Умумтаълим мактаблари ўқувчилари иштирокида «Ватан таянчи» отряди аъзоларининг тантанали ваъда бериш тадбири ўтказилди

Президент қарори билан Мудофаа Вазирлиги ҳузурида «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати, мактабларда эса унинг отрядлари ташкил этилди. Унга ихтиёрий равишда аъзо бўлган 10-11-синф ўқувчилари орасидан бир нафарига олий таълим муассасасига ўқишга кириш учун имтиёзли тавсиянома берилади. Бунда унинг ҳаракат фаолиятидаги иштироки ва мактабдаги баҳолари инобатга олинади.
Муҳтарам Юртбошимиз 2 март куни «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги [ПҚ-150-сон] қарорни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Ҳужжатга кўра Мудофаа Вазирлиги ҳузурида «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати ташкил этилди.
Давлат муассасаси бўлган мазкур ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари томонидан бошқарилади. Қумқўрғон туманида умумтаълим мактаблари ўқувчилари иштирокида “Ватан таянчи” отряди аъзоларининг тантанали ваъда бериш тадбири ўтказилди.Тадбирда туман ҳокими А.Нормаматов, сектор раҳбарлари, мутасадди ташкилот раҳбарлари иштирок этишди. “Ватан таянчи” отряд аъзоларига туман ҳокими А.Нормаматов ўз табригини ўқиб эшиттирди. Туман Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи, подполковник Суннат Худойқулов ёшларга омад тилади. Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 31 йиллиги муносабати билан ҳарбий чиқишлар қилинди. Ҳарбийлар томонидан жанговар ҳаракатлар намойиш этилди. Тинчлигимизни, Ватанимизнинг сарҳадларини душманлардан ҳимоя қилаётган мард ва жасур ҳарбийларимизнинг борлиги учун бугун замонамиз тинч ва осудадир. Туман ҳокими ҳамда сектор раҳбарлари “Ватан таянчи” отряд аъзолари билан учрашиб, келажакда шижоатли ва жасур ҳарбий бўлиб етишишлари лозим эканлигини айтишди. Халқимизнинг улуғ анъаналари ҳар доим эъзозланмоқда. Ватанга меҳр-муҳаббат, садоқат, юрт тинчлигини сақлаш ҳар доимги муқаддас вазифамиз. Бу улуғвор вазифани бажаришда тўпланган бой тажрибалар, уларни ёш авлодга ўргатишдаги эзгу ишларимиз бизга куч-қувват, ғайрат-шижоат бағишлайди.
Райҳон МЕНГЗИЯЕВА