Спорт соҳасида ўрнини топди

Тумандошларимиз яқин-яқингача ўзбек миллий курашида довруғ таратган Туро полвонни яхши эслайди. У кураш мухлислари кўп йиғилган давраларда йиллар давомида курашга тушиб, ғолиб чиққанди. Полвон совринларни қўлга киритганида шунга яраша қувонганди. Термиз шахрида ўтказилган Ал-Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган анъанавий халқаро мусобақа ва жаҳон чемпионатида ғолиб чиқиб, олтин медални олганида хурсанд бўлганди. Туро полвоннинг яна бир ибратли жихати фарзандларига хам ўзбек кураши усулларини ўргатди.

Унинг қизи Сохибжамол Холиқулова 41-мактабда ўқиган чоғларидаёқ бу спорт турига қизиқди, отасидан дастлабки сабоқларни олди. Отаси қизига кураш миллий қадрият эканлиги, аёллар хам бемалол кураш билан шуғулланиши хақида тушунтириб, кураш усулларини ўргатган. Бунда «ёнбош» усули кенг ўрин тутган. Сохибжамол ўқувчилик пайтида туман, вилоят, республика чемпионатларида қатнашган. Вилоят миқёсидаги мусобақаларда доимо ғолиб, республика чемпионатида совриндор бўлган.

У Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институтига (ҳозир университет бўлган) ўқишга киргач тажрибали мураббий Омон Тоймуродов курашнинг сир-асрорлари, техника ва тактикасини машғулотлар мабойнида такомиллаштирди. Усулларни амалий машғулотларда, мусобақаларда мустахкамлади. Мусобақаларда аввалига 70 килограмм вазн тоифасида қатнашиб Ўзбекистон чемпиони деган шарафли номга эришди. 3-4 курсларда 78 килограмм вазнда мусобақаларда қатнашди. Ўзбекистон терма жамоасига аъзо бўлди. Талабалик пайтида Самарқанд шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида фахрли биринчи ўринни эгаллаб, жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди. 2009 йилда жаҳон чемпионатига бориб, отаси Туро полвон ўргатган «ёнбош» усулини қўллади. Бу ғалабага эришиб олтин медаль билан тақдирланишига хисса қўшди.

Спорт соҳасида олий маълумотга эга бўлган мутахассис шу йили олий таълим муассасасини битирди. Оилали бўлди. Шунинг билан биргаликда Қумқўрғон туман Болалар-ўсмирлар спорт мактабида мураббий бўлиб ишлай бошлади. Тиниб-тинчимади, мураббий сифатида хар томонлама ўрнак бўладиган ходим эканлигини амалда кўрсатди. Қизларга кураш усулларини ўргатишда муваффақиятларга эришди. Спортчилардан Турдиева Азиза, Ёмғирова Ҳадича, Тўрақобилова Гулхан, Мустафақулова Ойбарчин, Жўраева Мафтуна каби кўп ёшлар кураш усулларини пухта ўргангани учун вилоят чемпиони ва республика чемпионати совриндори бўлди. Ўзи мураббий бўлса-да кураш мусобақаларида қатнашиб фахрли ўринларни эгаллади. 2016 йилда Бухоро шаҳрига бориб Республика чемпионатида +87 килограмм вазн тоифасида олтин медални қўлга киритди. 2018 ва 2019 йиллардаги Республика чемпионатларида фахрли иккинчи ўриндан жой олди.

Ҳурматли Президентимизнинг ташаббуси билан жахон чемпионлари, халқаро тоифадаги спорт усталарини жойлардаги спорт мактабларига директор вазифасига тайинлаш тўғрисидаги кўрсатмаларига асосан туман хокими Р. Гаппаровнинг тавсиясига асосан моҳир спортчи, мураббий, туманимиздан етишиб чиққан жаҳон чемпиони 2019 йил ноябрь ойида Қумқўрғон тумани Болалар-ўсмирлар спорт мактаби директори лавозимига тайинланди. Йирик мусобақаларда қатнашиб замонавий шарт-шароитлар яратилган спорт иншоотларини кўрган мутахассис директор лавозимида иш бошлагач келгуси ишларини режалаштирди. Эътиборини кўпроқ олимпия спорт турларини ривожлантиришга қаратди. Ўқувчилар спорт турларидан юқори натижаларга эришиб, келгусида олий таълим муассасаларига ўқишга киришга интилди. Шунгача туманда оғир атлетика, дзюдо, бокс спорт турлари билан шуғулланишга имкон бўлмаган. Янги директор бу спорт турлари бўйича тренерларни топиб, спортчилар билан шуғулланишига шароитларни яратди. Ҳозир 14 та олимпия, 8 та ноолимпия, битта миллий спорт турлари мавжуд. Ўғил-қизлар мураббийлари устозлигида машғулотларда тобланиб, маҳоратини ошираяпти. Яна шуниси қувончлики ўндан зиёд ёшлар республика чемпиони ва халқаро спорт мусобақалари ғолиблари бўлишди. Шу жумладан, Худойбердиев Жаҳонгир  таэквандо, Хамроқулов Мақсуд  кураш, Маматраимова Диёра кикбоксинг спорт турлари бўйича юқори натижаларни кўрсатди.

Мураббийлар спорт турлари бўйича машғулотлар ўтказиб ўғил-қизларга спорт кийимлари, спорт турлари усуллари, жиҳозлари ва уларни амалда қўллаш тушунчаларини ўргатмоқда. Маҳоратини доимий равишда ошириб, мусобақаларга тайёргарлигини синаб кўраяпти. Айни пайтда тренерлар Жўраев Акбар таэквандо, Раупов Шарофиддин дзюдо, Сатторов Баходир енгил атлетика, Бобоева Нулифар баскетбол, Омонтурдиев Шамсиддин, Йўлдошев Эркин Ушу, Рахмонбердиева Замира оғир атлетика спорт турлари бўйича яхши натижаларга эришмоқда. Мактаблардаги спорт залларида, спорт майдонларида 1396 нафар ўқувчилар бўш вақтларида спорт билан шуғулланаяпти. Улардан 341 нафар қиз болалар хам спорт усулларини ўрганаяпти. Бу ўқувчиларга 53 нафар мураббий машғулотлар ўтаяпти.

-Муҳтарам Президентимиз видеоселектор йиғилишида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга эътиборимизни жалб этди. Юртбошимиз спорт туманимизнинг ҳар бир махалласига, кўчасига, уйига кириб келиши керак деди. «Маҳаллабай», «Кўчабай» тизимда оммавий спорт мусобақалари ўтказилишини таъкидлади. Шунга асосан туманимизда бир неча мусобақалар бўлиб ўтди. Ҳоким кубоги учун мини футбол, Сектор раҳбарлари кубоги учун футбол, ДХХ кубоги учун шахмат, мини футбол, футбол мусобақалари қизиқарли бўлди. Ғолиблар аниқланиб муносиб тақдирланди, –  деди  спорт мактаби директори С. Холиқулова.

Туман Болалар-ўсмирлар спорт мактаби томонидан 2019-2022 йиллар мобайнида қўлга киритилган олтин, кумуш, бронза медаллари ҳам ривожланишга эришилаётганлигини кўрсатмоқда. Ўзбекистон чемпионати ва кубоги мусобақаларида 2019 йилда 6 та олтин, 8 та кумуш, 13 та бронза, 2020 йилда 14 та олтин, 7 та кумуш, 14 та бронза, 2021 йилда 26 та олтин, 18 та кумуш, 27 та бронза медалларига сазовор бўлди. Агар 2021 йилда жами 71 та медаллар қўлга киритилган бўлса, 2022 йилнинг 1 июнь ҳолатига жами 67 та медаллар билан тақдирланди. Бу 16 та олтин, 16 та кумуш, 35 та бронза медаллари  ҳисобланади. Халқаро мусобақалар, Осиё ва Жаҳон чемпионатларида эришилган ютуқларга тўхталсак. 2019 йилда 1 та олтин, 2020 йилда 10 та олтин, 4 та кумуш, 5 та бронза, 2021 йилда 1 та олтин, 2 та кумуш, 2 та бронза, 2022 йил 1 июнь ҳолатига 1 та олтин, 4 та кумуш, 7 та бронза медаллари умумий жамғармага қўшилди. 2019 йилга нисбатан кейинги йилларда ўсишга эришилаётгани сезилмоқда.

Албатта, бу ютуқларга жисмоний тарбия ва спорт сохасига эътибор, ёш ва умидли спортчиларни камолга етказиш учун қилинаётган мехнатлар, ташкилотчилик ва мураббийлик фаолиятининг уйғунлиги сабабли эришилаяпти. Соҳани яхши кўриб, астойдил меҳнат қилган спорт мутахассислари директор бошчилигида қувонарли натижаларга эришади. Спортчиларнинг мусобақаларда фахрли ўринларни эгаллаши, медаллар шодасини олиб келиши спорт мухлислари учун ҳам шодлик, бахтиёрлик дамларини ҳадя этади.

       Нурмуҳаммад МУҲАММАДИЕВ