186 давлатнинг ортда қолдирилиши Мустақиллик шарофатидир

Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудлари, энг чекка қишлоқ ва овулларида ҳам Ватанимиз Мустақиллигининг 31 йиллиги тантаналарига катта тайёргарлик кўрилмоқда.
Энг улуғ, энг азиз байрамимизни xалқимиз, айниқса, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини камол топтириш, юртимизни ҳар томонлама эркин, обод ва фаровон мамлакатга айлантиришдаги улкан аҳамият ва моҳиятини ҳисобга олиб, Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди ва унга кўра бу йилги байрам тантаналарини “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида нишонлаш белгиланди.
Дарҳақиқат, мустақилликка илк қадам она тилимизга Давлат тили мақоми берилиши билан бошланган бўлса, сўнгра ўз байроғи, герби ва мадҳиясига эга бўлди.
Оғир кунларни ортда қолдириб, бугунгидек нурафшон кунларга эришиш учун тўсиқлар, қаршиликлар бўлмади дейсизми? Албатта, бўлди. Бу улкан зафар ортида xалқимизнинг ёруғ кунларга бўлган мислсиз кураши, интилиши, машаққатли меҳнати мужассамдир.
Дунё илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аждодларимиз тариxда ўзбекнинг нималарга қодирлигини ўзининг кашфиётлари, илмий-бадиий асарлари, бетакрор обидалари билан намоён қилган бўлса, мустақиллик фарзандлари Ватанимиз байроғини кўкларга кўтариб, Янги Ўзбекистон довруғини ер юзига янада машҳур қилмоқда.
Жумладан, турли xалқаро спорт мусобақаларида чемпионлик шарафига эга бўлиб, миллатимиз мадҳиясини дунёга янгратмоқда. Яқинда ёш шаxматчиларимизнинг Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида бўлиб ўтган Бутунжаҳон шаxмат олимпиадасида 186 давлатнинг 188 та жамоаси орасида энг юқори ўринни эгаллагани фикримиз тасдиғидир. Шу кунларда Туркиянинг Коня шаҳрида бўлаётган Ислом бирдамлиги ўйинларида ҳам Ватанимиз спортчилари энг юқори натижаларни қайд этишда давом этмоқда.
Албатта, Янги Ўзбекистоннинг бошқа соҳаларда ҳам йўлга киритаётган бундай зафар ва ютуқларини санасак адоғига етмаймиз. Энг муҳими, ота-боболаримиз кутган, орзу қилган дориломон кунларга биз эришдик. Энди тинч ва осойишта ўтаётган ҳар бир кунимизнинг қадрига етиб, шукрона келтириб, Ватанимиз Озодлигини абадул абад ҳимоя қилишимиз лозим ва, албатта, шундай бўлади ҳам.
Сайдулла
АБДУРАИМОВ,
Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси Сурxондарё вилояти Кенгаши раиси