Ўзбекнинг меҳмонхонасида гурунг авжида. Кимдир ўртага жиддий савол ташлади. Сукунат 5 дақиқача давом этди. Устозни танийдиган одам борки, у кишига тикилиб туришарди. Олимжон ака саволга аллақачон жавоб топган чамаси қўлидан пиёлани дастурхонга қўйди-да даврага юзланди. «Оғайинлар, бу бошқотирадиган гап эмас. Илм бор жойда ҳар қандай масалага ечим топилади. Ҳазрат Имом ал-Бухорий «Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай» деганлар…». Мўйсафидлардан бири Олимжоннинг топқирлигини мақтади.
Биз ҳаёти ва ижоди ҳақида ёзишни ният қилган Олимжон Усановни нафақат туман, вилоятда, қолаверса мамлакатимизнинг маърифатга ташна миллионлаб аҳолиси яхши танийди. 1948 йил 5 февраль куни Усан бобо сулоласининг давомчиси Олимжон Ботош қишлоғида дунёга келди.
– Устоз, биринчи ёзган мақолангиз ёдингиздами? – дедим қўлимга қоғоз, қалам олиб.
– Ҳа, эсимда, – дедилар ҳозиржавоблик билан, – Мактабдан сўнг шанба, якшанба кунлари биз тенги, катта-кичик болалар далада ишлардик. Ёз кунларининг бирида тол тагида соялаб ўтиргандик, шу орада почтачи Омон ака газета тўла хуржунини кўтариб йўлдан ўтди. Мен эса «Ўо-о, Омон ака, газетангиздан беринг, бировгина ўқийлик», – дедим. У «Газетни биргадирдан оласан» – деди қайрилиб ҳам қарамай. Ўшанда 14-15 ёшларда эдим. Уйга келгач бу ҳақида мақола ёзиб «Жарқўрғон ҳақиқати» газетасига юбордим. «Бригадирдан ол» сарлавҳали 50 йўлча хабар бўлиб газетада чиқди. Қувонганимдан шеърлар ҳам ёздим.
1967 йил мен учун бахтли келди. Шу йили Тошкент давлат университетига ўқишга кирдим. Журналистика бўлими илгари филология факультетининг бир бўлими бўлган. Энди факультети мақомини олди. Журналистика факультетининг биринчи талабалари бўлганимиз учунми «Олтин курс» дейишарди ўқитувчилар. Тўғон Эрназаров факультет декани эди. 2-курсда мени курсбоши этиб сайлашди. 52 нафар талабанинг барчаси деярли аъло баҳоларга ўқирди. Ҳалима Худойбердиева партадошим эди. Усмон Азим, Эркин Аъзам, Тоғай Мурод, Нодир Норматов, Муҳаммади Раҳмоновлар курсдошларим бўлади.
Устоз билан суҳбатлашаётган даргоҳда салобат тўкиб турган улкан чинорлар шамолда шовуллайди. Олимжон ака уларнинг чайир ва баққувват танасига узоқ тикилди. Мен чой қуйиб узатдим. Қаҳрамонимиз пиёлани олиб, одатига кўра майин жилмайди.
– Факультетда биринчи бўлиб таҳсил олган ёшлар бу олтин даврни шижоат ва улкан орзулар оғушида ўтказишди. 1972 йил ўзим туғилиб ўсган қишлоғимга диплом билан қайтдим. «Жарқўрғон ҳақиқати» газетаси таҳририятида иш бошладим. Газета муҳаррири Ғулом Холиқов (марҳум) филолог эди. У кўп шеърларни ёддан биларди. Партия қўмитасининг тарғибот ва ташвиқот ишлари бўлимида ишлаган Фармон Ҳасанов (марҳум) иккови қалин дўст эди. Мен уларнинг ҳаёт, ижод ва келажак ҳақидаги қизғин суҳбатларидан баҳраманд бўлганман. Бир йилдан сўнг вилоятдаги ҳозирги «Сурхон тонги» газетаси таҳририятига ишга ўтдим. Бош муҳаррир Соатмурод Жўрақулов (марҳум) яхши кутиб олди, иш бўйича йўл-йўриқ кўрсатди. Дастлаб Менгзиё Сафаров мудир бўлган бўлимда ишладим. Исомиддин Отақулов ҳам бир бўлимни бошқарарди. Норқул Ҳайитқулов устоз кўп ва хўп ёзарди. Болта Ёриев, Раҳматулла Абдураҳмонов, Муҳаммаджон Азимовлар газета жонкуяри бўлган. Неъмат Қурбонов ҳам ушбу жамоада ёшлик дамларида тер тўкиб ижод қилди. У киши ҳозир пенсиядалар.
