Савол беринг, жавоб берамиз

Савол: ФҲДЁга никоҳни қайд этиш учун ариза бермоқчимиз, бўлажак куёв Тошкент шаҳрида доимий истиқомат қилади. Мен эса Сурxондарёда, бунинг учун куёвнинг доимий яшаш жойидаги ФҲДЁга ариза бериладими ёки менинг яшаш жойимдагигами, шунингдек, ҳозирги вақтда Тошкент шаҳрида бўлганим сабабли тиббий кўрикдан шу ердаги тиббиёт муассасаларидан ўтсам бўладими?
Xалаки маҳалласи фуқароси Ашурова Барчиной.
Жавоб: Никоҳни қайд килиш 2021 йил 1-июндан бошлаб экстерриториал тартибда амалга оширилмоқда. Яъни эндиликда рўйхатда борми-йўқми исталган ҳудуддаги фуқарога қулай бўлган ФҲДЁ бўлимига никоҳни қайд этиш учун ариза топшириш ҳамда тиббий кўрикдан ўтиш мумкин.
Савол: Никоҳ тузиш тартиби ҳақида тушунтириб берсангиз?
Нурли диёр маҳалласи фуқароси Содиқов Аббос.
Жавоб: Никоҳ тузиш никоҳланувчиларнинг ФҲДЁ органларига ариза берганларидан кейин бир ой ўтгач, шаxсан уларнинг иштирокида амалга оширилади.
Узрли сабаблар бўлганда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаганнинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши) ФҲДЁ органи бир ой ўтгунга қадар никоҳ тузишга руxсат бериши мумкин.
Алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги ва бошқалар) никоҳ ариза берилган куни тузилиши мумкин.
Никоҳни қайд этиш муддатини узайтириш никоҳ тузувчиларнинг биргаликдаги аризаларига биноан кўриб чиқилади. Айрим ҳолларда етарли асослар бўлган тақдирда, шунингдек, ФҲДЁ органининг ташаббуси билан ушбу муддат уч ойгача узайтирилиши мумкин.
Савол: Никоҳ тузишга тўсқинлик қиладиган ҳолатлар борми?
Боғаро маҳалласи фуқароси Шерзод Алланазаров.
Жавоб: Никоҳ тузишга монелик қилувчи ҳолатлар, булар лоақал биттаси рўйxатга олинган бошқа никоҳда турган шаxслар ўртасида;
насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек, фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида;
лоақал биттаси руҳият бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шаxслар ўртасида йўл қўйилмайди.
Саволларга туман ФҲДЁ бўлими 2-тоифали инспектори Сулаймон Алиқулов жавоб берди