Шоирнинг болалик онлари яқинлари хотирасида

Оддий қишлоқ кўчаларида ўтган болалик йилларидаги қувонч, завқни ҳеч нарсага алмашгимиз келмайди. Камтарин ва серқирра ижодкор Эшқобил Шукурнинг ҳам болалик йиллари файзли қишлоқ кўчаларида ўтди. Отаси Жўра бобо ҳамда онаси Тожихол ая 3 нафар фарзандни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказди. Ота-онаси ҳалол меҳнат қилиб рўзғорини тебратди. Ўзбек хонадонида файз бўлади. Тожихол ая узоқ йиллар кутган фарзандларини сабрининг нашидаси деб билади. Жамоамиз билан Эшқобил Шукурнинг болалик йиллари ўтган хонадонида меҳмон бўлдик. Тожихол ая билан суҳбатлашдик. 93 ёшни қарши олганига қарамасдан аямизнинг хотирали яхши, гап сўзлари пурмаъно экан. Бежизга кексаларни фариштага қиёслашмайди. Буни мен Тожихол ая тимсолида кўрдим. Фариштадек юзларидан нур ёғилиб турган, ҳар бир сўзида меҳр тафти сезиладиган онахонимиз билан шоирнинг болалик хотираларини ёдга олдик.
Тожихол аянинг сўзларига кўра: фарзандли бўлишни турмуш ўртоғим Жўра бобо билан 11 йил кутдик. Ниятимиз ижобати бўлган тўнғич қизим Зубайда дунёга келди. Орадан икки йил вақт ўтиб ўғлимиз Эшқобил туғилди. Кенжа ўғлим Бойқобил 7 йилдан сўнг оиламизга қувонч олиб келди. Сабр таги сариқ олтин деган ҳикматнинг мазмуни нечоғлиқ ростлигини ҳаётим мисолида кўрганман. 11 йил фарзанд кутсак ҳам оиламиздаги меҳр, муҳаббат туйғулари дарз кетмади. Қизимиз Зубайда мактабда аъло баҳоларга ўқиди. Туман, вилоят, республика миқёсида ўтказилган шеърият бўйича танловларда доим биринчи ўринни олиб келди. Ўғлим Эшқобил болалигидаёқ зийрак ва билимга чанқоқ эди. Шеър ёзишга қизиқиши баланд бўлган. Бир куни кун кеч бўлаяпди ўғлимдан дарак йўқ. Онаман-да юрагим ғаш бўла бошлади. Мактабнинг йўли бўйлаб қараб кетдим. Қоронғуда бир боланинг шарпаси кўринди. Яқинлашиб қарасам ўғлим. Урушишни ҳам, хурсанд бўлишни ҳам билмайман. Ич-ичимдан севиндим. Соғ-омон экан деб. Сўрасам мактабда Абдулла Орипов билан учрашув бўлган экан. Шоир билан учрашаман деб кечга қолибди. Ёшлигидан Абдулла Орипов ижодига қизиқар эди. Шеърларидан ёд олган. Ўғлимнинг талаба бўлганини эшитиб роса йиғлаганман. Энди мендан узоққа кетиб қолади, соғиниб қоламан деб. Тақдир экан ўз келажагини ўзи яратди. Ҳар бир телевизордаги чиқишларини қолдирмай кўриб бораман. Онажон ҳар бир ёзган ижодим маҳсулида Сизнинг сўзингиз бор деганида хурсандлигимдан ўзимни қўйгани жой тополмай қоламан. Оналар учун бундан ортиқ бахт йўқ. Ҳозирги кунда ўғлим Тошкент шаҳрида истиқомат қилади. Хонадонига олиб боради. Аммо, кўп туролмайман. Уйимни, қишлоғимни, яқинларимнинг дийдорини соғинаман. Киндик қоним тўкилган маконим деб бежизга айтишмаган. Инсон учун туғилиб ўсган жойи азиз экан. Ҳар бир онага мендек фарзандининг камолини кўриб юриш насиб қилсин.

 

