Юрт ободлиги бозорларда билинади

Юртнинг ободлигини билмоқчи бўлсанг, бозорига бор,-деб бежизга айтишмаган. Бугун бозорларимизга борсангиз, ноз-неъматлар, маҳсулотларнинг хилма-хиллигидан ҳайратга тушасиз.
Инсонларнинг нафақат моддий эҳтиёжини, балки уларнинг дунёқарашини шакллантирадиган, маънавияти ва маданиятини бойитадиган маскан ҳам бозоримиз бўлиб келган. Шу туфайли катта-ю кичик бозорга боришга ошиққан. Аждодларимиз бозорларда муомала маданиятига алоҳида эътибор қаратган. Тилимиздаги нозик иборалар, гўзал таъриф ва тавсифлар, юксак мақтов сўзлари, қочирим гаплар айнан бозорда шаклланиб, кейин муомалада кенг қўлланила бошланган. Бежизга отанг бозор, онанг бозор дейишмаган.
Азал-азалдан тижорат билан шуғулланувчилар ширин ва ўткир сўзли кишилар бўлишган. Улар харидорга ўта хушмуомалалик билан мулоқот қилишар, бисотларидаги энг гўзал сўзларни уларга ҳадя этиб, харидорни ўзларининг доимий мижозларига айлантиришар ва бу орқали сотувчининг чўнтагига пул тушар, харидорнинг эса олган буюмидан ҳам кўра, сотувчининг муомала маданиятидан кўнгли чоғ бўлар экан. Тижоратчилар ўзининг дилтортар сўзлари, ҳозиржавоблиги сабаб ана шундай юксак мавқега эришганлар.
Бироқ бугунги кунда сотувчиларнинг ширинсўзлиги қандай ҳолатда?
Бозорларда яратилган шароитлар талабга жавоб берадими? Аҳолига кўрсатилаётган хизматлар, шунингдек, бозор маъмурияти томонидан олиб борилаётган ишларнинг бугунги аҳволи қандай? Қумқўрғон туманидаги Қумқўрғон деҳқон (озиқ – овқат) бозори МЧЖ, шунингдек, ён-атрофдаги савдо мажмуалари фаолиятини ўрганиб саволларимизга жавоб олишга ҳаракат қилдик. Ҳамроµларимиз – туман Кенгаши депутатлари З. Аллаярова, М.Номозов, А.Абдурахмоновлар бўлди. Хизмат сафари билан кўп вилоятларда ҳамда пойтахтда бўламиз. Харид қилиш учун бозорларга кирамиз. Бозор расталаридаги маҳсулотларнинг тартиб билан тоза – озода қилиб жойлаштирилганидан кайфиятимиз кўтарилиб кўзимиз қувонади.
Аммо, туманимиздаги деҳқон бозорига кирганимизда бу ерда бўлган кишининг кўнгли хира тортмай иложи йўқ. Нега?
Сизларни ўрганиш жараёни билан таништирамиз:
Аксарият сотувчилар белгиланган жойлардан ташқарида савдо қилмоқда. Ваҳоланг-ки, бозорда ўрнатилган расталарнинг ярми бўш турибди. Бозорда сотувчиларга ажратилган савдо ўринлари бўйича жойлаштириш ва шу ўринларда савдо қилишини назорат қилиш ўлда-жўлда қолиб кетган. Аксарият қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиш расталари бўш турган бир вақтда, айрим сотувчилар ерда харидорлар юриши учун қийинчилик туғдирган ҳолда савдо олиб бормоқда.Бу ҳолат бўйича бозор маъмуриятидан изоҳ сўраганимизда, сотувчилар расталарга кирмаяпди, ичкарига киргизишга ҳаракат қилаяпмиз, барибир ташқарига савдо қилишга чиқиб кетишмоқда деган жавобни олдик. Расталарда савдо қилаётган савдогарлар гигиена қоидаларига мутлоқо амал қилишмаяпди. Маҳсулотлари қаровсиз ҳолатда ифлос жойларда сақланмоқда. Полиз экинлари, сут маҳсулотлари, мева-сабзавотлар,нон маҳсулотлари алоҳида сотилса харидорга ҳам осон бўлади. Қатиқнинг ҳамда гўшт маҳсулотларнинг очиқ ҳолатда сотилиши таъбингизни хира қилади. Бозор ҳудудидаги савдо дўконларида муддати ўтган маҳсулотлар сотилмоқда. Туман Давлат солиқ инспекцияси, Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бу ҳолатга эътибор қаратишмаяпди. Тез эскирадиган маҳсулотларнинг нима сабабдан музлатгичда сақламаётганини сўраганимизда жой йўқлигини баҳона қилишди. Аммо музлатгичда жой етарлилигини гувоҳи бўлдик.
Бир марталик йиғимлар, ижара тўловлари ва бошқа тушумларнинг банк тизими орқали автоматлаштирилган ҳисобга олиш йўли билан банк кассалари орқали қабул қилинишини таъминлаш ишлари ҳам алоҳида ўрганишни талаб этади. Масалан, полиз маҳсулотлари билан савдо қилувчи сотувчининг маълум қилишича, бир марталик кунлик йиғим учун 5 минг сўм берар экан. Аммо, тўловни тасдиқловчи чекни сўраганимизда «унақа нарса» олмаганини айтди.
Бозор жойлашган ҳудуддаги эпидемиологик, эпизоотик ва экологик хавфсизликни таъминлашнинг бугунги ҳолатини ҳам қониқарли, деб бўлмайди. Масалан, сотилаётган гўшт маҳсулотлари чивин ва бошқа турдаги ҳашаротларнинг «зиёфат дастурхони»га айланган. Уларнинг тўловларни қай тарзда амалга ошираётганини назорат қилиб бориш тегишли идоралар зиммасида. Аммо, масаланинг яна бир жиҳати борки, бунга эътиборсиз бўлиш мумкин эмас. Яъни, ҳудуд атрофи автомашиналар билан тўлганлиги оқибатида кўп ҳолларда сунъий тирбандлик юзага келади. Бу эса ҳаракат хавфсизлиги учун жиддий хавф экани шубҳасиз. Сотувчилар ўртасида ҳам муомала маданияти йўқолиб бораётганига гувоҳ бўлдик. Бозор маъмурияти ходимлари билан кўча тилида бақир-чақир ҳолатда жанжал кўтарган аёлларни кўриб таърифлашга сўз тополмай қоласиз.
Она заминимизда шаклланган Шарқона бозор маданияти асрлар оша жаҳон аҳлини мафтун этиб келганидан ғурурланамиз, албатта. Аммо бозорларимизнинг бугунги аҳволини кўриб беихтиёр «аттанг», деб юборишдан ҳам тилимизни тиёлмаймиз.
Райҳон МЕНГЗИЯЕВА,
туман Кенгаши депутати