ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ДАВЛАТ БАЙРОҒИ

“Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида”ги қонун 1991 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқариЎтказилган VII сессиясида қабул қилинган.Давлат байроғи ва унинг рамзи бугунги Ўзбекистон сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқлигини англатади ҳамда республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради.

Байроқдаги мовий ранг тириклик мазмуни акс этган мангу осмон ва обиҳаёт рамзи. Тимсоллар тилида бу – яхшиликни, донишмандликни, ҳалолликни, шон-шуҳрат ва садоқатни билдиради. Бинобарин, Амир Темур давлати байроғининг ранги ҳам мовий рангда эди. 
Байроқдаги оқ ранг – муқаддас тинчлик рамзи бўлиб, у кун чароғонлиги ва коинот ёритқичлари билан уйғунлашиб кетади. Оқ ранг – поклик, беғуборлик, софликни, орзу ва ҳаёллар тозалиги, ички гўзалликка интилишнинг тимсоли. 

Яшил ранг – табиатнинг янгиланиш рамзи. У кўпгина халқларда навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади. 

Қизил чизиқлар – вужудимизда жўшиб оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларини англатади. 

Навқирон ярим ой тасвири бизнинг тарихий анъаналаримиз билан боғлиқ. Айни пайтда у қўлга киритилган мустақиллигимиз рамзи ҳам. 
Юлдузлар барча учун руҳоний, илоҳий тимсол саналган. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғидаги 12 юлдуз тасвири ҳам тарихий анъаналаримиз, қадимги йилномамизга бевосита алоқадор. Бизнинг Ўн икки юлдузга бўлган эътиборимиз Ўзбекистон сарҳадидаги қадимги давлатлар илмий тафаккурида нужум илми тараққий этганлиги билан ҳам изоҳланади.

Давлат байроғимиздаги 12 юлдуз тасвирини ўзбек халқи маданиятининг қадимийлиги, унинг комилликка, ўз тупроғида саодатга интилиши рамзи сифатида тушуниш лозим.

Мустақил Ўзбекистоннинг давлат рамзлари халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, шу азим юртда яшовчи ҳар бир фуқарога ғурур, ифтихор бағишлайди. Шу боис, байроғимиз ёки гербимизга назар солганимизда ёки мадҳиямиз янграганда қалбимизда ғурур ва буюк истиқболга,яъни янги Ренессансга ишонч туйғусининг кучайганини ҳис этамиз. Давлат рамзларимизга бўлган ҳурмат ва эътибор кучаётгани, давлат рамзларимизнинг ҳуқуқий асосини, маънваий илдизларини кенг жамоатчиликка етказиш давр талабига айланмоқда.

Агар тарихга назар ташласак, байроқ – инсоният тарихини акс эттирадиган ўзига хос рамздир. Чунончи, дастлабки байроқлар олис ўтмиш қаърида, эрамиздан аввалги III-II минг йилликда пайдо бўлиб, улар қабилаларни бир-биридан фарқлаб кўрсатувчи белги сифатида қўлланилган. Кейинчалик улар ҳукмдорлар, лашкарбошиларнинг ҳукмронлигини билдирадиган рамзга айланган.  Чунончи, оқ байроқ кўтарилиши, тинчлик ва барқарорлигини англатса, қора байроқ эса, босқинчилик, урушни анлатган.

Ҳозирги пайтда эса байроқлар давлат мустақиллиги рамзи саналиб, унда мамлакатнинг миллий ўзига хослиги, тарихи акс этади.

Бизнинг ҳудудимизда ҳам байроқлар жуда қадим замондан пайдо бўлиб, биз уларни қадимги адабий ёдгорликларда, тасвирий санъат асарларида кўришимиз мумкин.

Фирдавсийнинг “Шоҳнома”сида темирчи Кова коржомаси этагини байроқ қилиб кўтариб, халқни золим шоҳ, одамхўр Заххокка қарши қўзғолонга бошлагани ҳикоя қилинади. Алишер Навоийнинг “Садди Искандарий” достонида Искандар қўшини  “байроқлар остида” Доро лашкарига қарши жанг олиб боргани келтирилган.

Амир Темур давлатида байроқ давлатнинг мустаҳкам ва қудратли эканлигини ифода этган. Ундаги уч доира ҳам ўз маъносига эга бўлган.

