ОДИЛ СУДЛОВ ВА СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИНИ ИСЛОҲ ҚИЛИШДА ЯНГИ ФАРМОН ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ

Кейинги йилларда Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ соҳасида туб ўзгаришлар амалга оширилди. Хусусан, суд органларини ихтисослаштириш, судьяларни лавозимига тайинлаш, қайта тайёрлаш, уларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий мақомини янада ошириш бўйича қатор чора-тадбирлар кўрилди.

Давлат томонидан кўрилаётган бундай чора-тадбирлар судьялар ишининг сифати ва тезкорлигини таъминлаш имкониятини бермоқда. Натижада суд хатоларининг сони, ишларни кўриш муддатларини бузиш ҳоллари сезиларли даражада қисқариб бормоқда.

Охирги уч йил мобайнида суд-ҳуқуқ соҳасини изчил ислоҳ қилиш юзасидан бир қанча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ва тизим амалиётида янги процессуал ҳаракатлар, ОАВларининг суд мажлисиларида иштирокини ва бошқа бир қанча мамлакатимиз суд тизими учун янги бўлган тартиб-қоидалар жорий этилди.

Шундай бўлсада, одил судлов соҳасидаги барча муаммолар ҳал этилди деган фикрни қатъий айта олмаймиз. Боиси, мамлакатимиз суд тизимидаги камчиликлар ҳамон учраб туради. Шу нуқтаи назардан, ишларнинг асосий қисмини юқори судларда чўзиб юбормасдан жойларнинг ўзида ҳал этишга эришилиши бугун долзарб масалалардан бирига айланган.

Зеро, яқин кунларда юртимизда меҳмон бўлган ва суд-ҳуқуқ тизимида бир қанча таҳлилларни ўтказган ва ўз таҳлиллари билан ўртоқлашган БМТ махсус маърузачиси Диего Гарсия-Сайян, Иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро экспертлар суд-ҳуқуқ тизимидаги бир қанча камчиликларни мавжудлигини жиддий танқид қилганди.

Судга нажот, адолатли ечимни истаб келган фуқаронинг даъвоси бўйича судда аниқ ҳуқуқий ечим топилсагина ҳамда суднинг қарори «ўзгарувчанлик хусусияти»га эга бўлмасагина суд тизимига бўлган ишонч ва ҳурмат ошиши мумкин.

Айтиш жоизки, Президентимиз томонидан қабул қилинган «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони фуқароларнинг судларга бўлган ишончини мустаҳкамлашда, одил судловга эришишда қолаверса, қонуний суд қарорларини қабул қилишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2020 йил 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилиниб, мазкур камчилик ва қонунчилик тизимидаги бўшликлар тўлиқ бартараф этилди.

Жумладан, Фармонга биноан мамлакатимизда вилоят даражасидаги фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлар бирлаштирилиб, ягона умумюрисдикция судлари ташкил этилади. Бунда 2021 йил 01 январдан эътиборан уч йўналишдаги судлар негизида ягона суд ташкил этилиб, вилоят суди раиси ва ҳар бир йўналиш бўйича ўринбосар лавозими, судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда вилоят судининг ҳар бир ҳайъатида 6тадан 19тагача судьядан иборат алоҳида фуқаролик, жиноят ва иқтисодий ишлар бўйича ҳайъатлар ташкил этилади.

Суд тизими ва унинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш билан боғлиқ ушбу ўзгариш илҚор хорижий мамлакатлар тажрибасига асосланганлигини ҳам айтиш лозим. Жумладан, Франция, Италия, Канада, Жанубий Корея, Беларусь каби давлатларда ўрта бўғин умумюрисдикция судлари фуқаролик, жиноят ва иқтисодий ишлар бўйича ягона суд сифатида фаолият юритади.

Фармонда яна бир муҳим ўзгаришни амалга ошириш кўзда тутилган. У ҳам бўлса, илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда республикада самарали маъмурий судлов тизимини яратиш мақсадидир.

Чунки амалдаги маъмурий судлар тизимида қатор муаммолар кузатилмоқдаки, улар, юқорида айтилганидек, фуқароларнинг ҳақли эътироз ва норозиликларига сабаб бўлмоқда, судлар фаолияти сифатига салбий таъсир кўрсатяпти.

Мазкур муаммоларни бартараф этиш мақсадида фармонда маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилиши орқали уларнинг иш юкламасини камайтириш ва фаолият самарадорлигини ошириш белгиланди. Шу муносабат билан илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда республикамизда самарали маъмурий одил судлов тизими яратилмоқда. Бунда Фармонга мувофиқ, 203 та туман ва шаҳар маъмурий судларини мақбуллаштириб, уларнинг негизида вилоят марказларида 14та туманлараро маъмурий судлари ташкил этиш назарда тутилмоқда.

Маъмурий судлар фаолияти тўлиҚича давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жумладан, маҳаллий ҳокимликларнинг фаолиятида қонунийликни таъминлаш, уларнинг ноқонуний қарорларини бекор қилиш орқали фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ўз вақтида ҳамда самарали тиклашга йўналтирилиши халқаро экспертлар, хусусан, БМТ ривожланиш дастури, Германия ривожланиш соҳасида ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) ва Нагоя университети мутахассислари томонидан мақбул ечим сифатида эътироф этилди.

Бундан ташқари, прокурорнинг судда иш жараёнида иштирок этиш тартиби илғор халқаро стандартларига мослаштирилмоқда. Хусусан, прокурор суд жараёнида айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш, прокурор томонидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина суддан ишни ўрганиш учун чақириб олиш, прокурорнинг фуқаролик ва иқтисодий ишларни кўрилишида ўз ташаббуси билан иштирок этишини чегаралаш назарда тутилмоқда.

Қолаверса, прокурорнинг унинг иштироки шарт бўлмаган фуқаролар ёки тадбиркорлик фаолияти билан боҚлиқ ишлар кўрилишида ҳам ўз танлови асосида қатнашиб, тарафлар ёки судга босим ўтказиши, прокурорнинг фақатгина айрим тоифадаги иқтисодий фуқаролик ишларини судда кўриб чиқилишида мажбурий иштирок этиши сингари салбий ҳолатларга барҳам берилиши мазкур фармон аҳамиятини янада оширади.

Жорий этилаётган тартиб прокуратура ва суд орасидаги муносабатларни халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга ҳамда жиноят процесси иштирокчилари ваколатларининг ўзаро мувозанатини таъминлашга хизмат қилади.

Бундан ташқари, Фармонга мувофиқ тегишли туман, шаҳар аҳоли сонидан ва судларнинг ҳақиқий иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда 2021 йил 01 январдан 4та туман – Амударё, Нуробод, Бойсун ва Пастдарғомда иқтисодий судлар тугатилади. 5та туман – Янгийўл, Ургут, Сўх, Хатирчи ва Пахтакорда фуқаролик судлари ташкил этилади. Бўзатов, Тахиаташ, Бандихон ва Тупроққалъада жиноят судлари ташкил этилади.

2021 йил 01 январдан бошлаб ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали «бир суд – бир инстанция» тамойили жорий этилади. Бунга кўра, туман ва шаҳар судлари томонидан кўрилган ишларни вилоят судлари фақат апелляция инстанциясида кўриб чиқиши мумкин бўлади.

Олий суд тузилмасида йирик инвесторлар иштирокидаги инвестициявий низолар ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича алоҳида судлов таркиби тузиш кўзда тутилган. Яна бир янгилик Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ишлаш бошқармаси, вилоят ва унга тенглаштирилган судларда матбуот хизматлари ташкил этилади. Бу ҳам ҳозирги глобаллашув ахборот майдонида айни муддаодир.

Фармонда ушбу ҳолатларни бартараф этиш ҳамда суднинг Ўзбекистон Республикаси номидан қарор қабул қилишини инобатга олиб, республика Конституциявий суди, Судьялар олий кенгаши, Олий суд, қуйи суд тизими судьялари, Судьялар олий мактаби ва уларнинг аппарати ходимлари, Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимлари иш ҳақлари ва қўшимча тўловларини тўлиқ Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириш белгилаб қўйилди.

Ушбу фармон мамлакатимизда холис ва одил судловни таъминлаш, суд жараёнида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини қонуний ҳимоя қилишнинг янги даврини бошлаб беради.

ҚумқўрҚон туманлараро иқтисодий суди раиси С.Аллабердиев