ОИЛА ТИНЧ – ЮРТ ТИНЧ

Оила-инсон тафаккурининг олий маҳсули. Зотан, бу мўъжаз маскан умримизга мазмун, ҳаётимизга файз берибгина қолмай, жамият равнақи, юрт тараққиётида муҳим ўрин тутади. Айни чоғда оиладаги тотувлик ва аҳиллик кишининг онгу шуурида ҳаётга муҳаббат, касбга садоқат, атрофдагиларга нисбатан ҳурмат ва эътибор сингари юксак инсоний фазилатларни ҳам шакллантиради.

Соғлом муҳит қарор топган оилалар юрт корига ярайдиган, эл хизматига камарбаста бўла оладиган фарзандларни тарбиялаб, камолга етказишнинг энг асосий омилларидан биридир. Шу боисдан ҳам мамлакатимизда оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, уни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган. Президент Ш.Мирзиёев таъкидлаганидек, “Биз учун муқаддас бўлган оила асосларини янада мустаҳкамлаш, хонадонларда тинчлик-хотиржамлик, аҳиллик ва ўзаро ҳурмат муҳитини яратиш, маънавий-маърифий ишларни аниқ мазмун билан тўлдиришдан иборат бўлмоғи зарур. Аёллар ўртасида жиноятчилик, оилаларда ажралишлар кўпайгани, ёшларнинг турли диний-экстремистик оқимлар ва террористик ташкилотлар таъсирига тушиши каби халқимизга хос бўлмаган аччиқ ва нохуш масалалар билан боғлиқ”.

Мамлакатимизда ҳар бир оила давлат муҳофазасига олинган. Оила кодекси ва бошқа қонун ҳужжатлари оилавий муносабатларни тартибга солиш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, нафақат эр-хотин, айни чоғда вояга етмаган фарзандларнинг ҳам ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга молик. Эътиборли жиҳати шундаки, ажралиш арафасида турган оилаларни яраштириш, юзага келган низоларни тинч йўл билан бартараф этиш борасида фуқаролик ишлари бўйича судлар ҳамда ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини қошида ташкил этилган яраштирув комиссиялари томонидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Албатта, жамиятнинг энг оғриқли нуқтаси – барбод бўлган оилалар хусусида сўз борар экан, бегуноҳ фарзандлар тақдири кишини беихтиёр ташвишга солади. Негаки, ота-онанинг ажралишидан мурғак қалб эгалари ҳаммадан кўпроқ азият чекади, кўнгли кемтик ҳолда улғаяди.Тан олиш жоиз, маънан етук бўлмаган шахс ҳаётда ўз ўрнини топиш, касб танлаш, ижтимоий ҳаётга мослашиш, тенгдошлари, кенг жамоатчилик билан мулоқотга киришиш борасида кўп қийинчиликларга дуч келади.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардикки, дилбандининг бахтли ҳаёт кечиришини истаган соғлом фикрли ҳар бир ота-она юзага келган келишмовчиликни оғир-вазминлик ва чуқур мушоҳада билан ҳал этиши, турмуш қийинчиликларини енгиб ўтиши, оила аъзоларининг бахтли турмуш кечиришларини таъминлаши шарт ва зарур. Кези келганда шуни ҳам айтиш ўринлики, оилавий ажралишларнинг салбий оқибатлари нафақат собиқ эр-хотинлар ҳаётида, балки уларнинг меҳнат фаолиятида, жамият ва давлат миқёсида ҳам муайян бўшлиқни юзага келтиради.

Статистик таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, оиласи парокандаликка юз тутган шахсларнинг аксарияти носоғлом турмуш кечиришга одатланган. Табиийки, бу унинг саломатлиги, хулқ-атворига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Яна ҳам аниқроғи, ёлғиз яшаш оқибатида ичкиликни, тараллабедод ҳаёт кечиришни одат қилган шахслар кўпгина ҳолларда турли ҳуқуқбузарлик содир этишдан, жамиятда ўрнатилган ахлоқ-одоб қоидаларига риоя этмасликдан ўзини тия олмайди, ўзининг ҳатти-ҳаракатини назорат қилишни сусайтириб юборади. Қолаверса, фарзандидан алоҳида турмуш кечира бошлаган ота ёки она зиммасидаги масъулиятни ҳам секин-аста унутади. Натижада вояга етмаган болаларнинг моддий таъминоти учун алимент ундириш билан боғлиқ муаммо юзага келади. Бу ўз-ўзидан тегишли давлат органларининг иш юкламаси ортишига сабаб бўлади. Бундай кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш ва бартараф этиш учун оилаларнинг барбод бўлишига йўл қўймаслик, ажралишларнинг сабабларини аниқлаш ва низоларни тинч йўл билан ҳал этиш юзасидан муайян чора-тадбирларни амалга ошириш лозим.

Хулоса қилиб айтганда, оилани асраб-авайлаш, унинг мустаҳкамлигини таъминлаш, ажрашиш арафасидаги оилаларни яраштириш энг эзгу амаллардан ҳисобланади. Шундай экан, оилавий ажрашишларнинг олдини олиш, эр-хотинни ўзаро муросага келтириш борасида нафақат судлар, балки кенг жамоатчилик ҳам алоҳида жонбозлик кўрсатиши жамиятимиз ривожига муносиб улуш қўшиши шубҳасиздир.

Ражабгул Гулматова,

Сурхондарё вилояти Адлия бошқармаси Шўрчи туман ФҲДЁ бўлими мудираси