадор бошқа масалалар юзасидан ҳам масъулларнинг ахборотлари тингланди. Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг ўтган беш йилликдаги фаолияти қониқарли деб топилиб, келгуси беш йилликдаги амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар, режалар атрофлича кўриб чиқилиб, тегишли таклиф тавсиялар ишлаб чиқилди. Якунда конференция делегатлари янги таркибни ва бирлашма раиси лавозимига кўрсатилган номзодни бир овоздан қўллаб-қувватладилар.