Ходимнинг йиллик таътили муддати қирқ саккиз иш кунидан ошиб кетиши мумкин эмас(ми)?

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Меҳнат кодексининг VIII боби 2-параграфи ходимларга бериладиган таътилларга бағишланган.

Қонунчиликка асосан ходимларга йиллик асосий ва қўшимча таътиллар берилади. Меҳнат кодексининг 140-моддаси иккинчи қисмига биноан – барча ҳолларда қонунчилик билан белгиланган таътилларни жамлашда уларнинг умумий муддати қирқ саккиз иш кунидан ошиб кетиши мумкин эмас.

Бироқ модданинг номига аҳамият бериладиган бўлса, модда қуйидагича номаланади – “Йиллик асосий ва қўшимча таътилларни жамлаш тартиби”. Бироқ шуни инобатга олиш керакки, ходим олдинги йиллардаги таътилларнинг муайян қисмидан фойдаланмаган бўлиши мумкин. Яъни ходимнинг йиллик асосий таътил давомийлиги 36 иш кунини ташкил этади. Ходим жорий иш йилида ишлаб чиқаришдаги ишлар ҳажмнинг ошиб кетиши сабабли таътилнинг 14 иш кунидан иборат қисмидан фойдалана олди холос.

Бунда иш берувчи ходим фойдаланмаган таътилнинг 22 иш кунидан иборат қисмини кейинги йилга ўтказади. Сабаби Меҳнат кодекси 143-моддаси олтинчи қисмида – ишлаб чиқариш тусидаги сабабларга кўра жорий йилда таътилни тўлиқ бериш имкони бўлмаган алоҳида ҳолларда, ходимнинг розилиги билан таътилнинг ўн икки иш кунидан ортиқ бўлган қисми кейинги иш йилига кўчирилиши мумкин.

Бунда ходим кейинги йилда ўзининг 36 кунлик таътили ва ўтган йили фойдаланмаган 22 иш кунидан иборат таътили, жами 58 иш кунидан иборат таътилдан фойдаланиши мумкин. Иш берувчи томонидан давомийлиги 58 иш кунидан иборат таътилнинг ходимга берилиши қонунга зид ҳисобланмайди.

Бундан ташқари моддани кенгроқ таҳлил қиладиган бўлсак, моддада қонунчилик билан белгиланган таътилларнинг муддати 48 иш кунидан ошиб кетиши мумкин эмаслиги белгиланганлигини кўришимиз мумкин.

Яъни корхонанинг ички локал ҳужжатлари жамоа шартномаси, тармоққа оид жамоа келишувлари ёхуд ходим билан тузилган меҳнат шартномасида қўшимча таътиллар белгиланган бўлса ва бу таътилларни жамлаганда 48 иш кунидан ошиб кетиши кадрлар бўлими мутахассисларини ёхуд корхона раҳбариятини ўйлантириб қўймаслиги лозим. Масалан ходимнинг йиллик асосий таътили 35 иш кунини ташкил этади, меҳнат шартномасида ёки жамоа шартномасида ходимларга 15 иш кунидан иборат қўшимча таътид берилиши белгиланган. Бундай ҳолатда ходимга жами 50 иш кунидан иборат таътил бериши мумкин ва бу қонунбузилиши ҳисобланмайди.

Ханифа Қулматова,

туман адлия бўлими ФҲДЁ бўлими инспектори