Жамиятда шундай иллатлар борки, у маълум бир соҳага эмас, балки бутун жамият тараққиётига тўғаноқ бўлади. Давлатни ич-ичидан емирадиган ана шундай иллат – коррупция ва порахўрликдир. Айнан шу иллат сабабли кўплаб давлатларнинг инқирозга юз тутгани ҳам тарихдан маълум. Тараққиётининг янги босқичига қадам қўяётган Ўзбекистон учун коррупциянинг ҳар қандай шаклдаги кўриниши ислоҳотлар шиддатини сусайтириши билан хавфли.
Шу боисдан ҳам давлатимиз раҳбари Ш. Мирзиёев ўз ваколатига киришиши билан Президент сифатида имзо чеккан энг биринчи ҳужжат “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни бўлди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Давлат органлари зиммасидаги вазифа ва функцияларни бажаришда юзага келадиган коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолаш тизимини такомиллаштириш ҳамда давлат хизматига ҳалоллик стандартларини жорий этиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Даврон Ҳақназаров,
Халқ депутатлари туман кенгаши котибияти бош мутахассиси