Биз ҳаётбахш деб сифатлайдиган қуёш ҳам бебаµо нурларини доимо сочавермайди. Унинг ёруғ юзини баъзида булутлар тўсса, баъзан чанг-тўзон беркитиб қўяди.
Ёши улуғ инсонлар биладиларки, ҳаёт аталмиш неъмат ҳам бир текис равонликдан, ҳамиша баҳор онлардан иборат эмас. Бахт, шодлик дамлар эса гуё ширин туш кабидир. Нима бўлганда ҳам Аллоҳдан ўз бандалари кўнглини очилган гуллардек яшнатиб, қувончларга шерик этмоқчилигини сўраймиз.
Гапимизни узоқдан бошлаганлигимизнинг боиси шундаки, бундан 50 йил муқаддам тумандаги 7-умумий ўрта таълим мактабини тамомлаб, учирма бўлган 10 «Б» синф ўқувчилари юбилейда учрашдилар. Собиқ синфдошлар баҳор таровати уфуриб турган чоғларда дийдорлашиб, бир пиёла чой устида қизғин суҳбатлашдилар. Ортга қайтмас ўқувчилик онларига шукроналар айтишди. Фоний дунёдан дорилбақога риҳлат қилган синфдошлар руҳларига дуои-фотиҳа ўқишди. Қизиғи шундаки, узоқ юртларга келин бўлиб кетган синфдошларнинг айримлари бир-бирини танимай ҳам қолишди. Шу боис умр бир марта берилишини, қайтмаслигини тушунган синфдошлар тўй ва яхши кунларда тез-тез учрашиб туришга аҳд қилишди.
Даврани 10 «Б» синфнинг собиқ сафбоши, журналист Эшқувват Шайдуллаев олиб борди. Ҳаммамиз бу учрашув онларидан мамнун ҳолда тўлқинланиб гапирдик. Кимдир моҳир боғбон, тадбиркор, ўқитувчи, журналист бўлиб меҳнат қилди. Биз дўстим Эшқувват билан нафақат синфдош, партадош ҳам эдик. У математикадан яхши ўқирди. Баъзан мисол, масала ечишда қийналсам, у «ўзинг ўқиб бил» деб кўчиртирмасди. Бу ҳам менинг фанларни ўқиб, ўзлаштиришимга сабаб бўлган бўлса ажаб эмас. Синфдошимиз Бойқобил Шодиев Низомий номидаги Тошкент педагогика институтининг Математика факультетида ўқиб, кўп йиллар 7-мактабда ўқувчиларга дарс ўтди. Эшпўлат Шойимов Тошкент Автомобиль йўллари институтида ўқиб, қатор йиллар тумандаги 1-автокалоннада муҳандис лавозимида ишлади. Синфдошлардан яна бири Исмоил Шерманов аввалига уста-сандиқчи эди. Кейинчалик савдо соҳасида ишлаб, барака топаяпти. Орамизда ҳожи оналар борлиги ҳам қувонарлидир. Хўжақулова Тожихол ва Омонова Майрамлар муқаддас ҳаж сафарини адо этганлар. Дийдорга ташна собиқ синфдошларнинг ҳар бири бир олам, қадрлидир. Улар ҳақида ёзаверсам газета саҳифаларига ҳам сиғмайди.
Ҳаёт ташвишларидан саноқли соатларга бўлса-да йироқлашиб, сўлим боғ оғушидаги Сурхон соҳилидаги «Кока-кола» ошхонасида дийдорлашишга келган бу синфдошлар дили осмонларни тўлдириб учаётган оппоқ кабутарлардек қувончга лиммо-лим эди. Ҳамма ўзи ҳақида, оиласи, неваралари, яхшиликлар ҳақида гапиришдан тинмасди. Собиқ синфдошларнинг худди мактаб қучоғида қандай яйраб-кулиб, шодланган бўлса шу каби суҳбатлашаётганлигини кўриб юрагим орзиқиб кетди. Қани эди… Ўша тарихда қолган 1972 йилнинг 5 дақиқаси қайтса… Шу бетакрор онлар ҳаққи қўлимга қалам олиб, дилдаги ҳаяжонли лаҳзаларни қоғозга туширдим.
Дийдорлашди синфдош дўстлар
СИНФДОШЛАРГА
Ҳар бирингиз гґё нурли офтобсиз,
Сўзларингиз кўп маъноли китобсиз,
Барчангиз ҳам дур-гавµарда ноёбсиз,
Ёшликни унутмайлик, синфдошлар!
Доим ёруғ эди синфхонамиз,
Ҳар ўғил-қиз орзу оғушимдамиз,
Баъзида-чи, айтишиб ҳам қоламиз,
Ёшликни унутмайлик, синфдошлар!
Эллик йилда эл янгиланиб олади,
Юраверсак йўллар ортда қолади,
Қайтмас давр бир бор эсга келади,
Ёшликни унутмайлик, синфдошлар!
Хотира дафтари юраклардадир,
Дийдорда орзу ҳамда тилакларда,
Ширин лаҳзалар шу чоғлардадир,
Ёшликни эслайлик, синфдошлар!
Кўкламда тошади дарёлар, сойлар,
Ой, йиллар ўтиб от бўлар тойлар.
Ҳеч эсдан чиқмас қадрдон жойлар,
Мактабни зиёрат қилайлик дўстлар!
Шу манзил бизларга илм – нур берган,
Ҳар кимга имконича нуқра – зар берган,
Ҳаёт дарсин олиб, Каъба сари юрган
Болаликни эслаб турайлик дўстлар!
Ўрол АБРАЕВ,
Янгиер маҳалласи