Катта таассуротлар олди

Мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга қаратилган юксак эътибор туманимизда ҳам амалга оширилмоқда. Туман Ногиронлар жамияти раиси Ибодулла Азимовнинг ташаббускорлиги ва саъй-ҳаракатлари билан 53 нафар сайёҳ Сурхондарё-Самарқанд-Бухоро-Хоразм йўналиши бўйлаб саёҳатга чиқди. 1-2 гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслардан иборат сайёҳлар меҳр-мурувват муносабатлари натижасида вилоятимиздаги Ҳаким ат-Термизий, Исо Термизий зиёратгоҳларини томоша қилгач республика бўйлаб сафарини давом эттирди. Улар Самарқанд вилоятида Буюк сиёсат ва давлат арбоби Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Шоҳи Зинда, Бибихоним, Мирзо Улуғбек расадхонаси, Имом Бухорий каби тарихий обидаларни томоша қилди. Бухоро вилоятидаги 7 пир ёдгорликлари, Хоразм вилоятидаги Ичон қалъа, Паҳлавон Маҳмуд, Кўк гумбаз бўйлаб саёҳатга чиқди. Улар кўп кунлик сайр-у саёҳатлари давомида ўлкамизнинг тарихига оид билимлардан баҳраманд бўлди. Катта таассуротлар олиб вақтларини чоғ ўтказди.