Кейинчалик Заҳириддин Бобур байроқларида эса, ўзига хослик бошқа байроқлардан кенглиги, энли матодан қалинлиги, ҳажм жиҳатдан катталиги билан ажралиб турган.  Эътиборли жиҳати, давлатчилик тарихида  байроқ аждодларимиз учун озодлик, куч-қудрат, жасорат, ғалаба тимсоли бўлган. Соҳибқирон Амир Темур салтанатида давлат туғи адолат, буюк куч-қудрат рамзи ҳисобланган. Жангу жадалларда юксак мардлик ва жасорат белгиси сифатида энг кучли баҳодирларга ҳадя қилинган. Бобомиз Нажмиддин Кубро ёв қўлида шаҳид бўлса-да, чангалида маҳкам тутган яловни ҳеч ким ололмаган.

Мустақил Ўзбекистон байроғи сарҳадимизда қадимдан мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқликни ҳамда республикамизнинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштирган. Байроғимизда яхшилик, шон-шуҳрат, садоқат, поклик, халқнинг навқиронлиги акс этган.

   Ҳозирги тинч ва осойишта даврда давлатимиз байроғи мустақиллик ва миллийликни ўзида акс эттириб  Халқлар дўстлигида, ҳамда ҳудадларимизда ҳам 40 метр баландликдан виқор билан ҳилпираб туриши ҳар биримизга қувонч ва ғурур бахш этади.  

“Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи республика давлат суверенитетининг рамзидир”. Бу Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи тўғрисидаги қонунда белгилаб қўйилган бўлиб, унинг стандарт бўйича узунлиги 250 сантиметр, кенглиги 125 сантиметрга тенг. Ранг энлари кенглиги бир хил.

Янги ой ва юлдузлар тасвири мовий рангли юқори эннинг ўртасидан 70х30 сантиметрга тенг тўғри тўртбурчакка сиғадиган қилиб жойлаштирилган. Юлдузлар узунасига ва тиккасига қуйидаги тартибда жойлашади: юқори қатор уч ва қуйи қатор беш юлдуздан иборат бўлиб, бу ўн икки юлдуз тасвири туширилган.  Ўзбекистон Республикаси байроғидаги бу ўн икки юлдуз қадимги йилномамизга бевосита алоқадор. Юлдузлар сарҳадимизда қадимги давлатлар илмий тафакурида нужум илми тараққий этганлиги билан ҳам изоҳланади.

Ўзбекистон мустақилликка эришганининг дастлабки йилиданоқ мамлакат суверенитетининг муҳим белгиси – Давлат байроғига эга бўлди. 1991 йил 18 ноябрь куни «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Байроқ суверенитетимизнинг рамзи ҳисобланиши, шу билан бирга халқаро муносабатларда давлат тимсоли бўлиши мазкур қонунда белгилаб берилди.

Шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи, герби ва мадҳиясининг ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши жараёни икки ярим йилдан кўпроқ муддатни ва амалий аҳамиятга эга бўлган бир неча босқичларни ўз ичига олган.

Биринчидан, Ўзбекистон Республикасининг рамзий белгиларини ишлаб чиқишга тайёргарлик босқичи амалга оширилди. 1990 йил 30 мартда «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида»ги, 1991 йил 15 февралда «Ўзбекистон Давлат байроғи ва Давлат герби эмблемаларини ишлаб чиқиш тўғрисида»ги парламент қарорлари эълон қилинди.

Давлат байроғи, герби ва мадҳиясини қабул қилиш юзасидан конституциявий комиссия ҳамда таниқли олимлар, рассомлар, санъатшунослар, маданият ва санъат арбоблари, сиёсатшунос ва ҳуқуқшунос мутахассислардан иборат эксперт гуруҳи ва махсус комиссия тузилди.

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси давлат рамз¬лари ва уларнинг мусиқавий эквивалентини ишлаб чиқиш бўйича танлов босқичи амалга оширилди. Тайёргарлик ишлари 1991 йил 11 февралдан бошлаб юборилган бўлса, июнь ойидаёқ давлат байроғи ва герби лойиҳасига дастлабки танлов эълон қилинди. Ўзбекистон Республикасининг рамзий белгиларини ишлаб чиқиш бўйича тузилган комиссиялар байроқ ва герб эмблемаси ҳамда энг яхши мадҳия матни учун танлов эълон қилди ва бу ишга мутахассислар билан бирга кенг жамоатчилик жалб қилинди.

Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи, герби ва мадҳияси лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси босқичи амалга оширилди. Бу босқичда фуқаролар ва мутахассислар томонидан таклиф этилган давлат байроғи ва герби эмблемаларининг вариантлари, мадҳия матни ҳамда мусиқаси матбуотда ёритилиб, умумхалқ муҳокамасига қўйилди.

