ЭЛ МЕҲНАТИДА БАХТИНИ ТОПДИ

Инсон меҳнати қадрланмоқда. Буни туман Ногиронлар жамияти раиси Ибодулла Азимов ўз меҳнат фаолиятида ҳис этди. У 53 йил ижтимоий-иқтисодий соҳаларда фаол ишлади. Савдо ходими, тадбиркор сифатида аҳолининг эҳтиёжларини қондирди. 6 йилдан буён туман Ногиронлар жамияти раиси бўлиб 420 нафар ногиронга холис хизмат қилмоқда. Уларга даволаниш учун ордерлар олиб берди. Республикамиз бўйлаб сайёҳатларга ва зиёратларга бориб мароқли дам олишини таъминлади.
Камтарин, самимий, эл меҳнатини бажариб завқланган, ҳаётига мазмун бағишлаган тумандошимиз Ибодулла Азимов давлатимиз томонидан муносиб мукофотланди. У ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги эсдалик нишонига муносиб кўрилган эди. 2022 йил 8 июлда I даражали «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони билан тақдирланди. Туман ҳокими Анвар Нормаматов умумий йиғилишда мукофотни эгасига тантанали равишда топширди.
  Н. МУҲАММАДИЕВ