КЕКСАЛАР ҲАФТАЛИГИ

Халқимизда “Каттани ҳурмат қил, кичикни иззат” деган мазмунли мақол бор. Бу ҳикматли гап ҳар доим ёшларга ўргатилиши одат тусига кирган. Ақлли ва билимдон ёш авлод кекса инсонларни эъзозлаб, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатмоқда. Республикамизда 2022 йил 3 октябрдан 9 октябрга қадар “Кексалар ҳафталиги” деб белгиланди. Шу муносабат билан туманимиздаги 33-мактабда “Кексалар ҳафталиги” доирасида мактабларга бириктирилган нуронийлар иштирокида “Ёшлар нигоҳида” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Мактаб директори Э. Эргашев, нуроний Мансур Исаев, Ўзбекистон Экологик партияси Қумқўрғон туман Ижроия қўмитаси раиси, туман кенгаши депутати Бозор Янгибоев ёшларга таълим-тарбия, одоб-ахлоқ, табиатни ва экологияни асраш, келажакда Ватан, ота-она учун муносиб фарзанд бўлиб етишиш ҳақида атрофлича гапирди. Давра суҳбатида қатнашган ҳаёт тажрибасига эга нуронийлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Шундан сўнг “Янги шаҳар” маҳалласидаги кексалар ва ёшлар иштирокида шахмат-шашка спорт турлари бўйича мусобақа ташкил этилди. Муносиб тайёргарликка эга иштирокчилар эсдалик совға ва диплом билан рағбатлантирилди.
       Н. МУҲАММАДИЕВ