Иш берувчининг буйруғи ноқнуний экан, ходим ўз вазифасига ишга қайтди

“Ўзбекистон касаба уюшмалари тўғрисида”-ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 45-моддасида “ Касаба уюшмаларининг инспекторлари ўз фаолиятини амалга ошириш чоғида: судларда ва меҳнат низоларини кўриб чиқадиган бошқа органларда ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун ўз ташаббусига кўра ёҳуд ходимларнинг илтимосига биноан вакиллар сифатида иштирок этиш вазифасига юклатилган.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сурхондарё  вилояти кенгашига меҳнат ҳуқуқ инспектори З.Холов томонидан  фуқароларнинг мурожаатлари юзасидан уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя  қилинди

Жумладан, даъвогар Хасанова Ойбарчин Эшмўминовнанинг жавобгари Қумқўрғон туман маҳалла ва нуронийларни қўллаб қувватлаш бўлимига нисбатан “Ишга тиклаш ва маънавий зарарни ундириш ҳақида” ги даъво ариза юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судига мурожаат қилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судининг 2022 йил 23 августдаги Ҳал қилув қарорига кўра даъво ард қилинган.

Мазкур қарордан норози бўлиб, апелляция тартибида  даъвогар шикоят қилган.

Аниқланган ҳолатларга кўра, О.Хасанова Қумқўрғон туманидаги “Жозиба” маҳалла фуқаролар йиғини кенгашининг 2020 йил 20 апрелдаги №24-сонли йиғилиш баёнига кўра “Жозиба” маҳалла фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалари бўйича ўринбосари лавомига ишга қабул қилинган.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси Қумқўрғон туман бўлимининг 2020 йил 20 апрелдаги №95-соннли буйруғига кўра О.Хасанованинг ишга қабул қилинганлиги эътироф этилган.

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида“ги №ПФ-5938-сонли Фармонинг 16-бандида “Фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий маънавий масалалар бўйича ҳамда ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосарлари, шунингдек, оила ва хотин қизлар масалалари бўйича мутахассиси фуқаролар йиғини раиси тақдимига асосан фуқаролар йиғини кенгаши томонидан лавозмига тасдиқланади ва лавозимидан озод этилади” деб кўрсатилган

Ўзбекистон  Республикаси МК нинг 107-моддасида “Меҳнат шартномасини бекор қилиш, ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар томонидан амалга оширилади ва буйруқ билан расмийлаштирилади…” деб кўрсатилган.

Мазкур нормаларнинг талабларига кўра  Хасанова Ойбарчинга нисбатан иш берувчи Қумқўрғон тумани “Жозиба” маҳалла фуқаролар йиғини  кенгаши ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 1 март кунидаги “Оила ва хотин қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-81-сонли фаромонинг 7-банди талабига кўра “Ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овулда, шунингдек, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллардаги ҳар бир маҳаллада маҳалла раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари ҳамда оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассис лавозими ўрнига хотин-қизлар фаоли лавозими маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартиби сақланган ҳолда бир нафардан жорий этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 2022 йил 01 мартдаги №ПҚ-146-сонли қарори талабларга кўра маҳалла раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари ҳамда оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассис лавозимлари қисқартирилган. Мазкур қарорнинг 4-иловасидаги туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимларининг  намунавий тузилмасида маҳалла раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари штат бирлиги кўрсатилмаган, балки мазкур штат бирликларнинг ўрнида маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари штат бирликлари жорий  қилинган, яъни маҳалла фуқаролар йиғинидаги маҳалла раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари штат бирликлари қисқартирилган.

Штатлар жадвалида ўзгариш бўлганлиги сабабли, иш берувчи (“Жозиба” маҳалла фуқаролар йиғини кенгаши) Хасанова Ойбарчин билан тузилган меҳнат шартномасин бекор қилиш нияти ҳақида 2022 йил 7 март куни ёзма равишда огоҳлантириб, 2022 йил 07 майдаги №9-сонли қарорига асосан у билан тузилган меҳнат шартномаси 2022 йил 07 майдан бошлаб бекор қилинган. Туман маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлимининг 2022 йил 07 майдаги №47-В сонли буйруғига  асосан  мазкур асос бўйича О.Хасанова билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилинганлиги инобатга олинган.

