Тўй – инсон ҳаётининг энг нурли кунлари.
Тўй – инсон орзулари рўёби куни.
Тўй – тинчлик, соғлик ва тўкин-сочинлик рамзидир.
Умр деган довонли йўлнинг 76 чўққисидан ҳаётимизга, хусусан, тўйларимизга назар ташлаб, фикрларимни қоғозга туширишга қарор қилдим. Ҳар бир халқнинг ўзига хос урф-одатлари ва ҳаёт тарзи бор. Шу жумладан, ўзбек халқининг ҳам дунёга кўз-кўз қиладиган ўз миллий анъаналари бор. Шулардан бири, албатта, ўзбегимнинг тўйларидир. Кейинги пайтларда Европадан баъзи бачкана кўчирмалар, тўқликка шўхлик, ортиқча исрофгарчилик ва ўз бойлигини кўз-кўз қилиш ҳолатлари кўплаб учраяптики, бу тарбия кўрган инсонларни ўйга толдиради. Мен салкам 50 йиллик педогогик тажрибага эга бўлиб,ҳµозир ҳам эл хизматидаман. Оқ-қоранинг, яхшилик ва ёмонликнинг фарқини биламан. Элнинг хизматида бўлиб, уларнинг хурсандчилигини кўраяпман. Авлодларга панд-насиҳат қилиб ҳаёти чароғон, бахтли яшашига ҳисса қўшаяпман.
Отамиз ўғил болаларнинг қўлини ҳалоллайдиган яъни хатна қиладиган уста бўлганлар. Ота касбини улуғлаб, муттасил элимизнинг тўйларида иштирок этиб келаяпман. Менга шундай саодат насиб этганки, хонадонимга мени сўроқлаб келган одам яхши кун остонасида турган бўлади. Мен ҳам ҳазиллашиб «одамларнинг иши менга йил бўйи тушсин» деяпман. Бу «элимизда йил бўйи тўй бўлсин» дегани.
Ўзбекистонда туғилганимизга шукрона айтаяпмиз. Элимизда бир нақл бор: «Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ» деган. Биз ўзимизнинг гўзал анъаналаримиз бўла туриб ғарб маданиятига ва унинг кераксиз унсурларига ружу қўймоқдамиз. Миллий маданиятимизга ёт либосларни кийиб, ортиқча харажат қилиш учраяпти. Шу ҳақда мақола ёзиб ёш авлодга тушунтирсам камчиликлар барҳам топади деб ўйлайман.
1. Келин либоси (фата). Биринчидан, бу аввало, гигиенага зиддир. Иккинчидан, бир марта кийиладиган бу Европача ҳашам учун бир рўзғорнинг бир ойлик харажатини тўлаймиз. Янаям бу либоснинг кўп тури очиқ-сочиқ, миллий менталитетимизга ёт нарсадир.
2. Қизлар базми. Бу ўз номи билан қизлар учун бир ўтириш, лекин бор эркак ўша ерда.
3. Келин-куёвни сайр қилдирадиган автокарвон. Ундаги сон-саноқсиз машина ортиқча. Аксарияти рулдаги ёш йигитларнинг ўзини кўрсатиши учун тезликни ошириши йўл транспорт ҳодисасига олиб келмоқда.
Дабдабабозликка берилиб инсоний тамойилларни йўқотмаслигимиз керак. Тўйларимиздаги бу иллатлар билан биз кексалар, ота-оналар курашмасак ким курашади. Фурсатдан фойдаланиб маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолларини ҳам фаол бўлишга чақирамиз. Ота-она савияси баланд, оилавий муҳит соғлом бўлса фарзандлар, албатта, қобил бўлади. Зеро, қуш уясида кўрганини қилади. Азиз тумандошлар, биргаликда тўйларимизни чиройли тадбирга, унда иштирок этган ёшларга гўзал тарбия берадиган жараёнга айлантирайлик.
Исматулла ХОЛИҚОВ,
«Ҳалаки» маҳалласи