Кундалик ҳаётимиз давомида турли хил харидларни амалга оширамиз. Турмуш тарзимизни қилаётган харидларимиз орқали давом эттирамиз. Давлатимиз томонидан фуқароларга кўплаб имкониятлар, янгиликлар яратилмоқда. Президент қарорига мувофиқ, жорий йилнинг 1 январдан бошлаб чакана савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объектларида харидни амалга ошириб, харид чекини Soliq мобиль иловасидан рўйхатдан ўтказган жисмоний шахсларга ой якуни билан харид суммасининг 1 фоизи қайтарилмоқда.
Бугунги кунда савдо нуқталарида харидорларга қанчалик даражада харид чеклари берилмоқда? Бу имкониятдан харидорлар фойда кўришмоқдами? Кун давомида озиқ – овқат дўконлари, дорихона, савдо расталарига кираман. Харидларни амалга ошираман. Аммо, кассада ҳисоблаш жараёнида фақат пластик карта орқали савдо қилсак қирқиб олинган сумма чекини, нақд пулга савдо қилсак шунчаки ҳисоблашиб қўйишади. Ўзимиз сўрамасак Soliq иловаси орқали рўйхатдан ўтказиладиган чекни беришмайди. Хизмат юзасидан Тошкент шаҳрига кетадиган бўлиб қолдим. Самолётга чипта олиш учун авиакассага бордим. Тўловни амалга ошириш учун пластик картамни берганимда, кечирасиз терминалимизни тузатгани устага берган эдик, картадан картага пул ўтказиб беринг деган жавобни олдим. Нафақат авиакассада, балки бошқа савдо нуқталарида ҳам ҳозир шу жавобни олмоқдамиз. Шунда савол туғилади, доим касса аппарат устада турадими? Ё бўлмаса ҳисоб рақамига тушган суммага солиқ тўлашдан қочиб тадбиркорлар шу йўлни танлашдими?
Ҳурматли харидорлар, ўз ҳақ – ҳуқуқимиздан қачон фойдаланамиз? Ижтимоий тармоқлар орқали, янгиликлардан гувоҳ бўлмоқдамизки, кешбэк олиш учун харид чекини истеъмолчиларга бермасдан сотувчиларнинг ўзлари рўйхатдан ўтказиб кешбэклар олишмоқда. Маълумот ўрнида, солиққа оид ҳуқуқбузарлик тўғрисида солиқ органларига махсус дастур орқали хабар берган жисмоний шахсларга ҳуқуқбузарлардан ундирилган жарима суммаси ҳисобидан 20 фоиз миқдорида мукофот тўланади. Мукофот фуқаронинг банк картасига ўтказиб берилади. Ўзимизнинг ҳаётимизга ўзимиз бефарқ бўлмайлик. Тадбиркорлар ҳам ўз ишига масъулият билан ёндашиб қарорлар ижросини таъминлашса давлатимизнинг ривожланишида ўз ҳиссаларини қўшган бўлади.
Райҳон МЕНГЗИЯЕВА