Фаол нуронийлар тақдирланди

Маҳалла тизимида амалга оширилиши зарур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда нуронийларимизнинг маҳалладаги ўрни ошаётганлиги кўрсатилган. Буни нуронийларнинг ҳаёт ва иш тажрибаси ошганлигини инобатга олиб ёшларга ўрнак бўлиши ишониб топширилганидан кўриш мумкин. Тумандаги барча маҳаллаларда ишсиз, ажрим ёқасига келиб қолган ижтимоий кўмакка муҳтож 10 нафар ёшларга ҳаётий тажрибага, обрў-эътиборга эга нуронийлар бириктирилганди. Ҳурматли нуронийлар ўзига бириктирилган ҳар бир ёшнинг муаммоларини ўрганиб, ҳаётда ўз ўрнини топишида кўмаклашмоқда.
Туман Маҳалла ва нуронийларни қўґллаб-қувватлаш бўлими ва Ёшлар ишлари агентлиги Қумқўрғон туман бўлими томонидан «Бир нуроний ўн ёшга масъул» лойиҳаси асосида кўрик-танлови ўтказилди. Нуронийларнинг эришган ютуқлари бўйича маълумотлар ва амалий ишлар акс этган фото суратлар жамланган альбомларини ҳакамлар ҳайъатига тақдим этди. Бу қизиқарли ва масъулиятли кўрик-танловда 32 та маҳалладан ёшларга бириктирилган нуронийлар қатнашди. Ҳакамлар ҳайъати уларнинг фаолиятидаги ютуқларни учта шарт бўйича аниқлади. Якуний қисмда туман ҳокими Р. Гаппаров ва секторлар ва ташкилотлар раҳбарлари, маҳалла фаоллари, нуронийлар иштирок этди. Туман ҳокими маҳаллаларда амалга оширилаётган ишлар, эришаётган ютуқлар ҳақида гапирди. «Бир нуроний ўн ёшга масъул» кўрик-танловида фахрли ўринларни эгаллаган нуронийларга мукофотларни топширди. «Халаки» маҳалласи нуронийси Исматулла Холиқов фахрли биринчи ўринни, «Беш қаҳрамон» маҳалласи нуронийси Файзи Маматмуродов фахрли иккинчи ўринни, «Янгиер» маҳалласи нуронийси Эргаш Ашуров фахрли учинчи ўринни эгаллади. «Жийдали» маҳалласи нуронийси Исломхон Ғаниев «Энг фаол нуроний» номинацияси бўйича тақдирланди. Уларга диплом ва пул мукофотлари топширилди. Шунингдек, «Жалоир» маҳалласи нуронийси Файзулла Хўжаназаров, «Ҳунармандлар» маҳалласи нуронийси Норқобил Бадалов, «Пастхам» маҳалласи нуронийси Холмўмин Абдураҳимов, «Янгиқишлоқ» маҳалласи нуронийси Абдуғаффор Мамановлар фаол иштирок этгани учун қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантирилди.
Туман санъаткорлари ижросидаги дилнаволари ва қўшиқлари, шоир ифодали айтган шеърлари, нуронийнинг табриги қутлуғ шодиёнага файз киритди.
Н. МУҲАММАДИЕВ