Илмий тафаккур соҳиби

Маънавият ва маърифат маркази Қумқўрғон туман бўлинмаси раҳбари Шоҳруҳмирзо Мамадиев ташаббускор, фаол, илмий салоҳиятга эга ёш сифатда кўп ютуққа эришмоқда. Унга хос ибратли жиҳатлардан бири илмий мушоҳада юритиш, илмий тафаккур маҳсуллари билан илмий-амалий конференцияларда қатнашиб, муносиб тақдирланмоқда. 2014 йил Ўзбекистон Миллий университетида «XXI аср – интеллектуал авлод асри» номли Республика илмий-амалий конференцияда иштирок этиб, сертификатини қўлга киритди.
Шу йили Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент Ислом университети (ҳозирги Ўзбекистон Халқаро Ислом Академияси)да «Миллий ва маънавий қадриятларнинг юксалишида аёлларнинг ўрни ва роли» номли илмий-амалий конференцияси сертификатига ҳам эга бўлди. У Тошкент Ислом университети, Қарши Давлат университети, Жиззах Давлат университети талабалари ўртасида ўтказилган Республика илмий-амалий конференциясида диплом ва сертификатга лойиқ деб топилди. 2019-2021 йилларда Россия Федерацияси, Германия Федератив Республикаси, Польша, Ҳиндистон Республикалари, Недерландия давлатларида ўтказилган Халқаро онлайн конференцияларда 20 га яқин илмий мақолалари чоп этилди.
Изланувчан ижодкор газета таҳририятлари билан ҳамкорлик қилиб илмий мақолаларини нашр эттирмоқда. Унинг мақолаларидаги тарихий фактлар газетхонлар учун аҳамиятли бўлиб, дунёқарашини ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда. «Сурхон тонги», «Қумқўрғон садоси» газеталарида истеъдод соҳибининг юздан зиёд илмий мақолалари газетхонлар эътиборига ҳавола этилди.
Ш. Мамадиев турли кўрик-танловларга видеороликлар тайёрлади. Ижодий ишлари АТР, Ишонч телевидениеларида, ижтимоий тармоқларда намойиш этилди. Маънавият ва маърифат маркази Қумқўрғон туман бўлинмаси раҳбари учун 2022 йил ҳам омадли келди. Фарғона вилоятида ўтказилган илмий-амалий анжуманда «Энг яхши илмий тадқиқотчи» эсдалик нишони ҳамда Тошкент шаҳрида «Илм-фан соҳасидаги хизматлари учун» эсдалик нишони ва махсус кўкрак белгиси билан мукофотланди.