Давлатимиз миллий сиёсатининг энг муҳим, устувор йўналишларидан бири барча миллатларнинг равнақи учун тенг шароит ва имконият яратиш, миллатлараро муносабатларни уйғунлаштиришдир.
Мазкур муҳим вазифаларни амалга ошириш мақсадида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташаббуси билан “Халқаро бағрикенглик куни”га бағишлаб мамлакатимизда 11–16 ноябрь кунлари “ Бағрикенглик ҳафталиги “ўтказилмоіда. Ҳафталик давомида турли маданий, маънавий-марифий ва илмий-амалий тадбирларни ўтказиш режалаштирилган. Айни дамда, ушбу ҳафталик доирасида тумандаги 4-мактабда “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” шиори остида маданий-маърифий тадбир ҳамда концерт дастури, шунингдек, қардош халқлар ёзувчи ва шоирлари асарлари кўргазмаси намойиши бўлиб ўтди. Тадбирга дин ишлари бўйича қўмитанинг Қумқўрғон тумани бош мутахассиси Ж. Бобоев, туман Кенгаши депутатлари М. Номозов, Р. Менгзияева, Қ.Турсунова ҳамда Д. Мўминовалар иштирок этишди. “Бағрикенглик ҳафталиги”ни ўтказишдан кўзланган мақсад – 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ўртасида дўстлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш ҳамда хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантиришдан иборат.
Р. МЕНГЗИЯЕВА