Бугунги тинч-осуда ҳаётимиз, тўкин дастурхон атрофида ўтиришимиз Мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона сиёсатнинг натижасидир. Ўзимизнинг фикримизни эркин баён этишимиз учун барча имкониятлар яратилган. Жумладан, Бош Қомусимизнинг айрим моддаларига ўзгартириш киритиш бўйича таклифлар халқ муҳокамасига қўйилди.
Жумладан,
98-модданинг янги таҳрири билан Вазирлар Маҳкамасига қуйидаги йўналишларда жавобгарлик юклатилмоқда:
• экология бўйича дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
• ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш;
• оилани қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш, анъанавий оилавий қадриятларни сақлаб қолиш;
• ижтимоий ҳимоя қилиш, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими ишлашини таъминлаш;
• фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш.
Чори Қултаев,
туман Кенгаши депутати
93-моддада Президентнинг ваколатларига қуйидагилар қўшилмоқда:
• ички ва ташқи сиёсатнинг энг муҳим стратегик устувор йўналишларини белгилаш ҳамда уларнинг ижро этилишига оид масалалар юзасидан Олий Мажлисга мурожаатномалар йўллаш;
• Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашини шакллантириш ва бошқариш;
• Президент администрациясини, шунингдек, Президент ҳузуридаги маслаҳат-кенгаш органларини ва бошқа органларни шакллантириш.
Мамаражаб Намозов,
туман Кенгаши депутати
Барчамиз олдимизда турган муҳим сиёсий жараёнда фаол иштирок этайлик. Ўз келажагимизга бефарқ бўлмайлик. Зеро, Инсон қадри бебаҳо неъматдир.
122-моддага қуйидагича бандлар қўшилади:
• Ўзбекистон Республикасида Давлат бюджетини ва давлат қарзини шакллантириш ҳамда ижро этиш тартиби очиқлик ва ошкоралик принциплари асосида амалга оширилади.
• Фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг шакллантирилиши ва ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади. Фуқароларнинг бюджет жараёнида иштирок этиши тартиби ва шакллари қонунда белгиланади.
Шароф Бутаев,
туман Давлат хизматлари маркази директори
99-, 100- ва 101-моддаларга киритилаётган ўзгаришлар орқали вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда ижро этувчи ва вакиллик ҳокимияти органлари бир-биридан ажратилади:
• Ҳудуддаги ижроия ҳокимиятига вилоят, туман ва шаҳар ҳокими бошчилик қилади.
• Халқ депутатлари Кенгашига унинг депутатлари орасидан қонунга мувофиқ сайланадиган раис бошчилик қилади.
• Кенгашлар ва ҳокимлар фаолияти қонун билан тартибга солинади.
• Кенгашларнинг ваколат муддати – 5 йил.
Кенгашларнинг ваколатларига уқйидагилар киради:
• ҳудудни ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган дастурларини, туман, шаҳарнинг бош режасини ва уни қуриш қоидаларини ҳокимнинг тақдимига биноан тасдиқлаш;
• тегишли маҳаллий бюджетларни ҳокимларнинг тақдимига биноан кўриб чиқиш ва қабул қилиш, ушбу бюджетларнинг ижро этилиши тўғрисидаги ҳисоботларни тасдиқлаш;
• маҳаллий солиқлар ставкаларини ва бошқа мажбурий тўловларни қонунчиликда белгиланган миқдорлар доирасида белгилаш;
• бюджетдан ташқари жамғармаларни шакллантириш;
• ҳокимни ва унинг ўринбосарларини лавозимга тасдиқлаш, уларнинг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни эшитиш;
• қонунчиликда белгиланган ҳолларда ва тартибда халқ депутатларининг ваколатларини тан олиш ҳамда муддатидан олдин тугатиш, уларни жавобгарликка тортиш учун розилик бериш;
• қонунда назарда тутилган ҳолларда ҳокимнинг қарорларини тасдиқлаш;
• тегишли прокурорларнинг, ички ишлар органлари раҳбарларининг, адлия органларининг ва давлат бошқаруви органлари бошқа бўлинмаларининг ҳисоботларини эшитиш;
• ҳокимнинг ва қуйи турувчи халқ депутатлари кенгашининг Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ бўлмаган қарорларини бекор қилиш;
• қонунда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга ошириш.
Ҳокимларнинг ваколатларига қуйидагилар киради:
• қонунларни ҳамда Олий Мажлис палаталарининг қарорларини, Президентнинг, Вазирлар Маҳкамасининг фармонларини, қарорларини ва фармойишларини, юқори турувчи органларнинг ҳамда тегишли халқ депутатлари кенгашининг қарорларини бажариш;
• соғлиқни сақлаш, таълим, жамоат транспорти тизимларининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш;
• ҳудудларни иқтисодий, ижтимоий ва маданий жиҳатдан ривожлантиришни таъминлашга қаратилган чораларни амалга ошириш;
• фуқароларнинг иқтисодий, ижтимоий ва бошқа ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, уларнинг хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлашга доир чораларни амалга ошириш;
• муниципал мулкни ва маҳаллий коммунал хўжаликни бошқариш; атроф-муҳитнинг муҳофаза қилинишини таъминлаш;
• фуқароларнинг бўш вақтини ташкил этиш ва маданият соҳасидаги хизматлардан фойдаланишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш;
• маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш;
• халқ депутатлари кенгашларига вилоятни, туманни, шаҳарни иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан ривожлантиришнинг асосий йўналишларини, вилоят ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг, туман ва шаҳар бюджетининг тегишли лойиҳаларини, шунингдек уларнинг ижро этилиши тўғрисидаги ҳисоботларни тақдим этиш;
• қонунда белгиланган ҳолларда, қуйи турувчи ҳокимларнинг қарорларини бекор қилиш ва халқ депутатлари кенгашига қуйи турувчи халқ депутатлари кенгашларининг ҳужжатларини бекор қилиш тўғрисида тақдимнома киритиш;
• республикада ва хорижда вилоят, туман ҳамда шаҳарнинг расмий вакили сифатида иш юритиш;
• қонунда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширишдан иборатдир.
Зилола Аллаярова,
туман Кенгаши депутати