Янги қонун хужжатлар билан таништирамиз

Аҳолини фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш Қонун билан белгиланди

“Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ–790-сон, 17.08.2022 й.) Президент томонидан имзоланди. Қонунга кўра, фавқулодда вазиятлар рўй бериш манбаига қараб қуйидагиларга бўлинади

-табиий хусусиятли фавқулодда вазиятлар;

-техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар.

– Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

-Фуқароларга фавқулодда вазиятлар зоналарида ишлаганлиги учун бепул тиббий хизмат, компенсациялар ва бошқа имтиёзлар берилади.

Прогноз қилинган ёки рўй берган фавқулодда вазиятнинг кўлами ва ҳолатига қараб муайян ҳудудда Фавқулодда вазиятлар давлат тизимининг қуйидаги режимлари ўрнатилади:

-кундалик режим – муайян ҳудудда, объектда фавқулодда вазиятлар рўй бериши хавфи мавжуд бўлмаганда;

-юқори тайёргарлик режими – фавқулодда вазиятлар рўй бериши хавфи мавжуд бўлганда;

-фавқулодда вазият режими – фавқулодда вазиятлар рўй берганда

ва фавқулодда вазиятлар даврида.

Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишга оид ахборотни яшириш, ўз вақтида тақдим этмаслик ёки била туриб ёлғон ахборот тақдим этиш тақиқланади.

Давлат томонидан фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ҳолати, аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар, прогноз қилинаётган ёки рўй берган фавқулодда вазиятлар, улардан муҳофазаланиш усуллари тўғрисида ОАВ орқали аҳоли ўз вақтида ва ишончли хабардор қилиниши шарт.

Фавқулодда вазиятларни эълон қилиш:

➖маҳаллий миқёсдаги фавқулодда вазиятларда – ҳокимларнинг тегишли қарорлари;

➖республика миқёсидаги ва трансчегаравий фавқулодда вазиятларда – Ҳукумат қарори билан амалга оширилади.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

 

Қаровсиз қолган дарахтлар хатловдан ўтказилади.

“Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш ва улардан фойдаланиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (464-сон, 22.08.2022 й.) қабул қилинди

Қарорга мувофиқ, дарахт ва буталарни компенсация тарзида экиш дарахтларни кесиш учун рухсатнома бериш учун йиғимни ёки уларни ноқонуний кесганлик учун жарималарни тўлашдан озод қилмайди.

Компенсациявий экиш жойлари “Яшил боғлар” ва “Яшил жамоат парклари”, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш учун мўлжалланган бошқа ҳудудлардан танланади.

2022 йил 31 декабргача қаровсиз қолган дарахтлар хатловдан ўтказилади ва яқин ҳудуддаги мулкдорларга бириктирилади.

Ҳокимликлар томонидан 1 сентябргача кузги ва 1 февралгача баҳорги кўчат экиш ҳажмлари бўйича манзилли дастур тасдиқланади.

Дарахт ва буталарнинг зараркунандалари ва касалликларига қарши курашиш тадбирларига маҳаллий бюджетлар қўшимча манбаларининг 2 фоизигача маблағ ажратилади.

Қарор билан Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомда дарахтлар ва буталарни экиш учун жойлар танлаш, уларни экиш, суғориш, озиқлантириш ва буталаш тартиби белгиланган.

       Қумқўрғон туман адлия бўлими инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бўлинмаси бош маслаҳатчиси  Д.Худойқулова