Ёз фаслининг сўнгги август ойи давом этмоқда. Болалар учун ёзги таътил вақти мароқли ўтаяпти. Бу пайтда Термиз ҳайвонот боғига сайр қилган ўғил-қизларнинг хурсандчилиги чексиз бўлаяпти. Табиатга уйғун ҳолда барпо этилган сўлим ҳайвонот боғини кўрган одамнинг кўзлари қувнайди, завқланади. Боғга кираверишдаги улкан дарвозада пурвиқор тоғни эслатувчи безаклар бунёд этилган. Тоғ тошлари устида тоғ ҳайвонлари ва ёввойи қушларнинг макетлари, тоғ ёнбағрида оқаётган шаршара сайёҳларни хурсанд қилишига шубҳа йўқ.
Ҳайвонот боғи бўйлаб юрган ёш томошабинлар ва уларнинг ота-оналари Бухоро буғиси, турли давлатлардан келтирилган эчкилар, айиқлар, бўрилар, қоплон, отлар, туяларни кўриб жонли табиатнинг турларини яқиндан томоша қилаяпти. Эчкемар, илонлар, туяқушлар, сайроқи қушлар ҳам саёҳатга келган меҳмонларни ўзига жалб этаяпти. Ҳар хил турдаги ҳайвонлар, паррандалар, судралиб юрувчи жонворлар учун алоҳида бинолар кўркам меъморчилик усулларида қурилган. Осиё, Европа, Африка, Америка қитъаларида яшовчи жониворларнинг бу ҳайвонот боғида сақланаётганлиги қувонарли. Уларнинг номлари ва ҳаёти давомийлиги ёзилган маълумолар ҳам одамларга қизиқ бўлаяпти. Қўшимча равишда турли хил макетлар ўрнатилган. Текис ва равон йўлаклар, дам олиш учун мўлжалланган ўтиргичлар, улкан дарахтлар, яшил ўтлар, гуллар катта-ю кичикнинг ором олишига ҳисса қўшмоқда. Ёзги таътил вақтини мароқли ўтказмоқчи бўлган мактаб ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари ҳайвонот боғини томоша қилиб яхши таассуротлар билан уйларига қайтишмоқда.
Н. МУҲАММАДИЕВ