Саховатли олтин куз

Тумандаги 4-сон давлат мактабгача таълим ташкилотида «Меҳржон – ҳосил байрами” муносабати билан «Саховатли олтин кузим!” номли байрам тадбири ўтказилди.
Унда муассаса тарбияланувчилари, тарбиячилар ва ота-оналар иштирок этиб, «Момақаймоі” кичик гуруҳи болажонлари томонидан тайёрланган олтин куз фаслини таърифловчи куй-қўшиқ, шеърлар ва ҳикматли сўзларни тинглашди. Болалар томонидан тайёрланган турли хилдаги салатлар, натюрмортларни томоша қилдилар. “Олтин куз”, “Бободеҳқон” ва эртак қаҳрамонларидан бўри, тулки, Ялмоғиз кампирларнинг ташрифи тадбирнинг янада қизиқарли бўлишини таъминлади. Саҳнада ”Олтин куз” болаларга ҳар бир фаслнинг алоҳида аҳамияти бор эканлигини айтиб берган бўлса “Бободеҳқон” далада чин дилдан меҳнат қилган инсонни етиштирган маҳсулоти баракали, ширин бўлиши билан бирга, йил давомида кайфияти доимо кўтаринки бўлишини ҳам тушунтириб берди. Болалар ҳам ҳар бир мева–сабзавотнинг бободеҳқонларимиз томонидан қандай етиштирилиши ва уларнинг фойдали хусусиятлари ҳақида даврадаги меҳмонларга шеърлар, саҳна кўринишлари орқали ифода этиб бердилар.
Тадбир сўнггида саҳнага чиройли саватдаги совғалари билан ташриф буюрган «Куз фасли” кичкинтойларни ўзининг сархил мевалари билан сийлади.
Ф. Тўхтаева,
Ш. Абдураимова,
4-сон давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячилари