«Омонтой»нинг жажжи билимдонлари

Юзларинг ял-ял ёниб, одимлайсан мардона,
Бир қўлингда сумка бор, биридачи гулдаста.
Ойлар ўтар, йил ўтар, улғаясан бир кун сен.
Сени кутар яқинларинг, кутади қаҳрамон эл.
Қизалоқлар, болажонлар етти ёшга тўлибсиз,
Табриклаймиз биз Сизни, Сиз ўқувчи бўлибсиз.
Айни пайтда мактабгача таълим муассасаларида “Хайр боғчам, салом мактаб!» тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири тумандаги “Элобод” маҳалласида жойлашган 39-сонли оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотида кўтаринки кайфиятда ўтказилди.
Таълим ташкилотида ҳам 7 ёшга тўлиб, жорий йилда мактаб таълимига чиқадиган болажонлар ўзларининг олган билим ва истеъдодларини намойиш этишди. Жажжи болажонлар ўзларининг бийрон тиллари орқали Ватанни мадҳ этувчи шеърлар, қўшиқлар ижро этишди. Инглиз тилида қўшиқларни биргаликда куйлашди. Ота-оналарнинг кўзларидаги мамнунликни кўриб фарзандларини ушбу муассасага берганликларидан афсусда эмаслигини ҳис этдик. Мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мактабгача таълим тизимига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, бу борада қабул қилинган фармон ва қарорлар ёш авлод тарбияси йўлида олиб борилаётган ишларни янги босқичга кўтармоқда.
25 нафар болажонларни ўз қучоғига олган ушбу таълим даргоҳида ҳам тарбиявий жараёнлар замонавий усулларда олиб борилмоқда. Кун давомида болажонлар билан турли хил машғулотлар ташкиллаштирилган. Жумладан, спорт машғулотлари, ёзув машқлари, нутқини ривожлантирувчи очиқ машғулотлар доимий равишда олиб борилади,- дейди муассаса раҳбари Саломат Жўраева. Тадбир давомида мактабгача таълим ташкилоти билан маҳалла ҳамкорлигининг яхши йўлга қўйилганлиги муносабати билан “Элобод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси С. Чориевга муассаса томонидан Ташаккурнома топширилди. Осмондаги нур сочиб турган порлоқ юлдузлар мисоли фарзандларимизнинг билимини ҳамда салоҳиятларини ўстиришда ҳар қанча меҳнат қилсак арзийди.

Райҳон МЕНГЗИЯЕВА