Суд адолат мезони бўлмоғи лозим

Мамлакатимизда қонун устуворлиги ва адолат барқарорлигини таъминлаш, фуқароларнинг Конституция ва қонунларда белгилаб қўйилган ҳуқуқлари, эркинликларини таъминлаш, қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилишга қаратилган туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнларда, айниқса, суд ҳокимиятининг мустақиллигини амалда таъминлаш, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш, судларнинг очиқлиги ва шаффофлигига эришиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.07.2020 йилдаги ПФ-6034-сонли “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бу борада яна бир тарихий қадам бўлди.
Ушбу Фармон билан суд тизимида бир қатор янги ислоҳотлар амалга оширилиши кўрсатиб ўтилди. Хусусан, Фармон талабига кўра, 2021 йил 1 январдан вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилади. Бунинг натижасида ҳар бир вилоятда жиноий, фуқаролик ва иқтисодий судларнинг алоҳида-алоҳида фаолият юритиши, бир-биридан мустақил иш кўриши, фуқаролар ва тадбиркорларнинг у суддан – бу судга қатнайвериб сарсон – саргардон бўлишларининг олдини олишга қаратилган.
Шунингдек, судларда ягона суд амалиёти шакллантирилиб, муайян қонун нормаси судлар томонидан турли хил талқин этилишларининг олди олинади.
Бундан ташқари, 2021 йил 1 январдан туман (шаҳар) маъмурий судлари негизида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлар ташкил этилади. Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилади.
Энг асосийси, Фармонга мувофиқ, суд тизимига 2021 йил 1 январдан бошлаб ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали “бир суд – бир инстанция” тамойили жорий этилиши ҳисобланади. Ушбу янги тамойил фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жуда муҳим афзалликка эга ҳисобланади. Шу ўринда ушбу тамойилни соддароқ тарзда тушунтирадиган бўлсак,
биринчи босқич — (туманлараро, туман (шаҳар) судлари).
Иккинчи босқич — апелляция (вилоят судлари).
Учинчи босқич — кассация (Олий суд).
Юқорида кўрсатиб ўтилган ана шу уч босқичда ҳар қандай иш ўзининг қонуний ечимини топади. Бу янгиликнинг жорий этилиши натижасида халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг эътирозига сабаб бўлаётган, эскилик сарқити бўлган, ўз номи билан одил судловнинг мазмун-моҳиятига мутлақо тўғри келмайдиган назорат тартибида ишларни кўриш амалиётидан тўлиқ воз кечилди.
Бундан ташқари, суд мустақиллигини амалда таъминлаш, одил судлов сифатини ошириш ҳақида гап кетганда, Фармонга кўра, прокурорнинг айрим ҳуқуқлари чекланмоқда. Эндиликда прокурор суднинг ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ва қарори бўйича ишларни фақат ушбу ишлар юзасидан тарафлар мурожаат этган тақдирда, суддан чақириб олиб, ўрганиши мумкин бўлади. Бошқа ҳолларда прокурор ишларни чақириб олишга ҳақли эмас. Шу билан бирга, прокурорнинг фуқаролик ва иқтисодий ишларни кўришдаги иштироки ҳам қатъий чегараланади. Агар бу ишлар бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган бўлса, қонунда назарда тутилган истиснолардан ташқари, прокурор ўз ташаббуси билан бу ишларни кўришда қатнаша олмайди. Бошқача айтганда, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ўртасидаги низоларни ҳал этишда прокурорнинг иштироки истисно этилади.
Фармон билан жорий этилаётган яна бир янгилик шундан иборатки, жиноят ишини кўришда янги институт-дастлабки эшитув босқичининг киритилиши жиноят ишининг кўриб чиқилишига тўсқинлик қиладиган омилларни тез аниқлаш ва бартараф этишга хизмат қилади. Шунингдек, жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида иш юзасидан қарорларни тортишув тамойили асосида тарафлар иштирокида қабул қилиш тартибининг белгиланиши ҳам одил судлов одамларнинг кўз ўнгида, очиқ-ошкора, шаффоф тарзда амалга оширилишига ва адолат қарор топишига хизмат қилади.
Фармонда судлар фаолиятига ахборот коммуникация технологияларини янада кенг жорий этиш бўйича Дастур лойиҳаси ишлаб чиқиш вазифаси ҳам белгиланган. Шуни таъкидлаш лозимки, судлар фаолиятида замонавий ахборот технологияларни кенг жорий этиш судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, фуқароларнинг судларга мурожаат қилиш имкониятларини кенгайтиришда ўта муҳим ўрин тутади.
Президентимизнинг 2017 йил 30 августда қабул қилинган 3250-сонли қарори айни шу мақсадга қаратилган эди. Қарорда белгиланган вазифаларнинг амалий ижроси судлар фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва тезкорлигини таъминлаш, шунингдек, судларда иш юритиш сифатини ва аҳолининг одил судловга эришиш даражасини оширишда сезиларли ижобий таъсир кўрсатди.
Умуман айтганда, Президентимизнинг ушбу тарихий Фармонида белгиланган муҳим вазифалар моҳият-эътибори билан кафолатли суд ҳимоясини таъминлаш борасидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этишга, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичларини бекор қилишга, инвесторлар ҳуқуқларининг ишончли суд ҳимоясида бўлишини таъминлашга, суд органларининг амалдаги тузилмасини замон талаблари ва халқаро стандартларга уйғунлаштиришга хизмат қилади.
Ж.Чориев,
Қумқўрғон туман адлия бўлими катта маслаҳатчиси, 3-даражали юрист