Муваффақиятимиз шуъласи устозлар

Аяган ҳаётнинг санчиқларидан,
Йиқилса кўтарган тўсиқларидан,
Отадек эзилган, ғуссага ботса,
Боладек қувонган ютуқларидан.
Уйқуда шогирдин ўйлаб ётган ким?
Оддий муаллим-да, оддий муаллим!
Муҳаммад Юсуф
Қоронғу тушганда манзил сари ошиққан йўловчини мактаб остонасига илк қадам қўйган ўқувчига қиёсласак, қоронғу кечада йўл тополмай қийналганида узоқдан милтиллаб кўринган чироқ шуъласини устозларга қиёслаймиз. Устозларимиз доим ўқувчилар кўнглига таскин бериб, яна олға юришга ундайди. Йўл нотекис, манзил эса ҳали олис. Илк дарс машғулотларида ёзишни ҳам ўқишни ҳам билмайдиган ўқувчиларга меҳр билан таълим беришни бошлашади. Минг битта синовларга дуч келиши, қоқилиб йиқилиши, ҳолдан тойиб, қадам босиши азоб бўлса ҳам шу биргина чироқ шуъласи томон юраверади, юраверади. Ўша бир тутам нур йўловчининг оёқларига мадор, қалбига қувват бағишлайди. Сен тўғри йўлдан одимлаяпсан, сабр қилсанг, манзилга етасан, дегандек милтиллаб ўзига чорлайверади.
Асли бу кўҳна ҳаётда ҳар бир инсон йўловчи. Оддий бир йўловчи. Кўнглида не муддаоси бор, таниш-нотаниш манзилларни излаб, баъзан ишонч, баъзида хавотир билан олға юради. Лекин шундай дамларда унга йўл кўрсатиб, мадад бериб турадиган, мушкул йўлларни хайрли томонларга бурадиган, кези келганда кўзларига нур берадиган оқибатли инсон бу шубҳасиз меҳрибон ва мушфиқ ўқитувчилардир.
Ҳар бир ўқувчини ўз фарзандидек ардоқлаб, унинг тарбияси учун кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар том маънода фидойи касб эгаларидир. Келажак авлод, илмга ташна ўғил-қизларга билим бериб келаётган устоз ва мураббийлар байрами юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда.
Ўіитувчи ва мураббийлар куни байрами муносабати билан Қумқўрғон туманидаги “Тўмарис” тантаналар саройига бир гуруҳ устоз-мураббийлар таклиф этилди. Туман ҳокими А.Нормаматов ўқитувчи ва мураббийларга байрам табригини ўқиб эшиттирди. Заҳматкаш ва меҳрибон устозларимиз учун туман маданият бўлими қошида ташкил этилган гуруҳларнинг концерт дастури намойиш этилди. Халқимиз суйган суюкли санъаткор Гулинур ижросида куй-қўшиқлар ижро этилди. Соҳа ривожи учун камарбаста бўлган ходимлардан бир гуруҳига туман ҳокимлиги томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Жумладан 5 нафар ўқитувчи “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Ҳар бир инсоннинг комил шахс бўлиб вояга етиши, жамиятимизнинг муносиб фуқароси бўлиб ҳаётга киришида ўқитувчи ва мураббийларнинг ҳиссаси беқиёс.
Улар қалбларимизни илм-маърифат зиёси билан чароғон этган мўътабар зот.

Борми мураббийдан бахтлироқ инсон,
Шогирдлари қилса юксакка парвоз.
Бошимизга тожсиз, бор бўлинг омон,
Табарруклар ичра табаррук устоз!