Ўзимизнинг етук мутахассис бўлиб вояга етишишимизда, албатта, устозларимизнинг ўрни беқиёсдир. Муҳаммади Каримов қарийб умрининг 40 йилини ўқувчиларга таълим-тарбия бериш билан ўтказди. Устоз шундай хотирлайди: Эшқобил Шукур ўқувчилик йилларида ҳам тиришқоқ, билимга ташна эди. Доим дарсда биринчи қатордаги партада ўтириб иштирок этган. Ҳам синф раҳбари, ҳам она тили ва адабиёт фанидан дарс ўтар эдим.
Ўзимнинг ҳам ўқишни энди битириб келган йилларим эди. Шеър ёзиб менга кўрсатганда, менга таҳсил берган устозларимдан маслаҳат олиб камчиликларини айтганман. Доим туман миқёсида она тили ва адабиёт фанидан олимпиадаларда ғолиб чиқиб келган. Вилоят ҳамда республикада ҳам биринчиликни қўлдан бермаган. Бўладиган бола бошидан маълум дейди. Адашмасам қиш ойлари эди, Эшқобил қаттиқ шамоллаб бетоб бўлиб қолди. Марказга олимпиадага боришимиз керак. Зил юк машинаси топиб Эшқобилни олимпиадага қатнашишга олиб бордим. Иштирокчилар ичкарига кириб кетган. Ташқарида кутиб ўтирсам, кутаётган одамлар бир-бири билан суҳбатлашаяпди: Эшқобил Шукуров бугун олимпиадага келмабди, энди ўрин олиб кетамиз деб. Шунда мийиғимда кулиб Эшқобил ичкарида ўтирибди деб секин ўзимга-ўзим гапириб қўйдим. Ўз билими билан туманни саросимага солган ўқувчига таълим берганимдан мағрурланаман.Эшқобил нафақат устозларининг балки туманимизнинг ҳам фахридир. Мен шогирдимнинг самимийлигини, одамийлигини ҳурмат қиламан. Баъзи бир ижодкорлар бор машҳурликни кўтара олишмайди. Одам танимайдиган, ҳеч кимни назарига илмайдиган бўлишади. Аммо, Эшқобилда инсонийлик туйғуси йўқолмаган. Барча устозлар шогирдининг эришган ютуқларидан мағрурланиб юришсин.

 

Мактаб парталарида ўтириб ўтказган беғубор болалик онларимизни ёдга олсак кўнглимизда қувонч ҳисси пайдо бўлади. Бир партада ўтириб дарсга қулоқ солган партадошларимизнинг ўрни беқиёсдир. Менинг ўн йил бир партада ўтириб таълим-тарбия олган партадошим Эшқобил Шукур бўлган,-дейди Менгкамол опа Мирзаева.
Бир-биримиз билан ҳамфикр, ҳамсуҳбат бўлиб камол топганмиз. Баъзида синфдошлар даврасида учрашиб қолсак болалик хотираларимизни ёдга оламиз. Менинг шу даражага етишишимда сенинг ҳам ҳиссанг катта,- дейди Эшқобил. Мактабда дарс машғулотларимиздаги ўзлаштиришимни онамга доим айтиб тургансан. Мен эса онамга ёмон гап бормасин, ўқиши пасайиб кетибди деб койимасин деб бор куч-қувватимни, эътиборимни таълим олишга сарфлаганман. Фарзанднинг билим эгаллашида ота-она муҳим аҳамият касб этади. Онаси Тожихол ая ҳам доим мендан синфдошимнинг ўқишини сўраб турган. Оилада берилган тарбия бугун ўз мевасини берди. Менгкамол опа болалик шўхликларини шундай эслайди: Қиш фасли, ҳамма жой оппоқ қор. Қизлар ҳам, ўғил болалар ҳам жуда шўх эдик. Мен Эшқобилнинг ҳамда яна битта синфдошимнинг папкасини ушлаб кетаётган эдим. Шунда бехосдан иккала синфдошим ёнимда пайдо бўлиб роса қорбўрон қилишган. Ҳам папкасини кўтарганман, ҳам уларнинг қорбўронига тутилганман дейди. Ўқувчилик йиллари шундай шўхликлари билан ҳам қадрлидир.

 

Устозимиз Эшқобил Шукур ҳақида оила аъзолари, ўқитувчилари, синфдош дўстлари ҳамда маҳалла аҳли ҳам илиқ фикрлар билдиришмоқда. Бизга ҳамроҳлик қилган Абдумурод бобо Райимбобоевни ҳам суҳбатга тортдик. Нуроний отахон Абдумурод бобонинг сўзларига кўра оиласи меҳмондўст, бир- бирига оқибатли оиладир. Қачон Тожихол аянинг хонадонига борсак албатта дастурхон ёзади.
Бир пиёла чой устида дилдан суҳбат қилиб қайтамиз. Ҳар келганида ўзи таҳсил олган таълим муассасасига бориб китоблар жамланмаси совға қилиб кетади. Биз маҳалладошлар Эшқобилнинг келишини интизорлик билан кутамиз. Сафарга боргандаги таассуротларини биз билан ўртоқлашади. Албатта, инсон туғилади, яшайди ҳамда вафот этади. Бежизга инсоннинг умрини икки эшик орасига қиёслашмаган. Ҳаётимиз давомида вақт жуда тез ўтади. Гўё бу эшикдан кириб бошқа эшикдан чиқиб кетгандек бўламиз. Кимдир шу қисқа вақт давомида надоматларга тўла ҳаёт кечирса, яна кимдир ибратга бой ҳаёт кечиради. Устоз Эшқобил Шукурнинг ҳаёти ҳам ибратга бойдир. Нишонланаётган 60 йиллик юбилейлари муносабати билан барча тумандошларимиз номидан табриклаймиз. Доим эл ардоғида бўлиб яхши кунларни кўриб юрсин. Муштипар Онасининг кафтларидаги олтинга тенг дуоларида жаранглашдан тўхтамасин.

Райҳон МЕНГЗИЯЕВА