1991 йил 5 февралда, шу йили октябрь ойидан «¤збекистон овози» деб номланган газетада ишлай бошладим. Расул Раҳмонов бош муҳаррир эди. Тарихга айланган шу йилларда Сурхондарё вилоят партия қўмитасида Муҳиддин Абдуллаев тарғибот ва ташвиқот бўлимида котиб эди. Марказий газетага ишга ўтишим учун тавсиянома ёзиб бериб чин дўстлигини кўрсатди. Ўткир Ўошимов таниқли ёзувчи мендек ёш журналистга катта эътибор берди, самимий муносабатда бўлди. У газета раҳбарига ёш кадрларни доимо қўллаб-қувватлаш кераклигини билдирди. «Чиғириқлар»дан ўтгач марказий газетада ўз фаолиятимни бошладим. Орадан бир йил ўтди. Президентнинг фахрий ёрлиғини олдим. Элга танилдим. Абдулла Орипов ибораси билан айтганда «Елкамизга офтобнинг текканлари рост бўлсин» – дея меҳнат ва ижодга шўнғиб кетдим. Ёзган лавҳа, очеркларим, танқидий мақолаларим газета саҳифаларида бот-бот чоп этилди. Сўнгра иш фаолиятим «Халқ сўзи» газетасида давом этди. Бу газетада янада «қайнаб» ишладим. Ишонсангиз, баъзида дам олиш, овқатланиш ҳам ёддан чиқарди. Шоирлар тилида буни «ижод завқи» дейишади.
Олимжон устоз яйраб кулди. Тинимсиз меҳнатининг роҳати, ҳузур-ҳаловати яна бир бор хотирасида гавдаланди, чоғи. Суҳбатимиз қизҚин тус олди. Устоз, шарафли унвон олган дамларни шундай эслайди: «Бир йиллар ўтиб ҳаётимда навбатдаги эсда қоларли ҳодиса рўй берди. Режадаги мақолаларни тайёрлаш мақсадида Шўрчи туманида сафарда эдим. Шўрчи туман газетаси таҳририятида ҳазилкаш Н. Тошбоев деган укамиз ишларди. У бир вақт «Ака, унвон олибсиз, табриклайман» – деди, қўлимга газета тутқазиб. Уканинг навбатдаги ҳазили афандилиги бўлмасин, деган ўй билан газетани олиб варақлай бошладим. Унинг гапи рост экан. «Халқ сўзи» газетасининг 1991 йил 25 августдаги сонида Президент фармони билан Давлат мукофотини олганларнинг исми-фамилияси эълон қилинди. Менга Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист унвони насб этган эди. Мамлакатимиз Мустақиллигининг 20 йиллиги кўкрак нишонини ўша вақтда вилоят ҳокими бўлган Туробжон Жумаев ҳокимиятнинг мажлислар залида топширди. 22 йил тинмай ишладим. Вилоят туманларини, хўжалик, корхона, маърифат даргоҳларини гоҳ машинада, гоҳ пойи-пиёда неча бор кезиб чиқдим. Вилоят янгиликлари, одамлар ютуғи, тақдирлар ҳақида юзлаб мақола, йўл очерклари, лавҳалар ёздим. Баъзан танқидий чиқишлар қилдим. Учта машинам эскирди.
Ўтган 2021 йилда Президентнинг фармони билан устоз «II даражали меҳнат фахрийси» унвонига сазовор бўлди. «Бу унвон мен ва шогирдларимга, вилоятимиз журналистларига берилган» деди устоз камтарлик билан.
– Излаб топган, ўқиган, шодланган китоблар ҳақида ҳам тўхталсангиз?
– Китоблар – катта туганмас хазина. Мен ҳали-ҳануз шу хазина ичидаман, ўқиб ҳузурланаман. Ўзбек ёзувчиларидан Шукур Холмирзаев, Эркин Аъзам ҳикоялари, Мурод Муҳаммад Дўстнинг «Лолазор», Чингиз Айтматовнинг «Оқ кема» асарлари ва бошқа бир қанча китобларни ўқидим.
– Ёшларга ва ёш касбдошларингизга айтмоқчи бўлган насиҳатларингиз ҳам бордир?
– Ростини айтсам уларга ҳавасим келади. Ҳозир ёшларга яшаш, ўқиш, изланиш учун барча имкониятлар бор. Деярли ҳаммада компьютер, қўл телефон бор. Ёшлар ахборот технологиялари ривожланган даврда ишлаяпти. Улар ёшликнинг, вақтнинг, соғлиқнинг қадрини билган ҳолда мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, интилиб яшашлари, хорижий тилларини пухта билишлари керак. Кўпроқ илмий, бадиий, сиёсий китобларни мутолаа қилишларини ёддан чиқаришмасин.
Мен шахсий кутубхонамда устоз ҳаммуаллифликда ёзган бир дона китобини сақлаб келаяпман. «Китобхон пахтакорлар» китоби 1982 йили «Ўзбекистон» нашриётида чоп этилган. Ўзи илмга, нурга ташна бўлгани каби кўплаб одамларни эзгуликка бошлаган устозга чин маънода ҳавасим келади. Суҳбатимиз ниҳоясига етиб, устоз дуога қўл очгач Ўзбекистонда тинчлик, хонадонларда хотиржамлик, тўкин-сочинликни тилади. Устознинг муборак қўлларини олиб айрлашарканман бир шеър хаёлимни чулғади.
Атоқли зотларга адашсиз, Устоз,
Иродангиз метин, бардошсиз, Устоз.
Учувчи, олим, деҳқон, косибга
Сиз меҳрин боҚлаган жондошсиз Устоз.
Қаламингиз доим шай, сўзингиз ўткир,
Суварак мижозлар титрайди «дир-дир».
Сарлавҳа топишда жуда моҳирсиз,
Ҳалол меҳнат ила топдингиз қадр.
Унвон, мукофотлар муборак сизга,
Устоз бўлиб юринг биз шогирдларга.
Аллоҳ умрингизни зиёда қилсин,
Доим бардош бўлинг, киринг юзларга!
Ўрол АБРАЕВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси, шоир