Иш берувчи О.Хасанова билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишда бир қатор хатоликларга йўл қўйганлиги аниқланди:

1.Жумладан, Ўзбекистон Республикаси МК нинг 102-моддаси 1-қисми 1-бандида “Меҳнат шартномаси технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги… бекор қилинганда камида икки ой олдин ёзма равишда имзо чектириб огоҳлантириши шарт деб кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси МК нинг  13-моддасида”Ушбу Кодекс меҳнат ҳуқуқлари ва бурчларининг вужудга келиши ёки бекор бўлиши билан боғлайдиган муддатнинг ўтиши унинг бошланиши белгиланган календарь куннинг эртасидан эътиборан бошланади. Башарти муддатнинг сўнгги куни ишланмайдиган кунга тўғри келса, ундан кейин келадиган биринчи иш куни муддат тугайдиган кун деб ҳисобланади” деб кўрсатилган.

Иш берувчи О.Хасановани 2022 йил  07 март куни ёзма равишда огоҳлантирган, аммо огоҳлантириш муддатининг ўтиши 2022 йил 08 мартдан бошлаб ҳисобланади ва 2022 йил 8 май куни тугайди. 8 май якшанба дам олиш куни ва 9 май  “Хотира ва қадрлаш куни” байрами бўлганлиги сабабли, меҳнат шартномаси 2022 йил 10 май куни бекор қилиши лозим эди, аммо иш берувчи мазкур моддаларнинг талабларини бузиб, икки ойлик огоҳлантириш муддати тугамасдан туриб, О.Хасанова билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиб хатоликларга йўл қўйган.

2.Ўзбекистон Республикаси МК нинг 92-моддаси 2-қисмида “Агар объектив сабабларга кўра (100-модда иккинчи қисмининг 1, 2 ва 6-бандлари ва 106-модданинг 2-банди) меҳнат шартномасида белгилаб қўйилган меҳнат вазифаси доирасида ишни давом эттириш мумкин бўлмаса, иш берувчи ходимга мутахассислиги ва малакасига мувофиқ келадиган ишни (ходим бажараётган ишига ёки эгаллаб турган лавозимига номувофиқ бўлса, мутахассислиги бўйича бир мунча кам малака талаб этиладиган бошқа ишни), бундай иш бўлмаган тақдирда эса, — корхонада мавжуд бўлган бошқа ишни таклиф этиши шарт. Ходим бошқа ишга ўтишдан бош тортган ёки корхонада мувофиқ келадиган иш бўлмаган тақдирда, меҳнат шартномаси умумий асосларда бекор қилиниши мумкин” деб кўрсатилган.

Иш берувчи  томонидан О.Хасановага ишлар таклиф қилинмаганлиги ва иш билан таъминлаш чоралари кўрилмаганлиги аниқланди.

Ўзбекистон Республикаси МК нинг 101-моддаси “Башарти жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, шартномани бундай розиликни олмай туриб бекор қилишга йўл қўйилмайди.

Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш марказининг 2021-2023 йиллар учун мўлжалланган жамоа шартномасининг 3.4.-бандида “Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш фақатгина касаба уюшмаси қўмитасининг олдиндан розилигини олиб амалга оширилади” деб кўрсатилган.

“Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контрактни) бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида”-ги Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарорининг 21-банди талабига “Ходим билан меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббусига кўра касаба уюшмаси ёки бошқа вакиллик органининг розилигисиз бекор қилингани аниқланса, суд меҳнат шартномаси бекор қилинганлигини ноқонуний деб топади ва ходимнинг ишга тиклаш ҳақидаги талабини қаноатлантиради” деб кўрсатилган.

Иш берувчи  Хасанова Ойбарчин билан меҳнат шартномасини Ўзбекистон Республикаси МК нинг 100-моддаси 2-қисми 1-бандига асосан бекор қилишда, МК нинг 102.13,92.101-моддалари талабларини бузганлиги сабабли, Сурхондарё  вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанция судининг 2022 йил 14 декабрдаги ажримига кўра Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судининг 2022 йил 23 августдаги Ҳал қилув қарорини бекор қилиб,  даъвогар О.Ҳасанованинг даъвосин   қаноатлантириб, Қумқўрғон тумани “Жозиба” маҳалла фуқаролар йиғини кенгашининг 2022 йил 07 майдаги №9-сонли қарори ҳамда туман маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлимининг 2022 йил 07 майдаги №47-В сонли буйруғи ғайриқонуний деб бекор қилди. Хасанова Ойбарчин“Жозиба” маҳалла фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалари бўйича ўринбосари лавомига 2022 йил 7 апрелдан бошлаб тикланди. Мажбурий бекор юрган вақтлари учун 15017904 (ўн беш миллион ўн етти минг тўқиз юз тўрт сўм)сўм ва 2100.000( икки миллион юз минг) сўм миқдорида маънавий зарар ундириб берилди.

Меҳнат ҳуқуқ инспектори:                                                      З.Холов

Жисмоний ва юридик шахсларнинг  мурожаатлари

 билан ишлаш бўйича бош мутахассиси:                            Т.Давлатов