Ғолиблар муносиб тақдирланди

«Алпомиш» спорт мажмуасида футбол бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати кубоги учун финал ўйини ўтказилди. Бунга туман ҳокимлиги, Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги Қумқўрғон туман бўлими, Давлат хавфсизлик хизмати, жисмоний тарбия ва спорт мутахассислари қизғин тайёргарлик кўрганлиги мухлисларни қувонтирди.
Саралаш босқичларидан муваффаиқятли ўтган 1-сектордаги «Мустақиллик» ва 2-сектордаги «Янги қишлоқ» маҳаллалари жамоалари ғолиблик учун майдонга тушди. Муросасиз, ҳалол ўйнаган футболчилар асосий ватқда дуранг 0:0 ҳисобни кўрсатди. Шундан сўнг дарвозага 11 метрлик масофадан тўп тепиш белгиланди. Бунда 5:4 ҳисобида устун келган «Янги қишлоқ» жамоаси туман босқичининг ғолиби бўлди.
Футбол ўйини тантанали равишда тақдирлаш маросимига уланди. Туман ҳокими Р. Гаппаров ва Давлат хавфсизлик хизмати Қумқўрғон туман бўлими бошлиғи спортчиларни эришган ютуқлари билан чин қалбдан табриклади. Шахмат, мини футбол, футбол мусобақаларида фахрли ўринларни эгаллаган спортчиларга шахсий биринчилик ва жамоавий натижалар бўйича медаллар, кубоклар, дипломлар, қимматбаҳо совғаларни топширди. Шахмат спорт турида ногиронлиги бўлган спортчиларга эътибор қаратилиб эркаклар гуруҳида «Бўстон» маҳалласидан Файзулла Раҳмонов фахрли биринчи ўринни эгаллади. «Жийдали» маҳалласидан Паралимпия бўйича Ўзбекистон чемпиони Насиба Абдуллаева Давлат хавфсизлик хизмати кубогида ҳам ғолибликни қўлга киритди. Мини футбол ўйинларида «Шерози» маҳалласи футболчилари ғолиб чиқди. «Хўжамулки» маҳалласи футболчилари фахрли иккинчи ўринни, «Боғаро» маҳалласи жамоаси учинчи ўринни қўлга киритди. Футбол мусобақасида «Янги қишлоқ» жамоаси фахрли биринчи ўринни эгаллаб кубок соҳиби бўлди. «Мустақиллик» жамоаси фахрли иккинчи ўриндан, «Ўзбекистон беш йиллиги» жамоаси фахрли учинчи ўриндан жой олди. Улар мукофотларни олиб хурсанд бўлди.