Республика ишчи гуруҳининг оммавий қабули

Туманимиздаги «Янгиер» маҳалласидаги 20-болалар мусиқа ва санъат мактабида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва топшириғига асосан тузилган Республика ишчи гуруҳининг Сурхондарё вилоятидаги оммавий қабули ўтказилди. 2022 йил «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»га бағишланган сайёр қабул жараёнида «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган улуғвор ғоя амалга оширилди.
Қумқўрғон, Бандихон, Шўрчи туманларида аҳолини ўйлантираётган масалаларни «Маҳаллабай» ўрганиш ва ҳал этиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Т. Худойбергенов раҳбарлигида тузилган ишчи гуруҳ туманимизда фаолият кўрсатди. Президент маслаҳатчиси ўринбосари Алишер Усмонов сайёр қабулнинг мақсадини тушунтириб, Республикамиз пойтахтидан келган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва 30 та вазирликнинг таниқли раҳбарлари ва мутахассислари билан яқиндан таништирди. Фуқароларнинг масалаларини ўрганиш ва керакли соҳалар бўйича қабул қилиш учун қулай шароитлар яратилди. Компьютерлаштирилган тизимда ишлаш учун тайёрланган техник воситалар фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш масалаларини бажаришни енгиллаштирди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Светлана Ортиқова, Ўзбекистон Республикаси Олий суд раиси ўринбосари Х. Тўрахўжаев, Олий суд судьялари О. Арабов, Д. Каримов, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги вазири ўринбосари Нодиржон Яқубов ва ишчи гуруҳ таркибига кирган юқори мартабали, катта иш тажрибаларига эга вазирликларнинг вакиллари ўз соҳаларига тааллуқли масалаларда фуқаролар билан юзма-юз суҳбатлашди. Улар фуқароларнинг ҳуқуқбузарлик, қишлоқ хўжалиги, экология, артоф-муҳит муҳофазаси, банк хизмати, халқ таълими, мактабгача таълим, Олий ва ўрта махсус таълим, нуронийлар, автомобиль йўллари, транспорт, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, пенсия, ахборот ва оммавий коммуникация технологиялари, оила, хотин-қизлар масалалари, электр энергия, табиий газ, ичимлик суви билан боғлиқ кўп ишлари бўйича мурожаатларини қабул қилиб, ҳал этиш чораларини қўллади. Вилоят ҳокими Тўра Боболов, вилоят секторлари раҳбарлари, ташкилотлар, корхоналар ва муассасалар бошлиқлари оммавий сайёр қабулда фаол қатнашиб фуқароларга масалаларини ҳал қилишда яқиндан ёрдам берди.
– Мен Қумқўрғон туманидаги «Гулистон» маҳалласидан келиб, электр энергияси ва сув масаласида мурожаат қилдим. «Ҳудудгаз таъминоти» АЖ ва республика сув таъминоти бошлиқлари менинг ишимни ҳал этишини айтишди, – деди фуқаро Раъно Тулибоева.
– Мен Узун туманидан келиб, суд-ҳуқуқ ишларига тааллуқли қийналаётган масаламда мурожаат қилдим. Олий суд судьяси О. Арабов гапимни эшитиб, яхши муомала қилди, ишим ҳал бўлишидан хурсандман, – деди Юсуф Қулбошев.
      Н. МУҲАММАДИЕВ