Олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча давлат гранти квоталари асосида ўқишга қабул қилиш тартиби

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 июндаги
417-сонли қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасаларига ногиронлиги бщлган шахсларни қўшимча давлат гранти квоталари асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча квота асосида ўқишга қабул қилиш тоифасига умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси (академик лицей, касб-ҳунар коллежи)ни тугатганлиги ҳақидаги ҳужжатга ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги тўғрисида белгиланган тартибда берилган шаклдаги маълумотномага эга I ва II гуруҳ ногиронлари, шунингдек ногирон болалар киради.

Қабул жараёнида олий таълим муассасаси ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг  ҳудудий бошқармаси вакилларидан иборат таркибда олий таълим муассасасида ногиронлиги бўлган шахслардан ҳужжатлар қабул қилиш комиссияси ташкил этилади.

Ногиронлиги бўлган шахслардан ҳужжатлар қабул қилиш комиссияси таркибига Ўзбекистон ногиронлар жамияти вакили ҳам киритилиши мумкин.

Қуйидагилар ногиронлиги бўлган шахслардан ҳужжатларни қабул қилиш комиссиясининг асосий вазифалари этиб белгиланади:

ногиронлиги бўлган шахслар билан касбга йўналтириш бўйича суҳбатлар ўтказиш;

ногиронлиги бўлган шахслардан ариза ва ҳужжатларни қабул қилиш.

Абитуриент олий таълим муассасасининг қабул комиссиясига тақдим этиши лозим бўлган ҳужжатларга қўшимча равишда ногиронлиги бўлган шахслар ногиронликни тасдиқловчи ҳужжатнинг аслини шахсан (ёки ишончли вакили томонидан) кўрсатган ҳолда, нусхасини тақдим этиши талаб этилади.

Ногиронлиги бўлган шахслар томонидан кириш имтиҳонлари (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон) олий таълим муассасаларининг бакалавриатига қабул қилиш бўйича белгиланган тартибларга мувофиқ топширилади.

Кириш имтиҳонларида тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг 30 фоизидан кам бўлмаган балл тўплаган ногиронлиги бўлган шахслар баллар кетма-кетлигига қатъий риоя этилган ҳолда, қўшимча икки фоизли давлат гранти квоталари доирасида талабаликка тавсия этилади.

 «Мадад» ННТ нинг Қумқурғон туман ҳуқуқий маслаҳат бюроси бош мутаҳассиси  Маматов Фахриддин