Давлат хизматлари кўрсатиш маркази субъектлар ва фуқаролар фаолиятида кенг ўрин тутмоқда. Замонавий компьютер технологиялари воситасида намунали хизмат кўрсатилаяпти. Аҳоли ва меҳнат жамоаларига тез, шаффоф тарзда хизматлар амалга оширилаяпти. Натижада мижозларнинг бу янги турдаги ташкилотга ишончи ошмоқда. Ҳурматли юртбошимиз давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш учун имзолаган янги фармонида тизим ходимларига соҳадаги фаолиятини янги тараққиёт босқичига кўтариш бўйича масъулиятли вазифаларни белгилаб берди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси шу фармонга мувофиқ қарор қабул қилиб, Давлат хизматлари маркази ва Ягона интерактив давлат хизматлари порталида «Автомобиль тарихи» маълумотларини аниқлашни йўлга қўйиши зарурлигини кўрсатди. Бунда «Автомобиль тарихи» маълумотлари давлат рўйхатидан ўтказилган сана, босиб ўтилган масофаси, фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар тузилганлиги, йўл-транспорт ҳодисаси содир этганлиги ва бошқаларни қамраб олади. Автотранспорт воситаларига берилган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиси орқали шартномавий асосда амалга оширилади. Давлат хизматлари маркази, Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали, веб-сайтлар уларнинг иловалари орқали Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги томонидан кўрсатилади.
«Автомобиль тарихи» маълумотлари автотранспорт воситасига доир ахборотларни ўз ичига олади. Қарорда бу маълумотлар кенгайтирилган тарзда ёзилган. Ваколатли орган манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан келишилган ҳолда «Автомобиль тарихи» маълумотларига қўшимча маълумотларни киритиш мумкин. Ариза берувчига маълумотларни олишга йўл қўйилади. Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи, мудофаа ва давлат хавфсизлик хизмати соҳасидаги, шунингдек, ҳуқуқий муҳофаза қилувчи органларга тегишли автотранспорт воситалари тўғрисидаги маълумотлар бундан мустасно. Марказлар ва ваколатли орган ўртасида ахборот алмашинуви фақат идоралараро ўзаро электрон боғланиш ёрдамида амалга оширилади.
Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланиш учун марказга келиб мурожаат қилади ёки электрон тарзда фойдаланиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтади. Ариза берувчи келиб мурожаат этганда марказ ходими ариза берувчи номидан, Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан мурожаат қилганда мувофиқ шаклдаги сўровномани электрон равишда мустақил тўлдиради. Ариза берувчи веб-сайтлар ёки бошқа онлайн платформалар орқали йўлланганда сўровномани тўлдириш талаб этилади. Давлат хизмати Марказда кўрсатилганда базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи миқдорида йиғим ундирилади. Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан фойдаланганда Марказда тўланадиган сумманинг 90 фоизи миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим тўланганлиги ахборот-коммуникация тизимларида тасдиқланади.
«Автомобиль тарихи» маълумотларини олиш учун ариза берувчидан талаб қилинадиган ҳужжатлар рўйхати: фамилияси, исми, отасининг исми, паспорт (идентификацияловчи ID – картаси) маълумотлари (серия, рақами), жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами ( ISH SHIK ) (мавжуд бўлганда), электрон манзили ва телефон рақами, автотранспорт воситасининг давлат рақами белгиси, автотранспорт воситасининг рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳнома маълумоти (серия ва рақам).
Бекзод АБДУЛЛАЕВ,
туман Адлия бўлими Давлат хизматлари маркази бўлим бошлиғи