Тўртинчидан, Ўзбекистон Республикаси давлат рамз¬лари бўйича танлов ва умумхалқ муҳокамаси натижаларининг Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашида умумлаштирилиши босқичи амалга оширилди. Ўзбекис¬тон Республикаси давлат эмблемалари танлови бўйича дастлабки олти ой натижалари 1991 йил 31 августда иш бошлаган парламент олтинчи сессиясида кўриб чиқилди. Лекин тақдим этилган давлат байроғи эмблемаси лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллиги тўғрисидаги парламент қарорини қабул қилишда қатнашган кўпчилик депутатларни қониқтирмади ва ижодий изланишлар давом эттирилди.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов умумхалқ муҳокамаси давомида тушган таклифларнинг асосий ғояларини мужассамлаштириб, давлат байроғидаги учта асосий рангни – мовий, оқ ва яшил йўл-йўлларни ўз қўли билан чизиб, комиссияга тақдим этди. Биринчи Президентнинг ушбу ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини қабул қилишда асос вазифасини бажарди.

Ўзбекистон Республикаси парламенти еттинчи сессиясида Ўзбекистон давлат рамзларининг вариантлари қандай тайёрланаётганлиги тўғрисида конституция¬вий комиссия ахборот берди. Шундан кейин танловда ғолиб деб топилган давлат байроғи лойиҳасининг уч варианти парламент муҳокамасига қўйилди. Қизғин муҳокамалардан сўнг уларнинг иккинчиси кўпчилик овоз билан асос сифатида қабул қилинди.

1991 йил 30 сентябрь куни давлат байроғининг эмб¬лемаси парламент қарори билан қабул қилинди. 1991 йил 18 ноябрь куни парламент томонидан «Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.

Ўзбекистон суверенитетини белгилайдиган рамзлар орасида Давлат байроғи алоҳида ўрин тутади. Зеро, байроқ халқнинг ўтмиши ва бугуни, мустақиллиги, тинчлиги ва барқарорлигининг тимсолидир.

Давлатимиз байроғи Ўзбекистон Республикаси расмий делегацияларининг хорижий мамлакатларга сафарлари чоғида, халқаро ташкилотларда, конференцияларда, халқаро кўргазмаларда, спорт мусобақаларида Ўзбекистоннинг тимсоли сифатида ҳилпираб туради.

Давлат раҳбари раҳнамолигида Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги обрў-эътибори, салоҳияти, хорижий давлатлар билан изчил ҳамкорлиги тобора ривожланмоқда. Зеро, Ўзбекистон ташқи сиёсати тинчлик, ҳамкорлик ва ўзаро тенглик тамойилига асосланган. Президентимизнинг хорижий мамлакатларга ташрифлари давомида ўша юрт кўчалари бўйлаб байроғимиз ҳилпирайди. Мамлакатимиз вакиллари қатнашаётган халқаро аҳамиятга молик тадбирлар, саммитлар, анжуманлар, спорт мусобақаларида байроғимиз баланд кўтарилади. Буларнинг барчаси Ватанимиз шаъни, халқимиз ғурур ва ифтихорининг ёрқин ифодасидир.

Бугун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти биноси олдида, давлатимизнинг хорижий мамлакатлардаги дипломатик, савдо ваколатхоналари ва консуллик муассасалари бинолари олдида ҳилпираб турган, миллий ҳаво кемаларимизга тасвири туширилган Ўзбекистон байроғи барчамизда фахр-ифтихор ҳиссини уйғотади.

Давлатимиз байроғида акс этган ҳар бир ранг, белги юртимизнинг бой тарихи, миллий давлатчилигимиз, бебаҳо қадриятларимизни, Ватанимизнинг буюк келажагини ифода этади ҳамда республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғини ўрнатиш, унинг мамлакатимиз фуқаролари, шунингдек, Ўзбекистонда яшайдиган бошқа шахслар томонидан ҳурмат қилиниши қонунга асосан муҳофаза қилинади.

Давлат рамзлари қонун билан белгилаб қўйилган вақтда ва жойда ўрнатилиши, кўтарилиши, ижро этилиши ва бу жараёнга хос жиҳатларини эътиборга олиш жуда муҳим ҳисобланади.

2010 йилнинг 24 декабрида «Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзлари ҳақида»ги айрим қонун ҳужжатларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Ушбу қонунга биноан «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида» ги, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида»ги қонунлари ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Уларга асосан «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддаси тўртинчи қисмидаги «Янги ой ва юлдузларнинг» деган сўзлар «Оқ рангли янги ой ва ўн иккита оқ рангли беш қиррали юлдузларнинг» деган сўзлар билан алмаштирилди. Бу байроғимиз тасвири ҳақидаги тасаввурни янада аниқлаштирди. Маълумки, ҳилол – қўлга киритилган мустақиллигимизни, ўн икки юлдуз эса муқаддас Ватанимизда яшаётган инсонлар ҳамиша комилликка интилиши ва саодатга элтувчи йўлни танлашини билдиради. Бу жараён бевосита ва билвосита оқ ранг тимсолидаги тинчлик ва покликка дахлдордир. Қонунчиликка киритилган мазкур ўзгартиш эса халқимизнинг асрий қарашлари ва ҳаёт фалсафасига асослангани билан аҳамиятлидир.

«Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги Қонунга янги 51- ва 52-моддалар ҳам киритилиб, Давлат байроғи тасвири туширилган белгилардан фойдаланиш тартиби мустаҳкамланди.

Янги 51-моддага кўра, Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилар Ўзбекистон Республикаси Фуқаро ҳаво кемалари давлат реестри ёки Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳаво кемалари давлат реестрига киритилган ҳаво кемаларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Авиация маъмурияти ҳисобида турувчи экс¬периментал ҳаво кемаларига, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда автомототранспорт воситалари ва улар тиркамаларининг давлат рўйхатидан ўтказиш рақам белгиларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг асосий чегара белгисига қўйилади. Давлат байроғи тасвири туширилган белгилардан Ўзбекистон Республикасига тегишлиликни белгилаш мақсадида предметларда, ўқув-тарбия жараёнида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотларининг элементи сифатида фойдаланилиши мумкин. Киритилган 52-моддага биноан байроғимиз элементларини нодавлат ташкилотлари ҳужжатларининг реквизитлари ёки реклама материалларига киритилишига йўл қўйилмайди, ундан товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмас. Нодавлат нотижорат ташкилотларнинг рамзлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғига ўхшаш бўлиши мумкин эмас.

Қонунчиликдаги бундай ўзгаришлар давлатимиз рамзлари элементларидан хусусий манфаат йўлида фойдаланишнинг олдини олишга хизмат қилади. Асосийси, тарихий ва боқий қадриятларимиз асосида яратилган, халқимизнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги тимсоли бўлган давлатимиз байроғи ва гербига нисбатан ҳурматни қонун жиҳатидан мустаҳкамлайди.

Давлат рамзлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижросини таъминлаш тегишли давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига юкланиши «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги Қонуннинг 11-моддасида, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасида белгилаб қўйилди.

Мазкур қонунларнинг мос равишда 12- ва 7-моддаларида «Ушбу Қонуннинг Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналари томонидан ижро этилиши устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, бошқа давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ижро этилиши устидан назорат эса ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади», деб кўрсатилганлиги улар ижросини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Давлат рамзларидан фойдаланиш тартиб-қоидаларини назорат қилиш бўйича масъул органлар аниқ белгиланиб, илгари кўзда тутилган умумийликка барҳам берилганлиги ҳам эътиборга молик. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда рамзлардан фойдаланишда эътиборсизлик ва камчиликларга йўл қўйган раҳбар ходимлар учун алоҳида жавобгарлик белгиланганлигини айтиб ўтиш жоиз.

Шу мақсадда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс «Давлат рамзлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш», деб номланган янги 2031-модда билан тўлдирилди. Унга кўра, «Ўзбекистон Республикаси ёки Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат байроғи, Давлат герби ёхуд Давлат мадҳияси тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, – фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса – уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, – фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса – етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади».

Бугун жаҳоннинг юксак минбарларида, дунё саҳнасида, Олимпия ўйинларида ғолибликни қўлга киритган спортчиларимиз, тобора улкан куч-қудрат ва салоҳият касб этаётган ҳарбийларимиз қўлида сарбаланд бўлган юртимиз байроғи ҳар биримизга юксак ғурур, фахр-ифтихор бағишлайди. Ана шундай лаҳзаларда қалбларимизда шу байроққа, унинг тимсолида она Ватанимизга бўлган чексиз ҳурмат, чуқур дахлдорлик ҳисси жўш уради.

Давлат рамзлари – миллий суверенитетни, халқимизнинг мустақил, ўз тараққиёт йўлига эгалигини билдирадиган муқаддас тимсоллар. Уларни ҳаётимизнинг муҳим бир бўлаги деб билиш, кўз қорачиғидек асраб-авайлаш шу юртнинг фуқароси – ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Дунёда миллат ва элатлар, халқлар ва давлатлар кўп, лекин Ўзбекистон битта. Унинг байроғи ҳам ягона. Ана шу байроқ остида давлатимиз раҳбари раҳнамолигида халқимиз учун ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳаёт барпо этиш йўлида эзгу мақсадлар сари олға бораверамиз.

Х.Қулматова,

туман ФХДЁ бўлими инспектори