Комбайнлар ғалла ўрим-йиғимида

Деҳқончиликда танаффус бўлмайди. Чунки, деҳқон халқ ризқини яратувчи, элнинг тўкинлигини таъминловчи ҳамдир. Шу боис ғаллакорларимиз ҳам ҳозирги шароитда ўз меҳнати билан эл дардини енгиллатиш учун ҳаракат қилишмоқда. Ҳар бир давлатнинг иқтисодий салоҳияти, аҳолининг турмуш тарзи, дон ва дон маҳсулотлари билан таъминланиш даражасига боғлиқ. Ғалла дон экинлари асосан нон маҳсулотлари олиш учун экиб етиштирилади. Кундалик ҳаётимизни нонсиз тасаввур қилишимиз қийин. Буғдой дони инсоният томонидан очилган энг буюк ихтиро ҳисобланади.
Ғаллакорларимиз далаларда етиштирилган ғаллаларни нес-нобуд қилмай ўриб-йиғиб олиш, донларни қабул пунктларига етказиб беришдек масъулиятли ва шарафли ишни амалга ошираяпти. Туманимизда тузилган ўрим-йиғим отрядлари ғаллазорларда пишган ҳосилни комбайнларда ўриб-йиғиш ишларини ташкил этмоқда.
Азимов Достон бошлиқ «Эшбўриев Дамин Рустамович» фермер хўжалиги ғаллакорлари бу йил 21 гектар майдонда «Гром» ғалла навини экиб парваришлади. Агротехника ишларини яхши бажаришди. Ерларни чуқур ҳайдаб, ғаллага сифатли ишлов беришди. Ўз вақтида ўғитлаб, суғоришди. ғаллакорларнинг омилкорлик билан ишлаганлиги ва об-ҳавонинг қулай келганлиги учун далаларда ҳосил етиштиришди. Ҳозир фермер хўжалиги ғаллакорлари 80 тонна ғалла топшириш учун меҳнат қилмоқда. «CLAAS» ва «CASE» комбайнларини бошқараётган комбайнчилар Бахтиёр Дўстқобилов ва Фахриддин Холлиев ғаллаларни сифатли ўриб-йиғаяпти. Юк ташувчи транспортларга юклаб қабул пунктларига жўнатмоқда. Сомонлар техника воситасида пресланмоқда.
     Н. МУҲАММАДИЕВ