Жаранглайди сўнгги қўнғироқ!

Болалик ҳисларим уйғотган макон,
Мен ортга қайтолмай тонглари тиниқ.
Рад этгум келмоқда, чин дилдан ишон,
Чалинмай турақол, сўнгги қўнғироқ.
25 май куни туманимиз умумтаълим мактабларида «Сўнгги қўнғироқ» садолари жаранглади. Дилларга ўзгача шукуҳ, қалбларга олам-олам ҳаяжон солиб, эсда қоладиган ушбу тадбир битирувчи ёшлар қалбида бир умр ёдда қоладиган қилиб ўтказилди.
Умумтаълим мактабларида ташкил этилган байрам тадбирларида хавфсизлик ва осойишталикни таъминлаш мақсадида туман ҳокимлиги, Ички ишлар бўлими, халқ таълим бўлими билан ҳамкорликда зарурий чоралар кўрилди. Битирувчиларни қутлаш учун барча мактабларга туман ҳокимлиги, сектор раҳбарлари, туман Кенгаши депутатлари бириктирилди.
33-мактаб ҳамда 11-сонли Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаб интернатида ўтказилган “Сўнгги қўнғироқ” тадбирига туман ҳокими Р. Гаппаров иштирок этди. Мактабни битираётган ўғил-қизларга Президентимизнинг табригини ўқиб эшиттирди. Йил давомида фаол бўлган ўқувчиларнинг ота-оналарига ташаккурнома ва эсдалик совғаларини топширди. Ёшларга илк ҳаёт йўлига қадам қўйиши муносабати билан омад тилади. Келажакда ўз касбининг етук мутахассиси бўлишларига ишонч билдирди.
Ўқув йилида туманимиздаги умумтаълим мактабларининг 11-синфини 2985 нафар йигит-қиз битирмоқда. Шунингдек, 9-синфни 3893 нафар ўқувчи тамомламоқда. Бугунги кунда мактабгача таълим, олий ва ўрта махсус таълим тизимида муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда. «Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади» деган шиор асосида мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланди.
Сизларнинг ҳаётда ўз муносиб ўрнингизни топишингиз учун давлатимиз ва жамиятимиз бундан буён ҳам бор куч ва имкониятларини тўла сафарбар этади.
Халқимизнинг ана шундай юксак ишончига доимо муносиб бўлинг, азиз битирувчилар!

Райҳон МЕНГЗИЯЕВА