ОЛИЙ ТАЪЛИМГА ЎҚИШГА КИРИШДА АДАШГАНЛАР ҚИСМАТИ

Ҳозир олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қиладиган палла. Бу пайтда ёшлар ва уларнинг ота-оналари хурсандчилиги чексиз бўлади. Шу билан бир вақтда порахўрлар ҳам ўлжа қидиради. Кимки, уларнинг ёлғон гапларига ишонса, билим билан эмас  таниш-билиш ёрдамида осон, қинғир йўл билан ўқишга кираман деб ўйласа янгилишади. Бунга мисол сифатида 2022 йил 16 майда Жиноят ишлари бўйича Шўрчи тумани судида кўриб чиқилган Б. Т. нинг ( исми, фамилияси ўзгартирилган) жиноят ишини сизга маълум қиламиз. Таълим муассасасида фаолият юритиб, билим олишнинг нақадар зарурлигини, ёш кадрлар инсоний фазилатлари ва мутахассислиги билан жамиятга муносиб бўлиб камолга етишини англаган педагог нафс балосига йўлиқди. У Шўрчи туманидаги 7-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида директор лавозимида ишлаб «Боботоғ» маҳалласида яшовчи Л. Ф. ни Термиз давлат университетининг «Рассомчилик» факультетига ўқишга киритишга ваъда берди. Унинг онасидан 300 АҚШ доллари олиб қизини ўқишга киритмади, пулни ҳам эгасига қайтармади. Ёлғон ваъдаларга учган она порахўр директордан пулини қайтариб беришни сўраб бир неча марта олдига борди. Устамон қаллоб, ҳаром пул топиш ниятидан қайтмади. Устига-устак қизнинг отасини ўзи ишлаётган таълим муассасасига 2000000 сўм эвазига сантехник вазифасига ишга қабул қилишга сўз берди. Оғзи куйган сувни ҳам пуфлаб ичади, дейишганидек, алданган оила бошлиғи бу гал порахўрнинг ёлғонига учмади. 2022 йил 24 февралда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари Шўрчи Давлат хизматлари маркази ҳовлисида жиноятчини қўлга туширди.

Суд барча тўпланган ашёвий далиллар асосида порахўрнинг жиноятини тўлиқ фош этди. Суд ҳукмини эълон қилди. Собиқ директор, кейинги пайтда ўқитувчи бўлиб ишлаган,  аммо порахўрликни ўзига муносиб кўрган шахсни айбдор деб топди. Унга маълум муддатга давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юкланган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш, озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Сутканинг кеч соат 21.00 дан эрталаб соат 7.00 гача яшаш жойидан чиқиши чекланди. Жазонинг ижроси Шўрчи туман ИИО Пробация гуруҳи зиммасига юкланди.

М. ҲАКИМОВ,

Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман суди раиси