Конституция – эркинлик, адолат ва тенгликнинг мустаҳкам пойдеворидир

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган.

Конституция муқаддима, 6 бўлим, 28 боб, 128 моддадан иборат бўлиб, унинг 30 дан ортиқ моддалари бевосита инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига бағишлангандир.

Конституцияда давлат инсон ҳуқуқлари бўйича бир қатор мажбуриятлар олган бўлиб, уларга хусусан давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга ошириши, давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилиши, давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъул эканликларини мисол қилиб келтириш мумкин.

Фуқаролар жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этишдек сиёсий ҳуқуқлари бевосита Конституцияда мустаҳкамланган.

Асосий қомусимиз инсоннинг ижтимоий ҳуқуқларига ҳам катта эътибор қаратган бўлиб, айниқса меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш, ишсизликдан ҳимояланиш, дам олиш, ижтимоий таъминот олиш каби ҳуқуқларни алоҳида конституциявий даражада эътироф этган.

Маълумки, ҳар қандай жамият ва давлат тараққиётининг энг муҳим шартларидан бири – бу таълим сифати ҳисобланади. Шу боис ҳам Асосий қонунимизда ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга эканлиги, бепул умумий таълим олиш, илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқлари давлат томонидан кафолатланиши белгилаб қўйилди.

Шунингдек, мамлакатимизда яшовчи 130 дан ортиқ миллат ва элатларнинг ҳам ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаган ҳолатда виждон эркинлиги кафолатланган.

Конституциямизда инсон саломатлиги каби бебаҳо неъматга махсус тўхталиниб, ҳар бир инсоннинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқиқайд этилган.

Конституцияда нафақат ҳуқуқ ва эркинликлар мустаҳкамланган, балки уларни амалга оширишнинг реал имкониятларини таъминлаш чора-тадбирлари, кафолатлари ҳам яратилди. Хусусан, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кабилар кафолатланди.

Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиз деб эълон қилиниб, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас, деб белгилаб қўйилди.

Ҳуқуқ ва эркинликларимиз ўз ифодасини топган Конституциямизнинг бир неча моддасида ҳар бир шахснинг мулкдор бўлишга ҳақли эканлиги, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида экани, мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва уни тасарруф этиши белгилаб қўйилган.

Бош қомусимизда ота-онанинг фарзандга, фарзанднинг ота-онага ғамхўрлик қилиши, оила жамиятнинг асосий негизи эканлиги акс эттирилган.

Ўзбекистонда суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади.

Ўзбекистонда суд тизими – Конституциявий суд, Олий суд, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судлари, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий ва маъмурий судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари ва туман, шаҳар маъмурий судларидан иборат.

Ўзбекистон ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хилди бажарилиши устидан назоратни Бош прокурор ва унга бўйсунувчи прокурорлар амалга оширади.

Ўзбекистон фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади.

Сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган норма ва принциплар демократик ҳуқуқий давлат қуриш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Қумқўрғон туман ФҲДЁ бўлими 2-тоифали инспектори                                 К.А.Қулсоатова