Туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олиш бепулми ёки…

Хабарингиз бор, 2021 йил 1 февралдан кейин туғилган болаларга гувоҳнома расмийлаштиришда тўлов ундирилмаслиги белгиланган. Шундай бўлса-да, мазкур ҳолат аксарият фуқаролар томонидан нотўғри талқин қилинаётганига дуч келмокдамиз. Қуйидаги маълумотлар орқали бу борада батафсил ахборотга эга бўлишингиз мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 ноябрдаги 704-сон қарори билан тасдиқланган “Туғилганликни қайд этиш билан боғлиқ комплекс давлат хизматлари кўратишнинг маъмурий регламенти”га асосан 2021 йил 1 февралдан бошлаб янги туғилган болалар учун туғилганлик ҳолати қайд этилганда гувоҳнома олиш учун тўловлар амалга оширилмайди.

Бунда болани доимий рўйхатга қўйиш бўйича давлат хизматини кўрсатганлик учун Ўзбекистон Республикасининг «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 фоизи миқдоридаги давлат божи;

туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани расмийлаштирганлик учун Вазирлар Маҳкамасининг «Гербли гувоҳномалар берганлик учун герб йиғими миқдорини тасдиқлаш тўғрисида»ги 2012 йил 25 апрелдаги 119-сон қарорида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи миқдоридаги герб йиғими бир марталик нафақа (суюнчи) миқдоридан чегириб қолинади.

Агар фуқаро такрорий гувоҳнома олишига тўғри келса бу жараёнда 15 фоиз давлат божи ва 15 фоиз гербли йиғим тўловлари мавжуд.

БУ МУҲИМ: Жорий йилнинг 1 февралигача туғилган болалар учун гувоҳнома расмийлаштиришда 15 фоиз герб йиғими + доимий рўйхатдан ўтказганлик учун 2фоиз давлат божи ундирилади
ҚУЛАЙЛИК:
2021 йил 1 февралидан болани туғилганлигини қайд қилиш жараёнида бошқа давлат хизматлари — тиббий поликлиникага ҳисобга қўйиш, бир марталик нафақа олиш, болани доимий рўйхатга қўйиш, давлат боғчасига навбатга қўйиш автоматик (комплекс хизмат тури) тарзда кўрсатилади.

Манзура Шодмонова,

туман адлия бўлими ФҲДЁ бўлими инспектори