Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада ошириш бўйича қилинаётган ишлар

Мамлакатимизда янги Ўзбекистонни барпо этишдек улуғ мақсадга эришиш йўлида асосий таянчимиз бўлган азму шижоатли ёшларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларга барча соҳаларда ўз иқтидори ва салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиб бериш давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.

Айниқса, умумий ўрта, профессионал ва олий таълим муассасаларини тамомлаб, мустақил ҳаётга қадам қўяётган йигит-қизларни муносиб иш ва даромад манбаи билан таъминлаш, уларга замонавий касб-ҳунарлар, IT-технологияларни ўргатиш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Биргина 2021 йилнинг ўтган даврида ёшлар билан ишлашнинг мутлақо янги тизими ҳисобланган «Ёшлар дафтари» ва «Ёшлар дастурлари» асосида 430 минг нафар йигит-қизнинг ҳаётий муаммоларини ҳал этиш учун 300 миллиард сўм маблағ йўналтирилгани, 92 минг нафардан зиёд ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун
2,3 триллион сўм имтиёзли кредитлар, қишлоқ жойларда яшаётган 230 мингдан ортиқ ёшларга деҳқончилик билан шуғулланиши учун 61 минг гектар ер майдони ажратилгани бу борадаги ишларнинг кўлами тобора кенгайиб бораётганини кўрсатади.

«Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг давлат олий таълим муассасаларида таълим олаётган фарзандларига 2021/2022 ўқув йилида биринчи ўқув йили учун тўлов-контрактнинг тўлиқ суммаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

«Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган оилалар фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларга янги турмуш қураётганида ўз хонадонида қўшимча уй-жой қуриши учун 33 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратилади.

Ёш оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида ипотека дастури доирасида бошланғич бадал ва фоиз тўловлари бўйича қўшимча 2 мингта ёш оилага уй-жой сотиб олиши учун субсидия ажратилади.

2021 йил 1 сентябрдан бошлаб республикадаги олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқиётган талабалар учун Марказий банкнинг асосий фоиз ставкаси миқдорида ва ўқиш муддати тугагандан кейин еттинчи ойдан бошлаб 7 йил муддатда қайтариш шартлари асосида таълим кредитлари берилади.

2021 йил 1 сентябрдан бошлаб Тошкент шаҳрида Ёшлар бизнес мактаби,
2022 йилдан бошлаб барча ҳудудларда унинг филиаллари ташкил этилади.

Ёшлар томонидан кўтарилган таклиф ва ташаббуслар, муаммо ҳамда масалалар ечими юзасидан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси ёшлари куни арафасида Ҳукуматнинг дастури, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар ҳокимликларининг алоҳида ҳудудий дастурлари қабул қилинади.

Мазкур дастурлар ёшларнинг билим ва касб-ҳунар эгаллаши, улар учун муносиб иш ва турмуш шароитини яратиш, бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган комплекс чора-тадбирлардан иборат бўлади.

Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2022 йилдан бошлаб ҳар йили 1 июнга қадар мазкур бандда кўрсатилган Ҳукумат дастури лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин, шунингдек, ҳудудий дастурлар қабул қилинишини ташкил қилинади.

Фармон билан 2021 йил 1 сентябрдан Тошкент шаҳрида Ёшлар бизнес мактаби, 2022 йилдан бошлаб барча ҳудудларда унинг филиаллари ташкил этилади. 2021 йил
1 октябрдан ёшларнинг “Бизнесга биринчи қадам” стартап ғоялари танловлари ташкил этилади ҳамда ҳар бир туман ва шаҳарда камида уч нафардан ғолибга грантлар бериш амалиёти жорий этилади. Энг яхши лойиҳаларнинг ҳар бири учун БҲМнинг
200 бараваригача грант маблағлари берилади. 2021/2022 ўқув йилидан босқичма-босқич умумий ўрта ва ўрта махсус, профессионал ва ОТМларда ахборот технологиялари дарслари Кембриж дастури асосида ўтказилади.

2021 йил 1 сентябрдан Олимпия ва Паралимпия ҳамда Осиё ва Параосиё ўйинлари, жаҳон, Осиё ва республика чемпионатларида охирги 5 йилда ғолиб ва совриндор
(1-3 ўрин) бўлган, шунингдек, олис ва чекка ҳудудларда ишлаётган спортчи-тренерларга: спорт тўгаракларини ташкил этиш учун туман ва шаҳарларда бўш турган давлат мулки ҳисобланган бино ва иншоотлар электрон савдолар ўтказмаган ҳолда, ушбу объектга нисбатан белгиланган энг кам ижара тўлови ставкасининг 50 фоизи миқдорида ижарага берилади; спорт инвентарлари, буюмлари ва жиҳозларини харид қилиш учун субсидиялар ажратилади; камида 100 нафар ёшларни мунтазам спорт билан шуғулланишини ташкил этган тақдирда БҲМнинг 10 бараваридан кам бўлмаган миқдорда ҳар ойлик тўлов жорий этилади.

2021 йил 1 октябрдан ҳар йили “Болалар ва ёшлар учун энг яхши китоб” танлови ташкил этилади. Танловда ғолиб деб топилган муаллифларга: биринчи ўрин учун –
100 миллион сўм; иккинчи ўрин учун – 75 миллион сўм; учинчи ўрин учун – 50 миллион сўм мукофот маблағлари ажратилади.

 

«Мадад» ННТ нинг Қумқурғон туман ҳуқуқий маслаҳат бюроси бош мутаҳассиси  Маматов Фахриддин