Инсон ва тиббиёт: ҳамжиҳатлик саломатлик гарови

Қумқўрғон туман тиббиёт бирлашмаси инсонлар саломатлигини муҳофаза қилиш, зарур чоғда тиббий ёрдам кўрсатишда комплекс ишларни амалга оширмоқда. Кўп йилдирки биноларнинг талаб даражасида таъмирланиши ва жиҳозланиши намунали ҳолга келтирилаяпти. Маъмурий бинога кирган ҳар бир инсон замонавий кўриниш, тоза-озодаликдан завқланаяпти. Тиббиёт ходимларининг фаолияти доимо назоратга олинган. Ҳамжиҳатлик ва ҳамфикрлик ютуқларнинг гаровидир. Улар тиббиёт ходимларининг касб байрамини яхши кайфиятда кутиб олмоқда.
Бош ҳамшира Нигора Уроқова 27 йиллик ҳамширалик тажрибасига эга. 3 йилдирки ҳамширалар ишига бош-қош. Ҳамшираларнинг вазифаларини ўз вақтида бажариши ва жамоат ишларида фаол қатнашишига масъул. Ҳозир 1547 нафар ҳамшира меҳнат жараёнларида қатнашаяпти. Улар орасида малака оширишга бориши зарур бўлганларни аниқлаб, ўқишга жўнатаяпти. Бу йил 4 нафар ҳамшира Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида, 214 нафар ҳамшира Ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази Термиз филиалида ўқув курсларида қатнашиб келди. Ўрганган замонавий билимлари ва янгилликларни амалда қўллаяпти.
Қумқўрғон тумани кўп тармоқли марказий поликлиника ходимлари кўп йилдирки намунали тиббий хизмат кўрсатаяпти. Тумандаги 10 та: Дўстлик, Улуғбек, Беш қаҳрамон, Нефтчилар, Хуррият, Азларсой, Боғаро, Янги шаҳар, Сурхон соҳили, Жийдали маҳаллаларидаги 29600 нафар аҳоли бу тиббиёт муассасаси фаолиятидан баҳраманд бўлмоқда. Беморларни тиббий кўрикдан ўтказиш, даволаш ва профилактика ишлари бажарилаяпти. Ногиронлар, кексалар, чилла давридаги ва бир ёшгача бўлган болаларнинг уйига борилиб тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказмоқда.
Шошилинч тез тиббий ёрдам реанимация бўлимига оғир аҳволдаги беморлар қабул қилиниб, жарроҳлик ва жарроҳликдан кейинги жараёнларда даволаш муолажаларини ўтказаяпти. 8 нафар анестезиолог-реаниматолог замонавий ускуналардан фойдаланиб касбига доир ишларни бажараяпти. Чориев Бойсоат, Усанов Дурбек, Чоршанбиев Исоҳ, Розиқов Бахтиёр, Холмаматов Амир, Маматалиев Нуриддин каби шифокорлар кеча-ю кундуз меҳнат қилмоқда. 10 ой давомида 523 нафар оғир касалликлар туфайли жарроҳлик ва жонлантиришга эҳтиёжи бўлган беморларга тиббий хизмат кўрсатилиб, даволаниш бўлимига ўтказилди.
Перинатал маркази аёллар, оналар ва болалар саломатлигини сақлаш, зарур чоғда тиббий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган. Чақалоқнинг дунёга келиши учун зарур тиббий шарт-шароитлар мавжуд. Аёллар ва оналарга тушунтириш ишлари ўтказилиб, никоҳдан ўтиш ёши, туғруқхонада болани дунёга келтиришнинг нақадар қулайлиги ҳақида маслаҳатлар бераяпти. Акушер-гнеколог Аллабердиева Нодира 29 йилдан буён шу соҳада ишлаяпти. Касбдошлари Абдулламетова Гулнора, Р. Гулхарова, Аллабердиева Насиба, Аҳмедов Эргаш, Нормуродова Дилфуза, Соатмўминова Саломат тиббиётга оид билимларини амалда қўллаб, жамиятни соғлом авлод билан таъминлашга улкан ҳисса қўшмоқда.
Бу ихтисосликка чамбарчас боғлиқ чақалоқлар бўлими ривожланиб, янгиликлар кўпайди. Замонавий ускуналар ўрнатилиб, тиббиёт ходимларининг иши енгиллашди. Шифокор Жумаева Меҳри 30 йиллик иш фаолиятини бир соҳага бағишлади. Ҳамширалар Алланазарова Гўзал, эмлаш ҳамшираси Ҳафизова Сайёра билан биргаликда оналар ва чақалоқларнинг соғлом бўлиши учун жавобгарлик ва масъулиятни ҳис этиб меҳнат қилмоқда. Шунинг натижасида фарзандларини дунёга келтирган она ва чақалоқнинг саломатлиги яхши эканлигидан хурсанд бўлаяпти. Чақалоқлар бўлимида иш навбатчилик асосида ташкил этилиб, касбдошлар бир оиладек самимий мулоқотда вазифаларини бажараяпти. Ўзаро суҳбатлашиб билим ва тажрибаларини ошираяпти. Натижада аввалги йилларга нисбатан ўлим сони камайди.
Терапевт шифокор Умарова Муҳаббат ички касалликлар бўйича келган беморларни текширувдан ўтказиб, стационар ёки амбулатория шароитида даволаш муолажаларни белгилаяпти. Кунига туман бўйича 20-25 нафар беморни қабул қилаяпти. Ҳар бир беморнинг алоҳида соғлигини текширувдан ўтказиб, таҳлил қилиб, даво чораларини қўллаяпти. Шунингдек, никоҳдан ўтувчи ёш келин-куёвларни ҳам тиббий кўрикдан ўтказмоқда. Бу йил 4084 нафар ёшларнинг соғлигини текширди. Соғлом эканлигини аниқлаб, мустақил ҳаётга кузатди. Туман ФҲДЁ бўлимига маълумотнома берди.
Н. МУҲАММАДИЕВ