Одам савдоси давр муаммоси

Бугунги кунга келиб асримизнинг жиддий муаммосига айланган одам савдосига қарши кураш халқаро, минтақавий, кўп ва икки томонлама муносабатларни талаб этмоқда. Ҳозирги қадар жиноятчиликнинг ушбу турига қарши курашиш ва унинг олдини олиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бир қатор халқаро тавсиявий ва мажбурий характерга эга ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, улар доирасида ушбу хавфга қарши дунё миқёсида тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда.

«Одам савдосига ва учинчи шахслар томонидан танфурушликдан фойдаланишга қарши кураш тўғрисида»ги Конвенция (1949), «Қуллик ва қул савдосини, қулликка ўхшаш институтлар ва одатларни бекор қилиш тўғрисида»ги қўшимча Конвенция (1956), «Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш ҳақида»ги Конвенцияни тўлдирувчи «Одамлар, айниқса, аёллар ва болалар савдосини тўхтатиш, олдини олиш ва унинг учун жазо тўғрисида»ги баённома (2000) бу борада дастурий ҳужжат вазифасини ўтамоқда.

Одам савдосига қарши курашиш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 17 августдаги ЎРҚ 633-Одам савдосига қарши курашиш тўғрисидаги қонун қабул қилинган.

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

вояга етмаган шахс савдоси — “одам савдоси” деган тушунчада кўрсатилган таъсир ўтказиш воситаларидан фойдаланилган-фойдаланилмаганлигидан қатъий назар, ҳар қандай ҳаракат ёки битим бўлиб, улар воситасида вояга етмаган шахс ота-онаси, бошқа қонуний вакили ёки ўзга шахс томонидан қонунга хилоф равишда ундан фойдаланиш мақсадида ёхуд моддий ёки бошқа наф олиш мақсадида бошқа шахсга ҳақ эвазига берилади;

одам савдоси — куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд мажбурлашнинг бошқа шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш йўли билан одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш.

одам савдосидан жабрланган шахс — одам савдосидан, бундай ҳаракатга розилик берганлиги-бермаганлигидан ва жиноят процессида иштирок этганлиги-этмаганлигидан қатъи назар, жабрланган жисмоний шахс;

одам савдоси билан шуғулланувчи шахс — мустақил равишда ёки бир гуруҳ шахслар таркибида одам савдоси билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракатни содир этувчи жисмоний шахс, шунингдек ўз ҳаракатлари билан одам савдосига кўмаклашаётган, худди шунингдек гарчи ўз мансаб ваколатларига кўра тўсқинлик қилиши ва қарши курашиши шарт бўлса-да, одам савдосига тўсқинлик қилмаётган ва қарши курашмаётган мансабдор шахс-деб белгиланган.

Афсуски, дунё бўйлаб шунча кенг қамровли фаолият, тегишли тарғибот-ташвиқот олиб борилишига қарамай, ҳар йили миллионлаб инсонлар «замонавий қуллик», яъни одам савдоси қурбонига айланмоқда. Улар орасида аёллар, кексалар, ҳатто ёш болалар ҳам борлиги ачинарли. Ушбу жиноятнинг ривожланишига туртки бўлаётган асосий омиллардан бири одамларнинг чет элга бориш ва ишга жойлашиш ҳақида етарли маълумотга эга эмаслигидир.

Ачинарлиси, ўзга давлат, бегона бир муҳитга тушиб қолганлар мўмай даромад илинжида оғир жисмоний меҳнатга ёлланмоқда, аёллар эса тубан ва фаҳш ишларга мажбур этилмоқда.

БМТ маълумотига кўра, дунёда ҳар йили тахминан 2 миллион 700 минг киши одам савдосининг қурбонига айланмоқда. Халқаро экспертларнинг баҳолашича, ушбу жиноятчилик натижасида олинаётган йиллик даромад миқдори 7 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетган. Ташвишланарлиси, одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг 80 фоизи аёл ва болалардир.

Ҳар йили дунё бўйича 600–800 минг нафар аёл ва болалар алдов йўли билан хорижий мамлакатларга олиб кетилиб, сотиб юборилмоқда.

Ўтган асрдан йигирма биринчи асрга трансмиллий ташкилий жиноятчиликнинг учта энг хавфли тури “мерос” бўлиб ўтди. Уларнинг биринчиси – халқаро терроризм ва дин ниқоби остидаги зўравонлик руҳи, куч ишлатиш, яъни экстремистик, фундаменталистик, сепаратистик хуружлар, иккинчиси – наркобизнес ёки нарко-траффик билан шуғулланаётган жиноий уюшмалар, учинчиси – одам савдоси билан шуғулланувчи йирик-йирик жиноятчи ташкилотларнинг йилдан-йилга кучаяётганидир.

Санаб ўтилган трансмиллий жиноятчилик, яъни ҳудуд ёки чегара танламаётган жиноятларнинг қайси бир турини таҳлил қилмайлик, уларнинг барчаси инсоният цивилизациясига очиқдан-очиқ тўсиқ экани, жамият тараққиёти ва давлатлар ривожига жиддий хавф туғдириши маълум бўлади.

Бу жиноятларнинг асосий сабаби маънавий қашшоқлик, очкўзлик, дунёга ҳаддан ташқари ҳирс қўйиш ва нафсига қул бўлишдир.

Яна бир энг ташвишли ҳолатларданг бири, чет элга ноқонуний тарзда ишга чиқаётган шахсларнинг кўпчилиги юқорида таъкидланган йигирма биринчи асрнинг трансмиллий ташкилий жиноятчиликнинг учта энг хавфли туридан бири – халқаро терроризм ва дин ниқоби остидаги зўравонлик руҳи, куч ишлатиш, яъни экстремистик, фундаменталистик, сепаратистик хуружлар вакилларининг тузоғига тушиб қолмоқда.

Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида зўравонликка, мажбурий меҳнатга ва камситишга, меҳнат ва бошқа ҳуқуқлари бузилишига дучор этилган, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, тирикчилик учун маблағларсиз қолган фуқароларни ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш, шунингдек уларга моддий ёрдам кўрсатиш Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги ваколатларидан бири ҳисобланади.

Юртимизда  чет элга чиқиб ишловчи кишилар учун қонуний асослар яратилди. Жумладан улар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 12 ноябрдаги; “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет эллардаги меҳнат фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет эллардаги меҳнат фаолияти тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 1-бандига кўра, фуқаролар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳукуматлараро, идоралараро шартномалар ва битимлар асосида фақат Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ва Фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш бўйича минтақавий бюроларнинг кўмагида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун   чет   элга   чиқиш ҳуқуқига эгадирлар.

Одам савдосига қарши кураш бўйича миллий қонунчилигимиздаги қуйидаги ҳуқуқий ҳужжатларни кўрсатиш мумкин :

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг моддалари (135-модда “Одамлардан фойдаланиш учун уларни ёллаш”, 137-модда “Одам ўғирлаш”, 138-модда “Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш”); 2008 йил 17 апрелда қабул қилинган “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун;

Хулоса қилиб айтганда, одам савдосининг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш халқаро ва минтақавий даражада жиддий ёндашув ва ўзаро ҳамкорликка асослансагина яхши самара бериши мумкин.

Зеро, одам савдоси, унинг инсоний ҳуқуқ ва эркинликларини ғайриқонуний ва ғайри ахлоқий равишда айнан инсон томонидан камситилиши, йўққа чиқарилиши – кечириб бўлмас жиноят.

Туман адлия бўлими бошлиғи                         Р.Султанов