Меҳнат кодексидаги янгиликлар

Қумқўрғон туманидаги 33-мактаби фаоллар залида Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси мазмуни ва моҳиятини тушунтиришга бағишланган семинар ўтказилди.
Туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Нормўмин Алланазаров семинар ишини бошқарди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси, сенатор Бахтигул Бўтаева Меҳнат кодексига ўзгартиришлар киритилганлиги, юздан зиёд янги норма билан тўлдирилганлиги, янгиликларнинг мазмун-моҳияти ҳақида маъруза қилди. Қумқўрғон туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази раҳбари Улуғбек Сафаров Меҳнат кодексига киритилган қўшимчалар ва уларни меҳнат жамоаларида қўллаш тўғрисида гапирди. Жумладан, янги Меҳнат кодекси аввалгисидан фарқ қилади. Эски кодекс 2 қисм, 16 боб, 294 та моддадан иборат бўлган. Янги кодекс 2 қисм, 7 бўлим, 34 боб, 581 моддадан тузилган. Уларда фуқароларнинг меҳнат қилиши, дам олиши, манфаатлари ва имтиёзлари, жараёнларда дуч келадиган ҳолатларни қонун асосида ҳал қилиш тартиблари ҳақида кенг тушунчаларни берди. Халқ депутатлари Қумқўрғон туман Кенгаши котибияти мудири, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Қумқўрғон туман Кенгаши раиси Қурбон Чоршанбиев тажрибали раҳбар сифатида мазмунли фикр-мулоҳазаларини айтди. Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволлари, таклифларини билдириб, жавобларни эшитди.