Оммавий қабул фуқароларнинг истаклари ифодаси

Туманимиздаги «Сурхон соҳили» маҳалласида фуқаролар билан оммавий қабул ўтказилди. Фуқароларга ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича мурожаат қилишлари учун барча зарур шароитлар яратилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сурхондарё вилоятидаги халқ қабулхонаси мудири А. Эшмуродов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари У. Бўриев, туман ҳокими А. Нормаматов, секторларнинг раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қумқўрғон туманидаги халқ қабулхонаси мудири Р. Тўхтаев ва тегишли ташкилотларнинг раҳбарлари оммавий қабулда қатнашиб, фуқароларнинг мурожаатларини ўрганди. Юздан зиёд фуқаролар юқори ташкилотлар раҳбарлари билан юзма-юз учрашиб, турли масалалар бўйича мурожаат қилди. Кўп масалалар жойида ҳал этилди.
– Мен аввалги сайёр қабулда вилоят ҳокими Тўра Боболов билан учрашиб, ўтимдаги касалликни даволаш учун ёрдам беришини сўрагандим. Масалам ҳал бўлди. Термиз шаҳридаги 2-жарроҳлик бўлимида ўтимда жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Жарроҳлик бўлими бошлиғи Бекпўлат Оқбўтаев, шифокор Умида Турдиалиева мен билан жуда самимий муомалада бўлишди. Оғир аҳволда шифохонага боргандим, соғайиб уйимга келдим. Бу галги оммавий қабулда вилоят ҳокимига ёзма миннатдорчилик билдирдим. Тиббиёт ходимларига ҳам раҳмат, – деди «Дўстлик» маҳалласидан Ж. Назарова.
– Оммавий қабулга кўкрак қафасимда жарроҳлик ишини бажаришда ёрдам сўраб келгандим. Термизда жарроҳлик амалиёти ўтказиладиган бўлди, – деди Шаҳноза Жўраева.
Ўз мухбиримиз