Истиқлолим – иқболим

Сурхон замини саховатли.  Ўзига хос иқлим шароитлари шундаки, йилнинг кўп фаслида қуёш нурлари теварак-атрофни қиздиради. Бу далаларда меҳнат қилиш учун қулай табиий шароитларни яратади.
Мустақиллик йилларида юртдошларимизга экин майдонларига тўлиқ эгалик қилиш ҳуқуқи берилди. Улар экинларни экиб, маҳсулотларни етиштириш, даромадини кўпайтириш, манфаатдор бўлиш, ҳалол меҳнатлари туфайли фаровон яшаш имкониятларидан эркин фойдаланишмоқда. Энди том маънода иқтисодни ривожлантириш, шунинг ҳисобига бунёдкорлик, хизмат кўрсатиш, таълим-тарбия, жисмоний тарбия ва спорт, дам олиш каби барча соҳалардаги ишларни талаб ва эҳтиёжга яраша молиялаштириш мумкин. Ҳамма йил сайин буни тушуниб етмоқда.
Жаҳон тажрибаларини ўрганиш, илғор технологияларнинг соҳаларга жорий этилиши ижобий ютуқларни келтираяпти. Буни кенг миқёсда амалга ошириш учун аввало инсонлар дунёқарашини ривожлантиришга эҳтиёж сезилаяпти. Одамларнинг тафаккурини етарлича билимлар ва тушунчалар билан ривожлантириб сифат ўзгаришларига эришиш мумкин. Буни мисол билан тушунтирсам фикримни англаш осон бўлади. Голландия давлатида қишлоқ хўжалиги соҳасига қарашли ер майдонларига замонавий қурилмалар билан жиҳозланган иссиқхоналар қурилганлиги ибратли ҳол. Бу давлатда қишлоқ хўжалиги маданияти ривожланган, аҳолининг яшаш манзиллари яъни уйларига яқин бўлган далаларга иссиқхоналар қурилган. Деҳқонлар куз-қиш мавсумида об-ҳавонинг ноқулай шароитида усти сифатли ва чидамли плёнкалар билан ёпилган иссиқхоналарда бодринг етиштириб, истеъмолчиларни таъминлаяпти. Голландия давлати бодринг етиштириш бўйича дунёда иккинчи ўринни эгаллаяпти. Туркия, Жанубия Корея каби давлатларда ҳам иссиқхоналар ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришда катта тажрибалар тўпланган.
Биз  учун қадрдон бўлган она заминимизда илғорлардан ўрнак олиб ишлаш фойдали бўлади, албатта. Бунинг учун мустақиллик йилларида ерга эгалик ҳисси ривожланган тадбиркорларимиз очиқ майдонларида жаҳон андозаларига мос иссиқхоналар қуриши зарур. Бу қулай табиий иқлим шароитини кутиб қолмасдан ноқулай об-ҳаво пайтида иссиқхонада кўчатлар экиб, парваришлаш, ҳосил олиб экспортга жўнатиш имконини яратади. Бунда сув ва меҳнат уйғунлиги омилкор тадбиркорлар учун қувонарли ютуқларга эришиш учун зарурий манбалар ҳисобланади. Маълум гектарларга қурилган замонавий иссиқхонада сунъий  сув ҳавзаси қурилади. Плёнка ичидаги иситиш қурилмалари ёрдамида экинларнинг ҳаётий эҳтиёжларига мос об-ҳаво шароити яратилади. Куз ва қишнинг совуқ, изғирин ҳароратига қарамасдан иссиқхоналардаги кўчатлар яйраб ривожланади. Ишнинг кўзини билган ташаббускор ташкилотчилар ёзнинг жазирамасида ҳам иссиқхонада кўчатларни парваришлайди. Томчилатиб суғориш қурилмалари ёрдамида қондириб суғоради.  Минерал ўғитлар билан озиқлантиради. Бунда “Ерни боқсанг ер сени боқади” деган деҳқонларнинг ибратли мақолига асосан ерни экишга обдон тайёрлаш, маҳаллий ўғитларга тўйинтириш ҳам экинларнинг ривожланиши ва мўл ҳосил етиштиришга ижобий таъсир қилади.
Муҳтарам Президентимиз иссиқхоналарни ривожлантиришга мутахассисларнинг эътиборини жалб қилиб, равон ва текис йўлларга яқин жойларда иссиқхоналар қуриш вазифасини белгилаб берди. Бунда маҳсулотларни сифатли ташиш ва нес-нобуд қилмасдан истеъмолчиларга етказиб бериш назарда тутилди. Агар бизнинг саховатли заминимизда ҳам кўп иссиқхоналар қурилса янги иш ўринлари яратилади. Одамлар куз-қиш мавсумида, ёз жазирамасида меҳнат билан банд бўлади. Маҳсулотлар ишлаб чиқариб, бозорларни тўйимли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлайди.
      Н. МУҲАММАДИЕВ