Амалдаги қонунчилик бўйича ногиронлиги бўлган шахсларнинг даромади қисман даромад солиғидан озод этилади

Солиқ кодексининг 380-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига  кўра, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар даромадларидан қисман (даромадлар қайси ойда олинган бўлса, ўша ойда ҳар бир ой учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 баравари  миқдоридаги даромадлар бўйича) солиқ солишдан озод этилади.

Масалан,  II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс 4 миллион сўм маош олса, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 баравари миқдори (920*3= 2 млн 760 минг сўм) дан 12% даромад солиғи ушланмайди қолган 1 млн 240 минг суммадан эса 12% даромад солиғи ушланади.

Яъни агар Сиз 4 миллион маош олсангиз 480 минг сўм эмас, балки 148 минг 800 сўм даромад солиғи тўлайсиз.

Бу имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида берилади.

Бу имтиёз I ва II ногиронлиги бор шахснинг ота-онасининг даромадларига нисбатан ҳам татбиқ этиладими?

Солиқ кодексининг 380-моддасига кўра, болалигидан ногиронлиги бўлган, доимий парваришни талаб этадиган фарзанди билан бирга яшаб уни тарбиялаётган ота ёки онага даромад солиғи камайтирилади.  Яъни даромадлар қайси ойда олинган бўлса, ўша ойда ҳар бир ой учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,41 баравари миқдоридаги даромадлар бўйича солиқ солишдан озод этилади.

Масалан, болалигидан ногиронлиги бўлган, доимий парваришни талаб этадиган фарзанди билан бирга яшаб уни тарбиялаётган ота ёки она 4 миллион сўм маош олса, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1.41 баравари миқдори (920*1.41= тахминан 1 млн 297 минг сўм) дан 12% даромад солиғи ушланмайди қолган 2 млн 703 минг сўмдам эса  12% даромад солиғи ушланади.

Яъни агар Сиз 4 миллион маош олсангиз 480 минг сўм эмас, балки тахминан 324 минг даромад солиғи тўлайсиз.

Бу имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки соғлиқни сақлаш муассасасининг доимий парвариш зарурлигини тасдиқловчи тиббий маълумотномаси асосида берилади.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунининг 12-моддаси 3-бандига кўра, болаликдан ногирон фарзандларнинг оналари уларни 8️ ёшгача тарбиялаган бўлса — иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда умумий белгиланган ёшни 5️ йилга қисқартирилган ҳолда имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эгалар.

Башарти, аёл ўгай ўғил ва ўгай қизни улар 8 ёшга тўлгунига қадар камида 5️ йил тарбиялаган бўлса, пенсия тайинлашда улар ҳақиқий фарзандлар билан тенг равишда ҳисобга олинади.

Демак, агар болаликдан ногирон фарзандни 8 ёшгача тарбиялаган оналар, иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда 50 ёшдан имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Ханифа Қулматова,

Қумқўрғон туман адлия бўлими ФҲДЁ бўлими инспектори