Газета ўқишни хоҳламайдиган киши – ҳаётга панжаранинг кичик бир тирқишидан қарашга маҳкум инсон кабидир

Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистонда мутолаа маданиятини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу бежиз эмас. Чунки бугун ёшларда китобга, адабиётга муҳаббатни шакллантирмасак, келажакда улардан юксак маънавиятни кутиш амримаҳол. Фақат чинакам адабиётгина инсонни эзгу қадриятларга ошно этади, тафаккурини бойитади, мулоҳазага чорлайди.
Илгари мактабларда дарс бошланишидан аввал беш дақиқалик “сиёсий ахборот” — газеталар шарҳи ўтказилар эди. Катта авлоднинг сиёсий етуклигига шу ҳам сабаб бўлгандир, балки. Зеро, ҳар доим сиёсий тузумнинг ўзгариши ва қайта қуриш жараёнлари одамларга ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тушунтириш орқали кечган. Ва бунда бош ролни айнан матбуот ўйнаган. Тарихга назар солсак, бунга етарлича мисолларни кўриш мумкин. Бугунга келиб айрим шахсларнинг газеталарга бефарқ муносабати эса уларнинг сиёсий билим ва маданияти қанчалик даражада эканлигини ҳам кўрсатмоқда.
Жумладан, бугунги кунда одамларнинг манфаатдорлигини ошириш учун уларга кенг имкониятлар берилмоқда. Манфаатдорлиги аввалгидан анча кўп. Шунга қарамасдан газета ўқишга ҳафсаласи йўқ одамлар ҳам орамизда топилади. Уларга ҳар хил баҳоналар қўл келаяпди. “Мажбурий обуна” давом этмоқда деган сабабларни рўкач қилишмоқда. Модомики инсоннинг дунёқарашини ривожлартиришда газетанинг ўрни катта. Қумқўрғон туманининг ижтимоий – иқтисодий, маънавий ҳаётини кенг ёритишда “Қумқўрғон садоси” газетасининг 44 йиллик фаолияти катта аҳамиятга эга. Газета саҳифаларида соҳаларга оид қонунлар, фармонлар, қарорлар мазмуни ҳамда ижроси ёритилмоқда. Уларни бажаришда соҳа фидойиларининг фаолиятида эришган ютуқлари газета саҳифалари орқали кенг оммага етказилади. Биз фаол ишлаб натижалар кўрсатган раҳбар ва мутахассисларни аҳоли билан чамбарчас боғлашда кўприк вазифасини ўтамоқдамиз. Бунда босма нашр ва газетанинг электрон шаклидан фойдаланмоқдамиз.”Қумқўрғон садоси” газетасида хабар ва мақолалари кенг қамровли, мазмундор, аниқ фактлар асосида тайёрланган ҳаққоний матнларни ҳавола этмоқдамиз. Обуначиларимиз “мажбурий” эмас балки “ихтиёрий” обуна бўлаяпди. Ўз ихтиёрлари билан ижодий ишларини газета таҳририятига олиб келишмоқда. Вилоятимизда салмоқлигина таҳририятларда газеталарнинг ўз веб сайтлари, телеграм каналлари мавжуддир. “Қумқўрғон садоси”газетасининг qumqurgon.uz веб сайти, “Qumqo`rg`on sadosi” t.me/q_sadosi телеграм канали узлуксиз равишда фаолият кўрсатмоқда.Шу кунгача таҳририят томонидан мажбурий обуна қилдирилмаган. Дунёқарашида соғлом фикр бўлган обуначи адашмайди, аксинча ҳаётга қора нигоҳ билан қарайдиган айрим қўштирноқ ичидаги кимсалар ижодий муҳитнинг моҳиятига тушунишмайди. Сизни мажбурий обуна деб чалғитмасин. Газета Сизнинг ўзингизга, оилангизга, фарзандларингизнинг тарбиясига керак. Газетани ҳеч ким ўқимайди деганларнинг ўзининг оиласида мутолаа маданияти шаклланмаган бўлади. Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганидек, “Афсуски, биз кейинги йилларда мажбурий обуна баҳонасида ихтиёрий обунани ҳам йўқ қилдик”. Бу гапнинг маъноси кўп. Бугунги кунда турли талқинларда “Мажбурий” обуна деб бонг ураётган блогерлар ўзларига ҳеч савол бериб кўришганми? Ўзларининг ижтимоий саҳифаларига жойлаштираётган рекламалар, табриклар, ҳар хил мазмундаги эълонлар учун фуқаролардан олаётган тўловлари мажбуриймикан ёки ихтиёрий. Энди ўйлаб кўринг тўлов қилмасангиз Сизнинг рекламангизни, эълонингизни, табригингизни ўз тармоқларига ҳеч қачон жойлаштирмайди. Қолаверса ижтимоий тармоқлар оммага кенг тушунча бермаяпди. Қисқа ва чалғитувчи хабар ва расмлар жамланмаси билан чекланишмоқда. Имло хатоларини кўриб таажжубга тушасиз. Ахборот хавфсизлиги борасида ҳеч нарса йўқ. Изоҳларда газета обуначига 2-3 ойдан кейин келади деб айтилмоқда. “Қумқўрғон садоси” газетаси барча обуначиларга ўз вақтида чиққан санасида кечикмасдан ташкилот ҳамда корхоналарга етказилади. Агар бошқа нашрлар етиб бормаётган бўлса бу ҳақда эътирозлар почта бўлимига ҳамда матбуот тарқатувчи масъулияти чекланган жамиятга билдиришлари керак. Биз одамларни доимо ахборотлар билан таъминлашда фаоллик кўрсатяпмиз.
Газета худди дарслик сингари барча мавзуларни, мамлакатнинг бутун тарихий йилномасини қамраб олади. Ундаги мақола – эртагаёқ эсдан чиқиб кетадиган узуқ-юлуқ фактнинг ўзигина эмас. Мақолага ҳар доим қайтиш мумкин. Керак бўлганда, яна бошдан мулоҳаза қиласан, муҳим жойларини белгилаб, ўқиганларни кейинчалик фойдаланиш учун сақлаб қўйиш мумкин. Эфирда кетган маълумотларни олганда бўлганидек ниманидир ўтказиб юбориш зинҳор мумкин эмас.
Жамиятнинг маданияти юксалишида ҳам газетанинг ўрни салмоқли. Негаки, айнан газета тил софлигини, унинг адабий-бадиий хусусиятларини, сўз юки ва қудратини нафақат сақлаб қолади, балки ошириб ҳам боради. Босма нашрда ҳар бир сўз чуқур ва кенг маъно-мазмунга эга. Газета адабий тил қоидаларига тўлиқ амал қилгани учун ҳам қадрли. Айнан босма нашрларда ишловчи журналистлар шу боис ҳам ахборот майдони элитаси ҳисобланади. Улар ўз ўқувчилари олдидаги юксак масъулиятни ҳис этган ҳолда, мулоҳазакорлик, ҳаққонийлик, ҳалоллик ва бурчга содиқликни фаолиятининг асосий тамойиллари деб билишади.
Юртимизнинг ижтимоий – иқтисодий ва сиёсий жараёнлардан хабардорликни ошириш мақсадида Президентимизнинг 2022 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ- 294-сонли қарори қабул қилинди. Бундай юксак эътибордан мамлакатимиздаги барча босма нашрлар ходимларининг боши кўкка етди. Босма нашрларни сақлаб қолиш учун Президентимиз жон куйдираётган бир вақтда нима учун барча бирдек жон куйдирмаслиги керак.
Давлатимиз раҳбари фикрига кўра, ахборот майдонидаги турли баҳс ва тортишувлар, аввало, ҳаққонийлик ва холислик тамойилларига асосланиши, қонун ва одоб қоидалари доирасида бўлиши, шахсий ғараз ва хусуматга, сохта обрў орттириш усулига айланиб кетмаслиги, инсон шахси ва шаънини таҳқирлашдан йироқ бўлиши, бундай салбий ҳолатларга бизнинг медиа майдонимизда мутлақо ўрин бўлмаслиги керак.
Сўзимиз якунида айтмоқчи бўлганимиз, айнан газеталар бу тамойилларга риоя қилган ҳолда, давр талабидан келиб чиқиб қўйилаётган вазифаларни бажаришга қодир, деб ишонамиз.
Райҳон Менгзияева,
“Қумқўрғон садоси” газетаси бош муҳаррири,
Ўзбекистон Журналистлар Уюшмаси аъзоси,
“Шуҳрат” медали соҳибаси