Ёшлар фестивали

Туманимиздаги Наврўз номли маданият ва истироҳат боғи ёшларнинг хурсандчилиги, ўйин-кулгуларига тўлди. Чунки бу ерда Ёшлар фестивали ва Мудофаа вазирлиги кубоги «Мен ғолиб» шиори остида спортнинг миллий кураш ва тош кўтариш тури бўйича ёшлар ўртасида Қумқўрғон туман чемпионати кўтаринки кайфиятда ўтказилди. Қумқўрғон туман ҳокимлиги, туман мудофаа ишлар бўлими, туман спортни ривожлантириш бўлими, Ёшлар ишлари агентлиги Қумқўрғон туман бўлими ҳамкорликда маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар учун қизиқарли кўргазмалар ва спорт мусобақалари ташкил этди. Тадбир доирасида «Баркамол авлод» болалар маркази, 42, 24, 18-мактаблар, мактабгача таълим ташкилотлари, туман Ахборот-кутубхона маркази тарихий ва замонавий ҳунармандчилик намуналари, китоблар кўргазмаси билан тадбирга мазмун ва чирой бағишлади. Спорт мутахассислари мураббийлигида ёшлар ва ҳарбийлар кураш, тош кўтариш, арқон тортиш, армреслинг, стол тенниси, ҳаво милтиғидан ўқ отиш, камондан ўқ отиш спорт мусобақаларида қатнашиб, завқланди.
Кураш мусобақасида 60 килограмм вазн тоифасида «Хуррият» маҳалласидан М. Хамроқулов, 66 килограмм вазн тоифасида «Умид ниҳоллари» маҳалласидан А. Абдуназаров, 73 килограмм вазн тоифасида «Хўжамулки» маҳалласидан Ш. Жуммаев, +73 килограмм вазн тоифасида «Азларсой» маҳалласидан Ж. Ёқубов фахрли биринчи ўринни эгаллади. Барча спорт турларида қизғин, қизиқарли жараёнлар кузатилди. Туман ҳокими Р. Гаппаров ёшлар ва мудофаа ишларида намунали хизмат қилаётган ҳарбийларни қизғин табриклади. Уларга махсус совринлар ва қимматбаҳо совғаларни тантанали равишда топширди. Катта саҳнадаги «Гала концерт»да туман маданият бўлими ва ҳарбий оркестр санъаткорлари ёшлар учун концерт дастурини намойиш қилди.
Ўз мухбиримиз